Logo

Ҳар йили ёш тиббиёт ходимига ипотека кредитининг бир қисми тўлаб берилади

Bugun 17:093 daqiqa

Шифокор ва ҳамширанинг ойлиги KPIга боғланиб, бунда аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражаси асосий мезон қилиб олинади. Олис ҳудудларда ишлайдиган барча шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси оширилади. Бундай ҳудудга ишга кирган шифокорга бир марталик рағбат пули ҳам берилади.

Ҳар йили ёш тиббиёт ходимига ипотека кредитининг бир қисми тўлаб берилади © Foto: SSV

Ўзбекистонда ҳар йили 500 нафар ёш тиббиёт ходимининг ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27-октябр куни Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда маълум қилди.

Айтилишича, тизимда камида 15 йил ишлаган ходимларнинг ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм ажратилган. Шу имконият орқали келаси йил 1 минг нафар тиббиёт ходими янги уйга кўчиб ўтади. 2027-йилдан олис ҳудудларда ишлайдиган барча шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси 2 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга оширилади. Бундай ҳудудга ишга кирган шифокорга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули ҳам берилади.

Хорижий клиникаларда тажриба тўплаган ватандош шифокорлар Ўзбекистон шифохоналарига жалб этилади. Бундай мутахассисларнинг ойлик иш ҳақига 50 миллион сўмгача устама тўланади. Иш жойлари замонавий ускуналар билан жиҳозланади. Уларга атрофида кучли жамоа шакллантириш, бирга ишлайдиган шифокор, ассистент ва ҳамшираларни мустақил танлаш имконияти берилади. Нуфузли конференцияларда қатнашиш ва хориждаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиш харажатлари қопланади. Бу ишлар 26 та ихтисослашган марказдан бошланади. Ҳар бир марказ директори келаси йили 5-10 нафардан ватандош шифокорни жалб этишга масъул бўлади.

Шифокор ва ҳамширанинг ойлиги KPI’га боғланади

Келаси йилдан 26 та ихтисослашган марказ директори билан бир йиллик контракт асосида ишлашга ўтилади. Ҳар бир директоr соҳага янгилик киритиш, қуйи бўғин ходимлари малакасини ошириш ва илмни амалиётга жорий қилиш бўйича аниқ мажбурият олади.

Нуфузли хорижий университет клиникаларидан мутахассислар жалб қилиниб, марказлардаги камчиликлар кўрсатилади ва директорларнинг вазифалари аниқ белгиланади. Директорлар йил якунида жамоатчилик олдида ҳисобот беради. Иш натижасига қараб контракт узайтирилади.

Президент республика, вилоят ва тумандаги ҳар бир шифохона ҳамдa поликлиника фаолиятига аҳолининг ўзи баҳо берадиган механизмларни келаси йилдан жорий этиш вазифасини қўйди. Ҳар бир шифокор ва ҳамширанинг ойлиги KPIга боғланиши, бунда аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражаси асосий мезон бўлиши қайд этилди.

100 миллион сўмлик мукофот

Президент келгуси йилдан кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология каби йўналишларда ўнта сунъий интеллект тизими ишга туширилишини маълум қилди.

«Беморни масофадан кузатиш, нутқ орқали касалликни аниқлаш ва дори-дармон хавфсизлигини назорат қилиш бўйича янги ечимлар жорий этилади», — деди давлат раҳбари.

Бу ечимлар тиббиётда сунъий интеллектдан фойдаланиш кўламини кенгайтиради. Шифокорлар ишида янги технологияларни қўллашга эътибор кучайтирилади. Ҳар бир вилоятда «Энг яхши АТ оператори» ва «Рақамли тиббиётнинг энг яхши шифокори» танловлари ўтказилади. Ғолиблар 100 миллион сўмдан мукофот олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бирламчи бўғин ва туманлардаги тиббиёт ходимларининг малака ошириш харажатларини давлат тўлаб бериши, соҳада таҳсил олаётган талабаларга 3 миллион сўм стипендия тўланиши ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid