Logo

Ҳайдовчи аёвсиз калтакланди, тадбиркорликда янги давр бошланди, Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилди, ширинлик еган ўзбекистонлик келин вафот этди — ҳафта дайжести

Bugun 20:516 daqiqa

Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.

Такси ҳайдовчиси калтакланди

Ортда қолган ҳафтада тармоқларда катта резонансга сабаб бўлган мавзулардан бири пойтахтда ҳайдовчи ва 2 боласи билан унинг машинасига чиққан аёл ўртасидаги тортишув бўлди.

Гап шундаки, 17-август куни ҳайдовчи йўловчи аёлни болалари билан манзилига элтиб қўяётган эди. Шу пайт улар ўртасида  оғзаки тортишув келиб чиққан. Бироқ, вазият тезда жиддийлашиб, аёл ҳайдовчи йигитнинг «таъзирини бериш» учун ўзининг таниқли инстаблогер укасини воқеа жойига чақирган.

Етиб келган инстаблогер ва унинг таниши ҳайдовчини уриб, ҳақоратлаган. Оғир тан жароҳатлари олган ҳайдовчи йигит шифохонага ётқизилган. Унинг боши, кўкраги ва қорнида турли жароҳатлар аниқланган.

Инстаблогерлар дастлаб ҳайдовчини шилқимликда айблаб, унинг видеосини Instagram’га қўйди. Унинг ортидан эса тармоқларда ҳайдовчи томонидан олинган видео тасвирлар ҳам пайдо бўлди. Ҳолат жиддийлашгач, блогер жамоатчиликдан ёрдам сўраб чиқди.

Ҳолат юзасидан икки блогерга Жиноят кодексининг безорилик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.Туҳмат қилишда айбланаётган аёлга ҳам жиноят иши очилди. Айни дамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тадбиркорликда янги давр бошланди

Текширувчилар учун «пойга майдони» ёпилди: энди банклар тадбиркор ортидан чопади, давлат эса уларга елкасини тутиб беради.

Ортда қолган ҳафтада президент Шавкат Мирзиёев Хоразмда 25 мингдан ортиқ тадбиркор билан очиқ гаплашди. Давлат раҳбари бизнес ва давлат муносабатларини «назорат қилиш»дан «ҳамкорлик» моделига ўтказиш бўйича қарорларни эълон қилди.

Масалан, кичик бизнесни асоссиз текширишларга 3 йиллик мораторий жорий этилди, барча молиявий жарималар миқдори 2 бараварга қисқартирилди ва гаров таъминоти бўйича енгилликлар берилди.

Қолаверса, бизнесга рақамли технологияларни жорий этиш учун «10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор» дастури йўлга қўйилиб, харажатларнинг 50 фоизи бюджетдан қопланиши айтилди. Кредит олиш жараёни рақамлаштирилиб, нолдан бошланаётган лойиҳалар учун гаровсиз молиялаштириш ҳамда тайёр бизнес-режалар тақдим этиладиган бўлди. 

Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилди

Энди бошқа кўплаб ривожланган мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам пулли йўл бор. 50 дақиқалик масофадаги йўлни 15 минутда босиб ўтиш мумкин.

Ўзбекистонда илк пулли магистрал йўл фойдаланишга топширилди: «Урганч – Хива» йўли орқали қатнов вақти уч баробарга қисқаради. Ўзбекистон раҳбари Хоразмга борганида мамлакатдаги биринчи пулли магистрал — 35 километрлик «Урганч – Хива» автомобил йўлини шахсан ўзи синовдан ўтказди. Янги тўрт тасмали йўл суткасига 30 мингдан ортиқ машинани ўтказа олади.

Бу йўлда тўловлар сунъий интеллектга асосланган тизим орқали автомобилни тўхтатмасдан онлайн ундирилади. Қонунчиликка кўра, пулли йўл қаторида ҳайдовчилар учун муқобил бепул йўл ҳам бўлиши керак.

Ўзбекистонлик 19 ёшли келиннинг фожиали ўлими

Бир дона ширинлик сабаб юзага келган оилавий низонинг аянчли ўлим билан тугаши мумкинлигига ким ҳам ишонарди? Ҳа, афсуски шундай бўлди.

Қўшни Қозоғистонда 19 ёшли Мадина исмли ўзбекистонлик аёл ширинлик ортидан келиб чиққан жанжалдан сўнг фожиали тарзда вафот этди. Ўлимидан бир кун аввал у дугонасига SMS ёзган.

Унда ёзилишича, эри Мадинани 8 ойлик боласига деб олинган ширинликдан атиги 1 дона егани учун шафқатсизларча калтаклаган ва қайнонасига гап қайтарганликда айблаб, уйдан ҳайдаган.

Мадина кетиш учун  дугонасидан пул сўраган, бироқ пул топилгунича алоқа узилиб, бироздан сўнг унинг ўлими ҳақида хабар келган.

Марҳуманинг онаси берган интервюсида қизининг ўз жонига қасд қилганига ишонмаслиги, унинг танасида кўкариш ва жароҳат излари бўлганини айтган. Яқинларига кўра, фожиадан сўнг куёвнинг оиласи ҳатто марҳуманинг шахсий буюмларини ҳам топширишдан бош тортган.

Ҳозирда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур ҳолат юзасидан ўз жонига қасд қилишга олиб бориш моддаси бўйича тергов олиб бормоқда, бироқ марҳуманинг яқинлари ва дугонаси ҳодисани қотиллик версияси мезонларида ҳам синчковлик билан текширишни талаб қилмоқда. 

Дизайн-код жорий этилишида хатоликлар тан олинди 

Кўплаб тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлган пойтахтдаги дизайн-код масаласи яна кўтарилди. Пойтахт ҳокимлиги 20-август – Тадбиркорлар кунида баёнот билан чиқиб, дизайн-код масаласида муайян хатоларга йўл қўйганини тан олди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Савдо-саноат палатаси ўтказган сўровнома натижаларига кўра, тадбиркорнинг кўпчилигига янги талаблар ва ҳужжатлаштириш тартиби ўз вақтида ҳамда етарлича тушунтирилмаган.

Ҳокимлик бу эътирозларни ўринли деб топиб, ўз ёндашувини ўзгартирди. Энди бир томонлама мажбурлаш ва маъмурий босим ўрнига, бизнес эгалари билан очиқ мулоқот қилиш, талабларни тушунарли етказиш ҳамда ҳар бир муаммоли масалани индивидуал ҳал этиш тизимига ўтилмоқда.

Ҳозирга қадар 509 та бино фасади янгиланган бўлса, яна 2,6 мингдан ортиқ тадбиркор бу борадаги ишларни якунламоқда. 

Сирожиддин Одилов ишида суд тергови қайта тикланди

Блогер Сирожиддин Одилов ишида кутилмаган бурилиш: такроран содир этилган товламачилик ва хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган фирибгарлик моддалари билан айбланаётган «Sirojiddin Media» номи билан танилган блогернинг суд тергови қайта тикланди.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида юритилаётган жиноят иши бўйича навбатдаги маҳкама бўлиб ўтди. Мажлисда раислик қилувчи судя Санжар Расулов иш доирасида ҳали далилларга етарлича баҳо берилмагани ҳамда текширилиши зарур бўлган янги ҳолатлар борлигини инобатга олиб, суд терговини қайта тиклаш ҳақида ажрим чиқарди. Шу сабабли кўпчилик кутган якуний ҳукм эълон қилиниши кечиктирилди ва навбатдаги мажлис 24-август кунига белгиланди.

Олдинги маҳкамада давлат айбловчиси Одиловни 6 йилга қамашни сўраган эди. Ҳуқуқ фаоллари ҳамда адвокатлар блогернинг соғлиғи оғирлашгани ва қарамоғида вояга етмаган 4 боласи борлигини билдириб, қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўрашган бўлса-да, суд бу илтимосномани рад этганди. Иш бўйича якуний ҳукм қачон чиқиши навбатдаги тергов ҳаракатларидан сўнг маълум бўлади.

«Реал Санжик» иши: ҳимоя оқловни, прокурор ҳукмни ўзгартирмасликни сўради

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида автоблогер ва тадбиркор Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича апелляция инстансиясида тарафлар музокараси якунланди.

Маҳкамада сўз олган адвокатлар Жиноят кодексининг 112 ва 168-моддалари бўйича Каримовни мутлақо айбсиз деб топиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 273-модда бўйича эса тинтув ва тергов жараёнида жиддий процессуал қонунбузарликларга йўл қўйилганини таъкидлаб, қилмишни енгилроқ 276-моддага қайта квалификация қилиш ва тайинланган жазони ўзгартиришни сўрашди.

Давлат айбловчиси эса ҳимоя позициясига эътироз билдириб, биринчи инстансия суди томонидан қўйилган айбловлар жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда экспертиза хулосалари билан тўлиқ тасдиқланганини таъкидлади. Прокурор чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришни, фақат унинг тавсиф қисмида моддаларнинг тури ва миқдорига аниқлик киритиб қўйишни сўради.

Музокарада уй билан боғлиқ воқеа бўйича жабрланувчи Олимбоева уй ўзларига қайтарилганини айтиб, Каримовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирди ҳамда суддан уни кечиришни ва ўз оиласи бағрига қайтиши учун енгиллик беришни сўради. Санжар Каримовнинг ўзи эса уйни ўз хоҳиши билан қайтаргани, бу битимда ўзини шунчаки кредитор деб билганини айтиб, айбсизлигини урғулади. Суд унга ёзма нутқини тақдим этиш учун муддат берди. Кейинги мажлисда судланувчига сўнгги сўз берилиши кутилмоқда.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 67

Barchasi

Mavzuga oid