Logo

Ҳиндистонда етиштириб келтириладиган гўшт, ҳеч ким бўйнига олмаган йўл ўпирилиши ва 40 млрд сўмга ижарага берилган меҳмонхона — 3 сентябр дайжести

Kecha 23:002 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ҳиндистонда етиштириб келтириладиган гўшт, ҳеч ким бўйнига олмаган йўл ўпирилиши ва 40 млрд сўмга ижарага берилган меҳмонхона — 3 сентябр дайжести

Ўзбекистон гўштни Ҳиндистоннинг ўзида ишлаб чиқариб, импорт қилмоқчи

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг маълум қилишича, мамлакат Ҳиндистонда гўшт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, уни ички бозорга импорт қилишни режалаштирмоқда.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларга кўра, нисбатан арзон гўштни олиб келиш мақсадида қўшма корхоналар ташкил этилган бўлиб, йирик ҳалол маҳсулот экспортчиси ҳисобланган «Allana Group» компанияси билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Тошкентда автомобиллар оқими бир кунда 30 фоизга ошди

2 сентябр — янги ўқув йилининг биринчи кунида Тошкент кўчаларида транспорт оқими одатий иш кунига нисбатан 30 фоизга ошди. Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказининг маълум қилишича, автомобил юкламаси кескин кўпайганига қарамай, пойтахтда умумий тирбандлик даражаси 6 баллдан ошмаган. Бундай натижага транспорт оқимини доимий кузатиш, Вазиятлар маркази орқали асосий чорраҳаларни назорат қилиш ва светофорларни тезкор қайта созлаш орқали эришилган.

Мутахассислар реал вақт режимида йўл ҳолатини таҳлил қилиб, зарур ҳолларда светофорнинг яшил чироғини узайтириш ва тирбандликларнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда.

«SQB Tower»даги меҳмонхона йилига 40 млрд сўмга ижарага олинди


Tashkent City ҳудудида жойлашган Саноатқурилишбанк биносининг («SQB Tower») 24–27-қаватларидаги меҳмонхона ва B2-қаватдаги кир ювиш хонаси «E-auksion» савдолари орқали 5 йил муддатга ижарага берилди.

Савдоларда «QBIC-Payments» МЧЖ ғолиб бўлиб, 7 минг квадрат метрдан ортиқ майдон учун йиллик ижара ҳақини бошланғич 12,1 млрд сўмдан қарийб 3,3 бараварга оширган ҳолда 39,8 млрд сўм таклиф қилди.

Президент йил якунигача 230 минг оилани камбағалликдан чиқаришни топширди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябр куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда вилоят ва туман ҳокимларига йил якунига қадар 230 минг оилани камбағалликдан чиқариш, шунингдек, сентябр-декабр ойларида 350 минг кишини доимий иш билан таъминлаш ҳамда яна 1 миллион аҳолининг даромадини кўпайтириш мажбурияти юклатилди.

Тошкентда фавқулодда вазият юз берди

Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Глинка кўчасида 3 сентябр куни асфалт йўл ўпирилди. Тармоқларда тарқалган видеоларда ҳодиса оқибатида автомобилларга шикаст етгани ва йўл ишдан чиққанини кўриш мумкин. Пойтахт ҳокимлигининг маълум қилишича, воқеа натижасида бир киши енгил тан жароҳати олган ва унга ўз вақтида тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳам ўз муносабатини билдириб, авария уларнинг тармоқларига тегишли эмаслигини айтди. Хусусан, «Ҳудудгаз Пойтахт» ҳудуддан юқори босимли газ қувури ўтмаганини ва газ сизиб чиқиши аниқланмаганини таъкидлаган бўлса, Veolia Energy ҳамда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» ташкилотлари ҳам ҳодиса иссиқлик ва ичимлик суви тармоқлари билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.

Teglar

Mavzuga oid

Ҳиндистонда етиштириб келтириладиган гўшт, ҳеч ким бўйнига олмаган йўл ўпирилиши ва 40 млрд сўмга ижарага берилган меҳмонхона — 3 сентябр дайжести | Vaqt.uz