Logo

Иккита вилоятда пора олган мансабдорлар қўлга олинди

Bugun 09:291 daqiqa

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Иккита вилоятда пора олган мансабдорлар қўлга олинди © Videodan kadr

Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида Андижон ва Қашқадарё вилоятларида коррупсион ҳолатлар фош этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, «Андижон сув таъминоти» АЖнинг вилоят туманларидан биридаги филиали бошлиғи хизмат мавқеидан фойдаланиб, мансабдор танишлари орқали фуқаронинг янги қурилган уйига оқава сув тармоғи тортиш ва канализация насоси ўрнатиш учун рухсат олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 8,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида ушбу мансабдор сўралган маблағни учинчи шахс орқали қабул қилаётган вақтида ушланди.

Қашқадарёдаги ҳолат

Қашқадарё вилоятида эса ОИТСга қарши курашиш марказининг туманлардан биридаги ОИВ диагностика лабораторияси лаборанти фуқарога нисбатан тайинланган экспертиза хулосасини мансабдор танишлари орқали унинг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган.

У мазкур хизмат эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, лаборантдан 2,5 минг АҚШ долларини олган вақтида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг туман бўлими бошлиғи ҳам қўлга олинди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid