Logo

Ислом Каримов ҳайкали атрофидаги 37 гектарлик ҳудуд очиқ жамоат паркига айлантирилади

Kecha 23:002 daqiqa

Лойиҳа тафсилотларига кўра, паркда салқин сайр зоналари ва осойишта дам олиш масканлари ташкил этилади.

Ислом Каримов ҳайкали атрофидаги 37 гектарлик ҳудуд очиқ жамоат паркига айлантирилади © Saida Mirziyoyeva Telegram kanali

24 июл ойида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева пойтахтдаги истироҳат боғларини кўздан кечирганди. Хусусан, шаҳардаги боғлар ҳолати ўрганилиб, у ерларда аҳоли мунтазам дам олиши учун барча зарур шароитларни ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинган эди.

Бугун, 5 август куни пойтахтдаги Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ 37 гектар майдондаги парк ҳудудини комплекс ривожлантириш ва аҳоли учун қулай жамоат маконига айлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар бошланди.

Асосий вазифалар ва лойиҳанинг устувор йўналишлари сифатида парк ҳудудини замонавий шаҳарсозлик талабларига ва аҳоли эҳтиёжларига мослаштириш мақсадида қуйидаги йўналишлар бўйича ишлар амалга оширилмоқда:

— Очиқлик ва қулайлик;
— Экология ва яшил ҳудуд;
— Замонавий инфраструктура.

Расмий хабарга кўра, ушбу ташаббуслар пойтахтдаги экологик вазиятни янада яхшилаш, аҳоли учун қулай шароит тақдим этиш, марказий кўчалар ва уларга туташ ҳудудларда яшил майдонлар ва боғларни кенгайтириш мақсадида бошланган кенг кўламли ишларнинг бир қисмидир.

Парк лойиҳаси

Лойиҳага кўра, паркка киришни чеклаб турган панжарали деворлар олиб ташланади, қулай кириш жойлари ташкил этилиб, ўзаро боғланган пиёдалар йўлаклари тармоғи барпо этилади.

Шунингдек, имконияти чекланган шахслар, кексалар, оилалар ва болалар аравачаси билан ҳаракатланувчилар учун тўсиқсиз муҳит яратилади. Ҳудудни ободонлаштириш жараёнида мавжуд дарахтлар ва яшил ҳудудларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Паркда салқин сайр зоналари ва осойишта дам олиш масканлари ташкил этилиб, замонавий ёритиш тизимлари, қулай навигация ҳамда ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминловчи воситалар ўрнатилади.

Teglar

Mavzuga oid