Исроил «Иброҳим келишувлари»га қўшилган Қозоғистонга визасиз режим ваъда қилди
Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида фуқаролари Исроил ҳудудига визасиз кира оладиган биринчи мамлакат бўлиши мумкин.

Қозоғистон ва Исроил ўртасида визасиз тизим жорий этилиши режалаштирилмоқда. Исроилнинг Қозоғистондаги элчиси Йоав Бистрицкий 15 сентябр куни Остонада журналистлар билан суҳбатда икки давлат ўртасида визасиз режим тартибини ўрнатиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди.
Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳужжат 2027 йилнинг бошларида имзоланиши кутилмоқда, бироқ аниқ сана ҳозирча номаълум.
Қайд этилишича, келишув Исроил ташқи ишлар вазирининг Қозоғистонга бўлажак ташрифи чоғида имзоланиши мумкин.
Бистрицкийнинг таъкидлашича, ушбу келишув амалга ошса, Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида фуқаролари Исроил ҳудудига визасиз кира оладиган биринчи мамлакат бўлади.
Визасиз режимга биринчи қадам йил бошида ташланган
Икки давлат ўртасида виза тартибини бекор қилиш бўйича расмий ҳаракатлар 2026 йилнинг январ ойида бошланган эди.
Хусусан, 27 январ куни Остона шаҳрида Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаев ҳамда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Эътиборли жиҳати шундаки, бу Гидеон Саарнинг Остонага илк ташрифи бўлибгина қолмай, сўнгги 16 йил ичида Исроил ташқи ишлар вазирининг Қозоғистонга қилган биринчи расмий ташрифи ҳисобланади.
Музокаралар якунига кўра, икки ҳукумат ўртасида миллий паспорт эгалари учун визасиз режим жорий этиш тўғрисидаги битимни имзолаш нияти тасдиқланиб, махсус меморандум қабул қилинди. Мазкур ҳужжат, аввало, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туризмни ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, январ ойида имзоланган меморандумнинг ўзи тўғридан-тўғри визасиз режимни жорий этмайди. У фақатгина ҳукуматларнинг келгусида шундай битим тузишга тайёр эканини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлади, холос. Айни пайтда эса томонлар тўлақонли ҳукуматлараро келишув матнини тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.
Виза тартибининг бекор қилинишига доир ушбу масала икки давлат ўртасидаги кенг қамровли яқинлашув жараёнининг мантиқий давомидир. Зеро, 2026 йилнинг январ ойида бўлиб ўтган музокараларда нафақат виза, балки савдо, инвестиция, туризм, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва технологиялар каби қатор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинган эди.
Қозоғистон-Исроил муносабатлари
Қозоғистон ва Исроил ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 апрелда ўрнатилган. Исроилнинг Қозоғистондаги элчихонаси 1992 йилнинг август ойида очилган бўлса, Қозоғистон 1996 йилнинг май ойида Исроилда ўз элчихонасини очган.
Ўтган йиллар давомида икки мамлакат ҳукуматлари олий даражадаги ташрифларни мунтазам амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 1995 ва 2000 йилларда Исроилга расмий ташриф билан борган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху эса 2016 йилнинг декабр ойида Қозоғистонда меҳмон бўлган.
2026 йилга келиб эса икки томонлама муносабатларда янги тарихий қадам ташланди. Исроил президенти Исаак Герцог 27 апрел куни расмий ташриф билан Остонага келиб, Қосим-Жўмарт Тўқаев билан учрашди. Музокаралар чоғида томонлар мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
«Мен дўстим президент Тўқаевнинг таклифига биноан Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига расмий ташриф билан келдим. Қозоғистон — жаҳон даражасидаги мамлакат бўлиб, унинг бетакрор табиат манзаралари, маданияти ва гўзаллиги мени доим ҳайратга солиб келган», — деган эди Герцог.
Ташриф чоғида Исаак Герцог Қозоғистон раҳбарининг мамлакатни «Иброҳим келишувлари»га қўшиш бўйича қарорини алоҳида олқишлади.
Қозоғистон «Иброҳим келишувлари»га қўшилган
Икки томонлама муносабатлар тарихидаги яна бир воқеа 2025 йилнинг ноябр ойида юз берди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 2025 йилда мамлакатнинг «Иброҳим келишувлари»га расман қўшилганини эълон қилди. Расмий Остона мазкур қарорни мамлакатнинг ташқи сиёсат йўналишига тўла мос тушувчи қадам сифатида баҳолаб, Яқин Шарқ можаросини халқаро ҳуқуқ меъёрлари, БМТ резолюциялари ҳамда «икки давлат — икки халқ» тамойили асосида ҳал этиш позициясида қолишини билдирди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, «Иброҳим келишувлари»нинг асосий ҳужжатлари 2020 йил 15 сентябрда Вашингтонда имзоланган эди. Ўша куни Исроил ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида тинчлик ўрнатиш, дипломатик муносабатларни тиклаш ва нормаллаштириш тўғрисидаги битим, шунингдек, Исроил ҳамда Баҳрайн ўртасида тинчлик декларацияси қабул қилинган.
Кейинчалик мазкур жараён Марокаш ва Судан билан ҳам муносабатларни нормаллаштиришни ўз ичига олди.
АҚШ Давлат департаменти «Иброҳим келишувлари»ни Исроил ҳамда минтақадаги араб давлатлар ўртасида дипломатик алоқаларни ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббус сифатида эътироф этади.
Аввалроқ «Reuters» ахборот агентлиги Озарбойжон ва Ўзбекистон Қозоғистондан кейин Иброҳим келишувларига қўшилиши мумкин бўлган кейинги давлатлар бўлиши эҳтимоли ҳақида хабар тарқатган эди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Исроил ва араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни илиқлаштиришга кўмаклашадиган «Иброҳим келишувлари»га қўшилганидан сўнг, халқаро ҳамжамиятнинг эътибори мазкур жараённинг кенгайиш имкониятларига қаратилган. Хабарда битимга қўшилиш учун эҳтимолий номзодлар қаторида Ўзбекистон ва Озарбойжон кўриб чиқилгани айтилган.
Нашрга кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Қозоғистон келишувга қўшилишдан манфаатдор бўлган ягона давлат эмаслигини айтган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, гарчи халқаро майдонда бундай тахминлар ва эҳтимоллар муҳокама қилинган бўлса-да, Ўзбекистон ҳозирча мазкур келишувга қўшилгани йўқ.





