Logo

Исроил ўзбекистонликлар учун «кўринмас» меҳнат бозорига айланмоқдами?

Bugun 09:522 daqiqa

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари орасида Исроил кам тилга олинса-да, бу мамлакатда 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик, асосан қарияларга қараш соҳасида фаолият юритмоқда.

Исроил ўзбекистонликлар учун «кўринмас» меҳнат бозорига айланмоқдами? © unsplash.com

«The Diplomat» нашрининг ёзишича, Исроил одатда ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун асосий йўналишлар қаторида тилга олинмайди. Жамоатчилик муҳокамаларида асосий эътибор Россия, Туркия, Жанубий Корея ёки сўнгги йилларда Европа ва АҚШга қаратилади. Бироқ Исроил ҳам сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим меҳнат бозорларидан бирига айланиб бормоқда.

Бу жараённинг тарихий асослари ҳам мавжуд. Бухоро яҳудийлари асрлар давомида Марказий Осиёда, хусусан Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида яшаб келган. Совет Иттифоқи парчаланиши арафасида ва ундан кейин кўплаб Бухоро яҳудийлари Исроил, АҚШ ва бошқа давлатларга кўчиб кетган бўлса-да, уларнинг аксарияти Ўзбекистон билан маданий ва маънавий алоқаларини сақлаб қолган.

Миграция йўли

2022 йилда Ўзбекистон ва Исроил ўртасида ўзбекистонликларни Исроил меҳнат бозорида вақтинчалик иш билан таъминлаш бўйича келишув имзоланган. Бу эса икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси алоқаларини институционаллаштиришга хизмат қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Алоев маълумотларига кўра, 2023 йилда Исроилда 10,5 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси яшаган. Уларнинг катта қисми Самарқанд вилоятидан бўлиб, қарияларга қараш соҳасида меҳнат қилади.

2025 йил якунига келиб Исроилдаги хорижий ишчилар сони 227,5 минг нафарга етган. Шундан 62,9 минг нафари уй шароитида қарияларга қараш хизматида банд бўлган.

Қарияларга қараш соҳаси

Исроилдаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг 95 фоиздан ортиғи қарияларга қараш соҳасида ишлайди. Бу мамлакатни Ўзбекистон учун ихтисослашган меҳнат миграцияси йўналишига айлантирмоқда.

Исроилнинг расман банд бўлган парваришловчилар бозорида Ҳиндистон 39 фоиз улуш билан етакчилик қилади. Ундан кейин Филиппин 23 фоиз ва Ўзбекистон 20 фоиз улуш билан жойлашган.

Журналистнинг ёзишича, ўзбекистонлик мигрантларнинг катта қисми аёллар устунлик қиладиган парвариш секторида ишласа-да, мамлакат Ўзбекистон учун «аёллар миграцияси маркази» сифатида қаралмайди. Аксинча, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари кўпроқ уй хизмати ва сервис соҳаларидаги аёллар миграцияси билан боғланади.

Teglar

Mavzuga oid

Исроил ўзбекистонликлар учун «кўринмас» меҳнат бозорига айланмоқдами? | Vaqt.uz