Жанубий Корея собиқ президентига сўнгги ҳукм ўқилди

19.02.2026 | 12:352 daqiqa

Сеул суди собиқ президент Юн Сок Ёлни ноқонуний ҳарбий ҳолат орқали исёнга раҳбарлик қилганликда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Жанубий Корея собиқ президентига сўнгги ҳукм ўқилди

Жанубий Кореянинг Сеул марказий туман суди собиқ президент Юн Сок Ёлни 2024 йил декабрида ҳарбий ҳолат жорий этиш орқали исёнга раҳбарлик қилганликда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Суд қарори мамлакат сиёсий ҳаётида сўнгги йиллардаги энг кескин воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, Юн Сок Ёл парламент аъзоларининг унинг фармонига қарши овоз беришини тўсиш мақсадида Миллий ассамблея биноси атрофига қўшин ва полиция кучларини юборган. Шунингдек, парламент спикери ҳамда ҳукмрон ва мухолифат партиялари етакчиларини ҳибсга олишни ташкил этганликда айбланган.

Айблов хулосаси

Айблов хулосасида таъкидланишича, у собиқ мудофаа вазири Ким Ён Хён ва бошқа мансабдорлар билан тил бириктириб, мамлакатда уруш ёки фавқулодда вазият мавжуд бўлмаган шароитда ноқонуний равишда ҳарбий ҳолат эълон қилган. Махсус прокурорлар гуруҳи унга нисбатан ўлим жазосини талаб қилган, аммо мамлакатда 1997 йилдан бери бу жазо амалда қўлланилмайди.

Суд жараёнида 65 ёшли Юн айбловларни рад этиб, президентнинг фавқулодда ҳолат жорий этиш бўйича конституциявий ваколати исён деб баҳоланмаслиги кераклигини билдирди. У ўз ҳаракатларини давлат хавфсизлиги ва конституциявий тузумни ҳимоя қилишга қаратилган чора сифатида изоҳлади.

Ноқонуний ҳарбий ҳолат ташкил этишга алоқодор шахслар

Аввалроқ, 2025 йил январ ойида Юн ҳибсга олишга қаршилик кўрсатгани учун беш йилга қамалган эди. Шу ойда собиқ бош вазир Хан Док Су 23 йилга, февралда эса ички ишлар вазири Ли Сан Мин етти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Юн Сок Йолнинг рафиқаси Ким Кён Ҳини порахўрликда айбдор деб топиб, 1 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Суд қарорга кўра, у диний ташкилот билан алоқалар орқали таъсир ўтказиш эвазига қимматбаҳо совғалар олган.

2024 йил декабрда эълон қилинган ҳарбий ҳолат парламент қарори билан бекор қилинган, кейинчалик Жанубий Корея Конституциявий суди президент импичментини тасдиқлаган. 2025 йил июнда бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайловларда мухолифатдаги Демократик партия етакчиси Ли Чже Мён ғалаба қозонди.

Teglar

Mavzuga oid

Жанубий Корея собиқ президентига сўнгги ҳукм ўқилди | Vaqt.uz