
Кўп миқдорда психтороп моддалар сақлаган маҳалладошлар қўлга олинди
Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида яшовчи аёл ўз уйида Фарғона водийсидан олиб келинган катта миқдордаги психотроп моддаларни сақлаб келган.

Кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи моддалар сақлаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида истиқомат қилувчи, 1977 йил Навоий вилоятида туғилган аёл Ф.М. ўз яшаш манзилида ноқонуний равишда Фарғона водийсидан олиб келинган катта миқдордаги психотроп моддалар сақлаётгани тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор маълумотлар етиб келган.

Сўнгра фуқаро Ф.М. ва унинг жиноий алоқаларини қўлга олиш бўйича ДХХ Чегара қўшинлари, Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси ҳамда ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Холислар иштирокида унинг яшаш хонадонидан 3000 дона озиш учун мўлжалланган, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситалари ҳамда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1,1 млрд сўмлик ТМБ олинган.
Ф.М. билан ўтказилган дастлабки сўровда, у 1986 йил Наманган вилоятида туғилган маҳалладоши фуқаро Д.Х.нинг яшаш хонадонида ҳам катта миқдордаги психотроп моддалар борлиги ҳақида айтган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро Д.Х.нинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилган.
Натижада, 17060 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори-воситалари ҳамда 400 млн сўмлик 2973 дона тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган дори-дармонлар борлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳар икки фуқаронинг мазкур психотроп моддалар ва бошқа ТМБларни кимдан олганлиги, бунга алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда жиноят механизмини тўлиқ очиш юзасидан ҳамкорликдаги тадбирлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 3 килога яқин наркотик моддасини Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирганлар қўлга олинганлиги ҳақида хабар берилган эди.





