Logo

МБ асосий ставкаси: иқтисодчилар эртанги қарор ҳақида нима дейди?

17 июн куни Марказий банк асосий ставка бўйича қарор қабул қилади. VAQT.UZ иқтисодчиларнинг эртанги йиғилиш бўйича прогнозларини жамлади.

МБ асосий ставкаси: иқтисодчилар эртанги қарор ҳақида нима дейди?

Эртага Марказий банки асосий ставка бўйича навбатдаги қарорини эълон қилади. Охирги марта Бошқарув йиғилиши 29 апрел куни бўлиб ўтган ва унда асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилган эди.

Бу сафар қарор инфляциянинг секинлашиши, энергия тарифларининг навбатдаги оширилиши ва ташқи бозорлардаги ўзгаришлар фонида қабул қилинади. VAQT.UZ иқтисодчиларнинг эртанги йиғилиш бўйича прогнозларини жамлади.

«Эртанги йиғилишда асосий ставканинг пасайтирилиш эҳтимоли юқори» — Миркомил Холбоев

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, бу сафарги йиғилиш геосиёсий кескинликларнинг юмшаши фонида энергия нархларининг пасайиши ҳамда инфляциядан юқори базанинг чиқиб кетиши натижасида умумий инфляциянинг секинлашиши фонида кўриб чиқилади.

rasm

Унинг қайд этишича, май ойида ўтган йилги энергия тарифлари оширилиши билан боғлиқ юқори базанинг чиқиб кетиши натижасида йиллик инфляция 7 фоиздан 5,5 фоизгача пасайган. Бу эса асосий ставка ва умумий инфляция ўртасидаги ижобий фарқни 8,5 фоизгача етказган.

Шу билан бирга, базавий инфляция май ойида апрелдаги 5,6 фоиздан 5,7 фоизгача тезлашган. Апрель ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 10,6 фоизни ташкил этган бўлиб, март ойига нисбатан 0,4 фоиз бандга пасайган. Бироқ май ойида энергия нархларининг навбатдаги оширилиши ҳақидаги кутилмалар фонида бу кўрсаткич ёмонлашган бўлиши мумкин.

Иқтисодий фаоллик ҳам юқори даражада сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ўсиш 8,7 фоизни ташкил этди. Январь–апрель ойларида саноат ишлаб чиқариши 7,8 фоизга, қурилиш соҳаси 14,1 фоизга, чакана савдо хизматлари эса 22,9 фоизга ўсган. Бу эса иқтисодиётда талаб омиллари ҳануз кучлилигини кўрсатади.

Ташқи омилларга тўхталган иқтисодчи, АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликларнинг юмшаши ортидан нефть нархи бир ҳафта ичида 90 доллар атрофидан 79 долларгача тушганини қайд этди. Унинг фикрича, нефть нархининг пасайиши импорт товарлари нархига бўлган босимни ҳам камайтириши мумкин.

Шунингдек, Россия рублининг мустаҳкамланиши ҳам инфляцион босимларни юмшатишга хизмат қилмоқда. Бироқ пул ўтказмаларининг кўпайиши ички талабни рағбатлантириб, нархлар ўсишига таъсир қилиши мумкин.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти маълумотларига кўра, май ойида озиқ-овқат маҳсулотлари индекси 0,2 фоизга пасайган. Бу эса дунёда озиқ-овқат нархлари босими сусаяётганига ишора қилмоқда.

Холбоев таъкидлашича, ички омиллар орасида инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиши асосий ставкани тушириш учун замин яратмоқда. Бироқ июнь ойида энергия нархларининг навбатдаги оширилиши умумий инфляция ва кутилмаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, бу сафарги тарифлар ўсиши ўтган йилгига нисбатан пастроқ бўлиши кутилаётгани сабабли унинг умумий инфляцияга таъсири чекланган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ички иқтисодий фаоллик юқори даражада сақланиб қолмоқда, базавий инфляция эса май ойида тезлашган.

Ташқи омиллар эса инфляция учун нисбатан қулай шаклланмоқда. Яъни геосиёсий кескинликлар кучайиб кетмаса, яқин ойларда ташқи омилларнинг инфляцияга таъсири юмшаши мумкин.

Холбоевнинг изоҳлашича, Марказий банк энергия тарифлари ошишининг иккиламчи таъсирини кузатиш учун ставкани ўзгаришсиз қолдириши ҳам мумкин. Шунга қарамай, мавжуд омилларни ҳисобга олганда, эртанги йиғилишда асосий ставкани пасайтириш эҳтимоли юқори.

«Энерготоварлар тарифлари ошишининг оқибатлари энди кўрина бошлайди» — Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириши ёки ҳеч бўлмаганда кейинги йиғилишларда пасайтириш эҳтимоли юқорилигига ишора бериши мумкин. Шу билан бирга, у бу сафар ставка пасайтирилиши эҳтимоли ҳам ошганини қайд этади.

«Тан олиш керак, шу йиғилишнинг ўзида ставка пасайтирилиши эҳтимоли ошган», — дейди Бакиров.

Бироқ иқтисодчи эҳтиёткорлик учун асослар етарли эканини таъкидлайди. Унинг қайд этишича, июнь ойидан энергия товарлари ва хизматлари тарифлари кескин оширилган бўлиб, уларнинг инфляцияга иккиламчи таъсири ҳали тўлиқ намоён бўлгани йўқ.

«Биринчидан, июндан тарифлари кескин оширилган энерготоварлар ва хизматларнинг иккиламчи таъсири бўйича оқибатлар энди кўринади. Кутиш ва кузатишга зарурият бор», — дея таъкидлайди у.

Бакировнинг фикрича, ташқи ноаниқликлар омили ҳамон жиддийлигича қолмоқда. Гарчи АҚШ ва Эрон ўртасида урушни тўхтатиш бўйича келишув эълон қилинган бўлса-да, унинг амалда қандай бажарилиши номаълумлигича қолмоқда. Шунингдек, Украина уруши бўйича ҳам вазият юмшашига оид аниқ сигналлар кузатилмаяпти.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг энергетика маҳсулотлари импорти бўйича манбалари ва каналлари етарли даражада диверсификация қилинмаяпти, маҳаллий ишлаб чиқариш эса қисқаришда давом этмоқда. Шу сабабли инфляцияга нафақат тартибга солинадиган энергия тарифлари ошиши, балки тақчиллик ва таъминотдаги узилишлар ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Иқтисодчи яна бир муҳим омилга эътибор қаратади. Унинг қайд этишича, асосий ставка пасайтирилмаган бўлса ҳам кредит ва депозит бозорларида фоиз ставкалари пасайишни бошлаган.

«Иқтисодий ўсиш фаоллиги ва ялпи талаб суръати юқорилигида мазкур жараёнга ҳозирча қўшимча таъсир этмай турган маъқул деб ўйлайман», — дейди Бакиров.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, асосий ставканинг пасайтирилиши имтиёзли ва маъмурий кредитлар босимининг янада ортишига олиб келиши мумкин.

«Тушириш сиёсатини бугунги иқтисодий ҳолатда асло қўллаш керак эмас» — Барногул Саноқулова

Иқтисодчи Барногул Саноқулованинг фикрича, халқаро геосиёсий майдондаги вазиятнинг нисбатан юмшагани ва бунинг энергия ресурслари нархларига тез таъсир қилгани, шунингдек, миллий иқтисодиётда иқтисодий фаоллик сақланиб қолаётгани фонида асосий ставканинг йиллик 14 фоиз даражасида қолдирилиши эҳтимоли юқори.

Унинг таъкидлашича, базавий инфляциянинг барқарорлиги ҳамда энергия тарифлари ошишининг иккиламчи таъсирлари ҳам Марказий банкни эҳтиёткор қарор қабул қилишга ундаши мумкин.

«Ҳозирги макроиқтисодий стратегик вазиятда ставкани ўзгартирмаслик позицияси оптимал тактик қарор деб ўйлайман», — дейди Саноқулова.

Иқтисодчи қайд этишича, асосий ставканинг оширилиши инфляцияни жиловлаш, сўм курси ва омонатлар жозибадорлигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши mumkin. Бироқ бу кредитларнинг қимматлашишига олиб келиб, бизнес фаоллигини секинлаштириши ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли мавжуд.

Шу билан бирга, иқтисодчи ставкани пасайтириш тарафдори эмаслигини ҳам билдиради.

«Тушириш сиёсатини эса асло қўллаш керак эмас бугунги иқтисодий ҳолатда, сабаби муомаладаги пул массасининг кўпайиши ва қадрсизланиш ошишига, бозордаги нарх-наволарнинг кўтарилишига имкон яратилиши рискли юриш сифатида баҳолаган бўлар эдим», — дейди Барногул Саноқулова.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда энг мақбул йўл нейтрал ва қатъий позицияни танлаб, асосий ставкани ўзгартирмасликдир. Бу бир томондан иқтисодиётни ортиқча «совитиб» юбормасликка, иккинчи томондан эса нархлар барқарорлигини сақлаб қолишга хизмат қилади.

«Ҳозирча асосий ставкани тушириб бўлмайди» — Тўлқин Бобоқулов

Иқтисодчи Тўлқин Бобоқуловнинг фикрича, узоқ муддатли истиқболда асосий ставкани босқичма-босқич пасайтириб бориш мақсадга мувофиқ. Бироқ ҳозирги шароитда бунга ҳали асос етарли эмас.

«Аслида асосий ставка туширилиб борилиши керак. Лекин ҳозир тушириб бўлмайди», — дейди Бобоқулов.

Унинг таъкидлашича, бунга асосий сабаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши хавфи сақланиб турибди. Шунингдек, иқтисодчи ёқилғи импорти ҳажми ортиб бораётганига ҳам эътибор қаратади. Унинг фикрича, бу омил ҳам нархлар динамикасига таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, миллий валютадаги пул массаси ўсиш суръатларининг юқорилиги ҳам пул-кредит сиёсатини юмшатиш учун етарли имконият бермаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтказилган тадқиқотда экспертлар келаси йилда асосий ставка 13 фоиз атрофида шаклланиши мумкинлигини билдирган эди.


Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 151

Barchasi

Mavzuga oid