Наманганда қалбаки доллар савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
Уч нафар шахс 100 минг долларлик қалбаки купюраларни ҳақиқий валютага сотишга уринган.

Наманган вилоятида қалбаки АҚШ долларларини муомалага киритишга уринган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Янгиқўрғон туманида яшовчи 1992 ва 1995 йилларда туғилган фуқаролар ҳамда Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи 1980 йилда туғилган шахс қалбаки 100 долларлик купюралардан иборат жами 100 минг доллар маблағни ҳақиқий 40 минг долларга сотишни режалаштирган.
ДХХнинг Тошкент ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчилар қалбаки 80 минг долларни ҳақиқий 40 минг долларга сотаётган вақтида ушланган.
Терговга қадар текширув жараёнида сохта валюталар хорижда тайёрланиб, мамлакатга айланма йўллар орқали олиб кирилгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ва Навоий вилоятларида ҳам бир гуруҳ шахслар 100 АҚШ доллари купюрадаги қалбаки 120 минг долларни муомалага чиқаришга ҳаракат қилганлиги ҳақида хабар берилганди.





