Норвегия болалар учун ижтимоий тармоқларга ёш чеклови жорий қилади

Норвегия ҳукумати 2026 йилгача болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига ёш чеклови жорий қилиш бўйича қонун лойиҳасини парламентга киритади.

Норвегия болалар учун ижтимоий тармоқларга ёш чеклови жорий қилади © yahoo.com

Норвегия ҳукумати болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солиш мақсадида янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Ёнас Гар Стёре маълум қилди. Ҳукумат тарқатган расмий баёнотга кўра, қонун болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда аниқ ёш чекловини белгилашни назарда тутади.

Ташаббуснинг асосий мақсади

Бош вазирнинг таъкидлашича, мазкур ташаббуснинг асосий мақсади болалик даврини рақамли босимдан ҳимоя қилишдир. Унинг фикрича, болаларнинг ўйинлари, дўстлик муносабатлари ва кундалик ҳаёти алгоритмлар ва экранлар таъсирига ортиқча боғланиб қолмаслиги керак.

Режага кўра, ижтимоий тармоқларга қўйилган чеклов бола 16 ёшга тўладиган йилнинг 1 январидан бошлаб бекор қилинади. Шу тарзда бир хил ёш тоифасидаги ўқувчилар учун платформаларга кириш ҳуқуқи бир вақтда очилади. Амалда ёш чегараси 15 ёш этиб белгиланиши кутилмоқда.

Ёш чекловига риоя этилишини таъминлаш кимнинг зиммасида

Ҳукумат ёш чекловига риоя этилишини технологик компаниялар зиммасига юкламоқда. Карианне Тунгнинг айтишича, болаларнинг тақиқланган платформаларга кирмаслигини назорат қилиш масъулияти ота-оналар ёки болаларнинг ўзига юкланмаслиги керак.

Шунинг учун компаниялар фойдаланувчилар ёшини аниқлайдиган самарали текширув тизимларини жорий қилиши ва қонун талабларига қатъий амал қилиши шарт бўлади.

Европарламент чеклови

Европарламент 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий платформалар, видео алмашиш сайтлари ва сунъий интеллект ёрдамчиларига фақат ота-оналар розилиги билан киришини таклиф қилмоқда. 13 ёшдан кичикларга эса тўлиқ тақиқ жорий этиш таклиф қилинган. Бу уриниш аввалроқ Австралия, Дания ва Малайзияда 16 ёшгача бўлганларга қўлланилиши кутилаётган эди.

Ташаббус муаллифи — даниялик депутат Christel Schaldemose— парламентдаги муҳокама чоғида болаларнинг диққати америкалик ва хитойлик техногигантлар томонидан «назоратсиз эксперимент» айланиб қолганини таъкидлади.

«Ушбу «эксперимент» ортида X раҳбари Илон Маск, Meta раҳбари Марк Цукерберг, Хитой Коммунистик партияси ва уларнинг TikTok’даги технологиявий воситачилари турибди».

Дунёда ижтимоий тармоқларнинг болалар руҳиятига таъсири борасида хавотир ошиб бормоқда. TikTok, Snapchat, Google ва Meta каби компаниялар АҚШда ўсмирлар саломатлигига зарар етказгани учун айбланаётган суд ишларига дуч келган.

Teglar

Mavzuga oid