Logo

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигида Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовни ёдга олди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, атоқли давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президент Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёдга олди. Шунингдек, давлат раҳбари мамлакатнинг тарихий илдизлари, жадидлар мероси ва сўнгги йиллардаги ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигида Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовни ёдга олди © Foto: president.uz

Маросимда таъкидланишича, 1991 йилда халқнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан қўлга киритилган истиқлолнинг илдизлари уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналари ва қадимий цивилизация тарихига бориб тақалади.

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк алломалар башарият тафаккури хазинасини бойитгани, шунингдек, Амир Темур барпо этган давлат адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарихдан муносиб ўрин олгани қайд этилди.

Тарихий мерос ва инсон қадри

Тадбир давомида бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодлар ва жадидлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Ўтган 35 йил давомида мустақилликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларнинг фидокорона меҳнати ва жасорати эътироф этилди.

«Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда. Мустақиллик бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз ва унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, истиқлол туфайли Ўзбекистон халқи ўзлигини англаб, улуғ ота-боболарнинг муносиб ворислари эканини бутун дунёга намоён этган.

Президент мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлишини алоҳида таъкидлади. Маълум қилинишича, ислоҳотларнинг биринчи кунларидан халқнинг қалбига қулоқ солиш ва аҳолининг дардига дармон бўлиш асосий мақсад этиб белгиланган.

«Инсон қадри учун» ғояси давлат сиёсатининг марказига олиб чиқилиши натижасида йиллар давомида одамларни қийнаб келган «пахта қуллиги», мажбурий ва болалар меҳнати, конвертация чеклови ҳамда «прописка» каби муаммоларга барҳам берилгани эслатиб ўтилди.

«Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик», — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирди нашр.

Teglar

Mavzuga oid