Logo

Ўзбекистон ва Сербия янги қўшма лойиҳаларни амалга оширади

Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич Белградда савдо, инвестиция, саноат ва меҳнат миграцияси бўйича келишувларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Сербия янги қўшма лойиҳаларни амалга оширади © Foto: president.uz

Белградда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучичнинг учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев Сербия раҳбарига қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентининг Белградга илк ташрифи икки давлат муносабатларида янги босқични бошлаб беришини таъкидлади.

Учрашувда сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар алмашинувлар сўнгги йилларда фаоллашгани қайд этилди. Келгусида дипломатик ваколатхоналар очиш ва парламентлараро форум ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Савдо ва саноат тарқмоқлари

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг учун талаб юқори бўлган товарлар етказиб беришни кўпайтириш, Эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, стандартлаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш ва қўшма кўргазмалар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон келаси йили Белградда ўтказиладиган «EXPO-2027» халқаро кўргазмасида миллий павилён билан иштирок этади.

Транспорт ва логистика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ҳамда рақамли иқтисодиётда янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Автомобиль қисмлари, ускуналар, электр техника ва электроника ишлаб чиқаришда саноат кооперациясини кучайтириш учун салоҳият борлиги таъкидланди.

Шунингдек, 2026–2028-йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Миграция бўйича келишув


Ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Самарқанд вилояти ва Воеводина, шунингдек, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани қайд этилди.

Таълим, маданият, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди. Маданият кунлари, кино, театр ва мусиқа фестивалларини биргаликда ўтказиш, спорт федерациялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Тартибли меҳнат миграциясига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сербия томони бу йўналишда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирган. Ташриф доирасида Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битим қабул қилинди.

Президентлар минтақавий ва халқаро масалалар, шунингдек, кўп томонлама ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Эришилган келишувларни амалга ошириш учун кенг қамровли «йўл харитаси» қабул қилиниши белгиланди.

Маълумот учун, 2016–2025-йилларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 9 баробар ошиб, 1,4 млн доллардан 12 млн долларга етди. Шу даврда Ўзбекистон экспорти 3 баробар ўсиб, 0,9 млн доллар, импорт эса қарийб 10 баробар ошиб, 11,1 млн долларни ташкил этди.

2025-йилда Ўзбекистоннинг Сербияга экспортида озиқ-овқат маҳсулотлари 47,1 фоиз билан энг катта улушни эгаллади. Кейинги ўринларда саноат товарлари — 23,8 фоиз, кимё маҳсулотлари — 4,8 фоиз, ноозиқ-овқат хомашёси — 2,4 фоиз, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари — 1 фоиз бўлди. Хизматларнинг улуши 20,8 фоизни ташкил этди.

Сербиядан импортда эса асосий улуш машина ва транспорт ускуналари — 50 фоиз ҳисобига тўғри келди. Кимё маҳсулотлари 20,1 фоиз, саноат товарлари 16,8 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари 4,8 фоиз, турли тайёр маҳсулотлар 4,2 фоиз, ноозиқ-овқат хомашёси 1,5 фоиз, хизматлар эса 2,6 фоиз улушга эга бўлди.

2026-йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги 9 та корхона фаолият юритмоқда. 2016–2025-йилларда Сербиядан Ўзбекистонга жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми жами 2,2 млн долларни ташкил этган. 2024 йилда бу кўрсаткич 0,2 млн доллар бўлган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистон ва Сербия янги қўшма лойиҳаларни амалга оширади | Vaqt.uz