Ўзбекистонда илк бор майнинг фаолияти учун расмий рухсатнома берилди
2023 йил кузида ИЛМА крипто-активлар майнинги учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни қабул қилган эди.

Ўзбекистонда илк бор крипто-активлар майнинги учун рухсатнома берилди. Бу Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) томонидан юритиладиган майнинг фаолиятини амалга ошириш бўйича рухсатномалар электрон реестридаги маълумотлардан маълум бўлди, дея ёзмоқда Spot.
Қайд этилишича, 19 январ куни ИЛМА директорининг буйруғи билан «NexaGrid» хусусий компанияси Ўзбекистонда майнинг бўйича биринчи рухсатномани қўлга киритган. Майнинг амалга ошириладиган манзил сифатида Бухоро вилоятининг Ромитан тумани кўрсатилган.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, «NexaGrid» 2025 йилнинг апрел ойида рўйхатдан ўтган. Тошкент шаҳрида жойлашган, устав фонди 600 млн сўм бўлган ушбу компания «компютер ускуналарини бошқариш фаолият»" билан шуғулланади. Таъсисчилар Султонов Тоймурод Таваккалович (63 фоиз) (у шунингдек раҳбар сифатида қайд этилган) ва Рўзимуродов Маҳмуджон Ғафурович (37 фоиз) ҳисобланади.
Тоймурод Султонов LinkedIn ижтимоий тармоғида «NexaGrid» рухсатномани «қонуний ва шаффоф» олганини таъкидлади.
«Бу фақат биткоин ҳақида эмас. Бу сенгача ҳеч ким бўлмаган жойга боришга журъат қилиш ҳақида. Ойлаб давом этган ноаниқлик ҳақида. «Бу сенга нимага керак?» деган савол ҳақида. Ҳеч ким ишонмаган пайтдаги таваккал, босим ва сукунат ҳақида. «NexaGrid» ҳайпдан эмас — у келажак инфратузилмасини шу ерда, Марказий Осиёда қуриш ғоясидан туғилди. Одатда «ҳали эрта» дейиладиган жойда», - деб ёзди у.
«Spot»ning ёзишича, «LinkedIn» профилидаги маълумотларга кўра, 2017 йилдан 2024 йилгача Тоймурод Султонов давлат хизматида ишлаган. 2024 йил баҳоридан 2025 йил ёзигача у «Global Textile» компаниясида маркетинг таҳлилчиси лавозимида фаолият юритган. Ўтган йилнинг апрел ойидан бери «NexaGrid» бош ижрочи директори (CEO), шунингдек, Central Asian University маърузачиси ҳисобланади.
Майнинг
«Spot»нинг эслатишича, 2023 йил кузида ИЛМА крипто-активлар майнинги учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни қабул қилган. Майнинг билан фақат юридик шахслар рухсатнома олгандан кейин ва рўйхатдан ўтиш пайтида кўрсатилган манзил бўйича шуғулланиши мумкин. Майнинг ускуналари учун алоҳида хона мавжудлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши ва техниканинг созлиги таъминланиши мажбурий шарт ҳисобланади.
Майнинг жараёнида майнерга тегишли бўлган қуёш фотоэлектр станцияси томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланилиши шарт. Умумий электр тармоғига уланган тақдирда алоҳида ҳисоблагич ўрнатилиши талаб этилади.
Яширин майнинг ёки аноним крипто-активларни қазиб олишга йўл қўйилмайди. Майнер ИЛМАга ўз фаолияти ҳақида маълумот, шунингдек, операциялар бўйича ҳисобот тақдим этиши шарт.
Рўйхатдан ўтиш учун агентликка компания ҳақидаги асосий маълумотлар, аризанинг мақсади кўрсатилган ариза ва қуйидагилар илова қилиниши керак:
• объектга ўрнатилган ФЭС ва унинг ишлаб чиқариш ҳажми ҳақида маълумот ёки электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома;
• майнинг ускуналари ва уларнинг энергия истеъмоли ҳақидаги ҳужжатлар;
• қазиб олиниши режалаштирилган крипто-активлар рўйхати ва крипто-ҳамёнлар манзиллари.
15 кун ичида ИЛМА эксперт комиссияси ариза бўйича хулоса тайёрлаши лозим, шу асосда агентлик беш кун ичида рухсатнома бериш ёки рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Рухсатноманинг ўзи бир кун ичида QR-кодли электрон маълумотнома шаклида расмийлаштирилади.
«Spot»нинг ёзишича, аризани кўриб чиқиш ва рухсатномани расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил этади.
Рад этиш учун фақат қуйидагилар асос бўлиши мумкин:
• ариза топширишда тўлиқ бўлмаган маълумотлар тақдим этилиши;
• рухсат бериш талаблари ва шартларига номувофиқлик (камчиликларни бартараф этиш учун аризачига 30 кунгача вақт берилади);
• ҳужжатлардаги нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар;
• компания раҳбарияти ва/ёки таъсисчиларининг иқтисодий жиноятлар (жумладан, пул ювиш), коррупция ёки уюшган жиноятчиликда иштироки ҳақидаги маълумотлар.
Агар майнер рухсат бериш талабларини бузса ва белгиланган муддатда уларни бартараф этмаса, рухсатноманинг амал қилиши тўхтатилиши мумкин. Тўхтатиб туриш муддати 10 кунгача (суд орқали эса 6 ойгача) бўлиши мумкин.
Агар камчиликлар рухсатнома тўхтатилгандан кейин ҳам бартараф этилмаса, ИЛМА ҳужжатни бекор қилиш талаби билан судга мурожаат қилиши мумкин. Агентлик талабларининг тизимли ёки қўпол равишда бузилиши ҳам бунга асос бўла олади.





