Logo

Ўзбекистонда тансоқчилик, дрон орқали кузатув ва виртуал «SOS» хизматлари йўлга қўйилади

Bugun 20:454 daqiqa

Энди миллий гвардия инвестор, тадбиркор ва сайёҳларга тансоқчилик хизмати кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистонда тансоқчилик, дрон орқали кузатув ва виртуал «SOS» хизматлари йўлга қўйилади © foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев қўриқлаш хизматлари сифати ва қамрови даражасини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди.

Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда ижтимоий ва савдо объектлари сони 150 мингдан 500 мингтага, уй-жойлар сони эса 1,5 миллиондан 8 миллионтага кўпайди. Туну кун фаолият юритадиган савдо ва хизмат кўрсатиш кўчалари сони 255 тага етди.

«Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз пойтахт», «Обод ва хавфсиз маҳалла» ҳамда «Хавфсиз хонадон» дастурлари доирасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, қўриқлаш объектларининг сони 194 мингтадан 337 мингтага, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар сони эса 533 тадан 630 тага етказилди, 6,5 мингта маҳаллада патруллик хизмати йўлга қўйилиб, 58 минг нафар қоровулнинг малакаси оширилди.

Қолаверса, қўриқлаш хизматларининг бугунги қамрови ва турлари аҳоли ҳамда тадбиркорларнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини тўлиқ қондирмаяпти.

Хизматлар асосан давлат объектларини қўриқлаш билан чекланиб қолаётгани, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Шу боис, тақдимотда қўриқлаш фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аҳоли, тадбиркорлар, инвесторлар ва сайёҳларнинг хавфсизлигини, мол-мулкининг ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Аввало, соҳани тўлиқ рақамлаштириш, мавжуд бешта ахборот тизимини бирлаштирган ҳолда “Рақамли қўриқлаш” ягона ахборот тизимини жорий этиш таклиф қилинди.

Мазкур тизим орқали қўриқлаш хизматлари бўйича шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириш, тўловларга оид маълумотларни онлайн олиш, тезкор гуруҳларнинг ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилади.

Шунингдек, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини самарали бошқариш йўлга қўйилади.

Бугунги кунда мавжуд олтита хизмат турига қўшимча равишда саккизта замонавий хизмат турини жорий этиш таклифи билдирилди.

«Ақлли ва хавфсиз уй» концепцияси асосида хонадонларга замонавий назорат қурилмаларини ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, мобил қурилмалар орқали тезкор ёрдам чақириш имкониятини берувчи виртуал «SOS» тизимидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.

Инвесторлар, сайёҳлар ва тадбиркорларга тансоқчилик хизматларини кўрсатиш, оилавий ва бошқа тадбирларда жамоат тартибини сақлаш, учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида кузатувни амалга ошириш, мавсумий фаолият юритувчи объектларни қўриқлаш каби хизматларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Янги қурилаётган объектларни қўриқлашнинг муҳандислик-техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича ягона талабларни белгилаш, шаҳарсозлик нормаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилди.

Фуқароларнинг мол-мулкларини ҳимоя қилиш мақсадида кўп квартирали уйларда техник қўриқлаш (домофон ва ташвиш тугмаларини ўрнатиш) хизматидан фойдаланиш амалиётини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Қўриқлаш соҳасида хусусий сектор имкониятларидан кенг фойдаланиш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитларни яратиш бўйича таклифлар билдирилди.

Жумладан, хусусий ташкилотлар томонидан қўриқлашнинг техник воситаларини ўрнатиш, созлаш ва уларга хизмат кўрсатишнинг ягона тартиби ва талабларини белгилаш кўзда тутилган.

Қўриқлашнинг замонавий техник воситаларини маҳаллийлаштириш, миллий дастурий таъминот ва қурилмалар ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича режалар тақдим этилди.

Қайд этилганидек, маҳаллийлаштириш даражасини 30 фоиздан 60 фоизга, қурилмалар ишлаб чиқариш қувватини ойига 10 мингтадан 30 мингтага етказиш ҳисобига уларнинг таннархини 1,7 баробар арзонлаштириш имконияти мавжуд.

Соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида Миллий гвардиянинг қўриқлаш фаолиятига оид ваколатларини кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, Миллий гвардия томонидан қўриқланиши мумкин бўлган объектлар турларини 13 тадан 24 тага етказиш, жисмоний ва техник қўриқлаш, тансоқчилик ҳамда турли тадбирларда жамоат тартибини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш таклиф қилинди.

Шу билан бирга, мажбурий тартибда қўриқланиши лозим бўлган объектлар тоифаларини қонунчиликда белгилаш, идоравий қўриқлаш бўлинмаларининг ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Таклиф этилаётган чора-тадбирлар натижасида 2027 йилда қўриқлашга олинган объектлар сонини 600 мингтага, тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар сонини 800 тага етказиш, қўшимча 1,5 мингта маҳаллада патруллик хизматини ташкил этиш мақсадида қўриқлаш хизмати ходимлари сонини 8 мингтага ошириш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари қўриқлаш тизимини такомиллаштиришда, аввало, инсон манфаатлари, аҳолининг осойишталиги ва мол-мулки дахлсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиши лозимлигини таъкидлади.

Мутасаддиларга аҳоли учун сифатли ва ҳамёнбоп хизматларни йўлга қўйиш ҳамда масъул идораларнинг халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиқиб, ҳамжиҳатликда ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Teglar

Mavzuga oid