Logo

Ўзбекистонликлар асосан нима мақсадда кредит олаётгани маълум бўлди

Bugun 09:192 daqiqa

Аҳолининг банклардан олган кредитлари ҳажми бир йилда 10,5 триллион сўмга ошди. Ўсишнинг қарийб ярми ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонликлар асосан нима мақсадда кредит олаётгани маълум бўлди © vaqt.uz

Ўзбекистонда аҳолининг банклар олдидаги қарздорлиги ўсишда давом этмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатида жисмоний шахсларнинг жами кредит қарзи 230,77 триллион сўмга етган.

Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида 220,3 триллион сўмни ташкил этган эди. Шу тариқа, бир йил ичида аҳоли қарздорлиги 10,5 триллион сўмга ошган.

Уй-жой учун кредит

Кредит портфели таркибида ипотека қарзлари энг катта улушни ташкил этган. Ҳозирги кунда аҳоли олган ипотека кредитлари ҳажми 83,9 триллион сўмга тенг.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,5 триллион сўмга кўпайган. Натижада ипотека кредитлари аҳоли қарздорлигининг энг йирик сегменти бўлиб қолмоқда.

Кейинги эҳтиёжлар

Ипотекадан кейин энг катта йўналишлар микроқарзлар ва микрокредитлар бўлган. Микроқарзлар ҳажми 50,1 триллион сўмга, микрокредитлар эса 44,3 триллион сўмга етган.

Автокредитлар миқдори ҳам юқори бўлиб, 39,6 триллион сўмни ташкил қилган. Бу аҳолининг транспорт воситалари хариди учун банк маблағларига таянаётганини кўрсатади.

Шу билан бирга, таълим кредитлари 6,9 триллион сўм даражасида шаклланган ва ўтган йилга нисбатан деярли ўзгармаган. Истеъмол кредитлари эса 515 миллиард сўмни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, банк тизимидаги жами кредит портфели 623,3 трлн сўмни ташкил этган. Шундан 289,6 трлн сўми ёки 46,5 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Шунингдек, апрел ойида мамлакатдаги банкларда муаммоли кредитлар ҳажми 2 трлн сўмга ўсди. Энг катта ўсиш «Milliy bank», «Kapitalbank», «Agrobank» ва «Madad Invest bank» ҳиссасига тўғри келди.

Қайси банклар энг паст фоизли ипотека кредитларни таклиф қилмоқда?

Ўзбекистон Марказий банкининг 2026 йил 1 июн ҳолатига кўра, аҳоли учун ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкасини эълон қилди. Янги ҳафтада ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 22,1 фоизни ташкил этган.

Энг паст ипотека фоиз ставкасини 19,2 фоиз билан «Milliy bank» таклиф қилмоқда. Шунингдек, «Orient Finans bank»да ипотека кредити 20,0 фоиз, «Aloqabank»да 20,8 фоиз ва «SQB»да 20,9 фоиздан ажратилмоқда. «Ипотека банк» 21,7 фоиз, «Hamkorbank» 21,9 фоиз ставка билан ипотека кредитларини тақдим этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid