Покистон-Афғонистон: Дюранд чизиғи ва янги уруш олови

27.02.2026 | 19:266 daqiqa

Сўнгги кунларда қайта оловланган кескинлик фонида Покистон ва «Толибон» қуролли кучлари бир-бирларига зарбалар бермоқда. Покистон томони ўз зарбалари натижасида 133 нафар «Толибон» жангчиси ҳалок бўлгани, 27 та пост йўқ қилинганини билдирди, «Толибон» эса 55 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлганини билдирмоқда.


1963 йилда америкалик сиёсатшунос Давид Сингер томонидан урушлар ва қуролли можаролар ҳақида статистик маълумотлар йиғиб бориладиган Correlates of War Project институтига асос солинган. Бугунги кунда бу лойиҳа турли давлат университетлари олимлари томонидан юритиладиган халқаро ва мустақил базага айланган. Агар шу халқаро база маълумотларига ишонилса, урушларни рўйхатга олиш бошланган 1816-йилдан бери дунёда уруш бўлмаган бирор йил йўқ.

Гап шундаки, дунёнинг шусиз ҳам бир неча нуқтасида урушлар давом этаётган ва яна бир неча нуқтасида уруш кўланкаси кезиб юрган шу кунларда афтидан яна бир уруш олови ёқилди. Бу – Покистон ва Толибон кучлари ўртасидаги тўқнашувлар.

Нималар бўлмоқда?

Покистон ва «Толибон» расмийларига кўра, тун давомида Покистон Афғонистоннинг йирик шаҳарларидаги нишонларга зарба берди. Reuters эса, бу воқеа икки қўшни давлат ўртасида бир неча ойдан бери кузатилаётган кескинлик ва тўқнашувлар ортидан содир бўлаётгани, чегара ҳудудларида жанговар ҳаракатлар кучайгани ҳақида ёзди.

Покистон расмийлари бу зарбаларни «афғон томонининг асоссиз ҳужумлари»га жавоб сифатида баҳолади. Бир кун олдин эса афғон толиблари Покистоннинг аввалги зарбаларига жавоб бўлганини айтиб, қўшни давлатга бир неча зарбалар берган эди. Покистондаги хавфсизлик манбалари ҳужумлар чегаранинг бир неча секторларидаги «Толибон» постлари, қароргоҳлари ва ўқ-дори омборларига қарши ҳаво ҳамда ерусти зарбаларини ўз ичига олганини маълум қилди.

Икки томон ҳам катта йўқотишлар ҳақида хабар бериб, рақамлар фарқини эълон қилди. Бу ҳаракатлар 2600 километрли чегара бўйлаб амал қилинган ўт очишни тўхтатиш келишувига таҳдид солмоқда ва сўнгги ойлардаги энг жиддий кескинлашув сифатида баҳоланмоқда. Шунингдек, воқеа Исломободнинг «Кобул Таҳрик-и Толибон Покистон (ТТП) жангариларига бошпана бермоқда», деган айблови атрофидаги узоқ йиллик низони янада чуқурлаштирди; «Толибон» бу айбловни рад этиб келади.

Гуруҳ вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон кучлари Қобул, Қандаҳор ва Пактиянинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳужумларини амалга оширганини маълум қилди. Покистон ҳукумати вакили Мушарраф Зайдий эса «Х» ижтимоий тармоғида: «Покистоннинг Афғонистондаги нишонларга қарши жавоб зарбалари давом этмоқда», — деб ёзди ва бу ҳаракатларни «Афғонистон томонидан асоссиз қилинган ҳужумларга» жавоб деб атади.

Зайдийнинг маълумотларига кўра, 133 нафар «Толибон» жангчиси ҳалок бўлган, 200 дан ортиғи яраланган, 27 та пост йўқ қилинган ва тўққизтаси эгалланган. Мужоҳиднинг айтишича, 55 нафар покистонлик аскар ҳалок бўлган ва 19 та пост қўлга киритилган. Шу билан бирга, Нангарҳорда саккиз нафар «Толибон» жангчиси ҳалок бўлган, 11 нафари яраланган ва 13 нафар тинч аҳоли вакили жароҳат олган.

Покистон президенти Асиф Али Зардорий: «Покистон тинчлик ва ҳудудий яхлитлик масаласида асло ён босмайди», — деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қуролли кучларнинг жавоби қатъий ва ҳар томонлама бўлади. Тинчликсеварлигимизни заифлик деб тушуниш шиддатли жавобга олиб келади ва ҳеч ким биз ета олмайдиган масофада эмас.

Мудофаа вазири Хаважа Асиф эса NATO қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши кутилганини, аммо «Толибон» Афғонистонни Ҳиндистоннинг мустамлакасига айлантириб, террорчиларни мамлакатга йиғганини ва терроризмни экспорт қила бошлаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, афғонлар асосий инсон ҳуқуқларидан маҳрум қилинган ва аёллар ҳуқуқлари чекланган.

Вазир шунингдек Покистон вазиятни барқарорлаштириш учун бевосита ва дўст мамлакатлар орқали барча имкониятлардан фойдаланганини эслатди. Унинг таъкидича, мамлакат 50 йил давомида 5 миллион афғонга бошпана берган ва ҳозир ҳам миллионлаб афғонлар Покистон ҳудудида яшаб келмоқда. «Сабр косамиз тўлди. Энди орамизда очиқ уруш бошланди», — деб баёнотни якунлади.

 Аввалги можаролар

2025 йил кузида Исломобод Кобулдан «Таҳрик-и-Толибон Покистон»га қарши чора кўришни талаб қилиб чиққан эди. ТТП — Покистонда фаолият юритувчи қуролли гуруҳ бўлиб, у Афғонистондаги «Толибон» билан алоқадор дея ҳисобланади.

Октябр ойида Қобулда икки портлаш содир бўлди. «Толибон» ҳужумларда Исломободни айблади, шундан сўнг афғон кучлари чегара постларида покистонлик ҳарбийларга қарши ўқ узди. Жавоб тариқасида Покистон армияси оғир артиллерия, танклар ва дронлардан фойдаланиб зарба берди, шунингдек, қирувчи самолётларни ҳавога кўтарди.

Бу тўқнашувлар оқибатида «Толибон» тўққиз нафар афғон ва 58 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганини, шунингдек, қўшни давлатнинг 20 та чегара пости вақтинча эгаллаб олинганини маълум қилди. Покистон ОАВлари эса хавфсизлик манбаларига таяниб, 23 нафар ўз ҳарбийси ҳалок бўлганини, 200 дан ортиқ «толиблар ва улар билан боғлиқ террористлар» ўлдирилганини ҳамда 19 та афғон чегара пости устидан назорат ўрнатилганини ёзди.

Қаршиликлар 2025 йил октябр ойи охирига қадар давом этди. Ўшанда томонлар Қатар ва Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. Бироқ, мана гувоҳи бўлиб турганимиздек, кейинги музокаралар тўлиқ тинчлик келишувига олиб келмади.

 Покистон ва Афғонистон келишмовчилиги сабаблари

Энг асосий муаммо – Дюранд чизиғи. Бу чегара 1893 йилда Афғонистон ва Британия Ҳиндистони ўртасида белгиланган ва 1947 йили Покистон ташкил этилгандан сўнг унга мерос бўлган. Афғонистоннинг кўплаб ҳукуматлари бу чегарани расман тан олмаган. Чизиқ паштун қабилаларини икки мамлакат орасида ажратади ва бу сиёсий ҳамда ҳарбий низоларга сабаб бўлиб келмоқда. Афғонистоннинг аввалги ҳукумати Покистонни Афғон Толибонини қўллаб-қувватлаганликда айблаган. 2021 йили «Толибон» ҳокимиятга қайтгандан кейин ҳам Покистон билан муносабатлар яхшиланмади.

Хавфсизлик ва стратегик масалалар бўйича мутахассис Сами Умарийнинг айтишича, 2021 йилдан буён Афғонистон ва Покистон кучлари ўртасида жами 75 маротаба тўқнашув содир бўлган. Шу даврда Покистон Афғонистонга қарши 7 та мустақил авиазарба амалга оширган.

Покистон эса Афғонистонни ТТП гуруҳлари унинг ҳудудидан ҳаракат қилишига йўл қўйганликда айблайди.

Ҳарбий фарқ

Лондонда жойлашган стратегик тадқиқотлар бўйича халқаро институт маълумотларига кўра, Покистон ҳарбий салоҳият жиҳатдан Афғонистондан анча устун. Покистон қуролли кучлари яхши шаклланган кадрлар тизимига эга бўлиб, асосий мудофаа ҳамкори — Хитойдан олинаётган техника билан таъминланган. Исломобод ядровий дастурини ривожлантиришда давом этмоқда, шунингдек, ҳарбий-денгиз ва ҳаво кучларини модернизация қиляпти.

Афғонистондаги «Толибон» ҳукумати эса 2021 йилда ҳокимиятга қайтгач, хорижий техникадан фойдаланиш имкониятларининг пасайишига дуч келмоқда. Халқаро миқёсда тан олинмагани ҳам ҳарбий модернизация жараёнига салбий таъсир кўрсатган.

Покистонда жами 660 минг фаол ҳарбий хизматчи бор, шундан 560 минг — қуруқлик қўшинлари, 70 минг — ҳаво кучлари, 30 минг — ҳарбий-денгиз кучлари. Афғонистонда тахминан 172 минг фаол ҳарбий бор. «Толибон» уларнинг сонини 200 минггача ошириш режасини эълон қилган.

Покистонда 6 мингдан ортиқ зирҳли жанговар техника ва 4,6 мингдан зиёд артиллерия қуроллари мавжуд. Афғонистон кучларида ҳам совет давридан қолган асосий жанговар танклар, бронетранспортёрлар ва бошқа техника бор, аммо уларнинг аниқ сони номаълум. Артиллерия турлари ва миқдори бўйича ҳам очиқ маълумотлар чекланган.

Покистонда 465 та жанговар самолёт ва 260 дан ортиқ вертолёт (кўп мақсадли, зарба берувчи ва транспорт турлари) бор. Афғонистонда қирувчи самолётлар мавжуд эмас. Камида 6 та самолёт ва 23 та вертолёт борлиги маълум, аммо уларнинг нечтаси парвозга яроқли экани номаълум.

Покистон ядровий давлат ҳисобланади ва тахминан 170 та ядровий жанговар каллагига эга. Афғонистонда эса ядровий арсенал мавжуд эмас. Умуман олганда, ҳарбий инфратузилма, техника, ҳаво устунлиги ва ядровий салоҳият нуқтаи назаридан Покистон Афғонистондан анча устун ҳисобланади.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 62

Barchasi

Mavzuga oid