Logo

Россия ва Қатардагидан қимматроқ: Америкадаги Жаҳон чемпионатида ким фойда кўради?

Bugun 08:305 daqiqa

11 июн куни Америка қитъасида тарихдаги энг қиммат футбол мусобақаси старт олди. Олдинги икки турнир харажатларини табиий ресурсларга бой давлатлар — Россия ва Қатар ўз чўнтагидан қоплаган эди. Хўш, бу сафар ким буни ўз зиммасига олади?

Россия ва Қатардагидан қимматроқ: Америкадаги Жаҳон чемпионатида ким фойда кўради?

Шимолий Америкадаги мазкур чемпионатга асосан АҚШ, шунингдек, қисман Канада ва Мексика мезбонлик қилмоқда. У тарихдаги энг сердаромад ва энг тижорий футбол мусобақасига айланиши кутилмоқда.

Халқаро футбол ассоциацияси (ФИФА) бир ой ичида 9 миллиард доллардан ортиқ даромад олишни режалаштирмоқда. Бу тўрт йил олдин Қатарда ва саккиз йил аввал Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатларидаги кўрсаткичлардан камида бир ярим баробар кўп дегани.

Харажатларнинг асосий юки эса мухлислар, қолаверса, мезбон шаҳарлар ва давлатларнинг зиммасига тушади.

Мухлислар, тайёр туринг!

Россия ва Қатар ўз имижини яхшилаш мақсадида мухлислар учун виза тизимини бекор қилган, транспорт харажатларини субсидиялаган ва инфратузилмага улкан маблағ киритган эди. Америкага эса буларнинг ҳеч бири керак эмас.

АҚШ, Мексика ва Канададаги стадионлар аллақачон қуриб битказилган. Бу давлатлар «меҳмондўст эмас» ёки «сайёҳлар учун хавфли» деган тамғадан қутулиш мақсадида мухлисларга қандайдир вақтинчалик қулайликлар яратиб беришга эҳтиёж сезмайди.

Қолаверса, АҚШда спорт — юзлаб, ҳатто минглаб доллар сарфланадиган қиммат томоша, йилига бир-икки марта оилавий бориладиган улкан байрамдир. Европада эса бу — нисбатан арзон, ҳар икки ҳафтада дўстлар ёки оила даврасида, ҳатто совуқ ва ёмғирли ҳавода ҳам бошдан кечириладиган ўзига хос анъана ҳисобланади.

Буларнинг барчасидан чиқадиган хулоса битта: мухлислар катта харажатга тайёр туриши керак. Боиси, Америкада уларни ҳар қадамда юқори нархлар кутиб турибди.

Биринчидан, ФИФА ўз тарихида илк бор динамик нарх белгилаш тизимини жорий қилди. Бошқача айтганда, талаб қанчалик юқори бўлса, чипталар нархи шунчалик ошиб бораверади. «Financial Times» нашри билан суҳбатлашган фан-клубларнинг ҳисоб-китобларига кўра, финалгача етиб борадиган жамоаларнинг мухлислари чипталар учун Америкада Қатар ёки Россиядагидан беш баробар кўп маблағ сарфлашига тўғри келади.

Ушбу Жаҳон чемпионатининг мухлислар учун яна бир катта молиявий зарба бўлишига сабаб — масофаларнинг узоқлигидир. Стадионга киришдан ташқари, шаҳарлар ва стадионлар ўртасидаги қатновларга ҳам катта пул сарфлашга тўғри келади. Қатар ва Россиядан фарқли ўлароқ, бу ерда йўл жуда узоқ вақт олади ва албатта, қимматга тушади.

Чемпионат 16 та шаҳарда ўтказилади: уларнинг 11 таси АҚШда, учтаси Мексикада ва иккитаси Канадада жойлашган. Бу шаҳарлар ўртасидаги масофа жуда олис, меҳмонхоналар эса аллақачон нархларни осмонга кўтариб олган. Ҳатто Манхеттендан Ню-Жерсидаги стадионгача бўлган ярим соатлик йўл учун ҳам транспорт ҳақи бир неча баробар ошиб кетган.

Натижада, энг камтарона ҳисоб-китобларга кўра, финалга чиқадиган жамоа мухлиси меҳмонхона, авиачипта ва ўйинларга кириш учун 12 мингдан 30 минг долларгача маблағ сарфлашига тўғри келади. Бундан ташқари, мусобақа давом этадиган 40 кун ичида стадионлар ўртасида қатнаш учун мухлислар 6 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлади.

ФИФА ўз трансляцияларини сотишдан 4 миллиард доллар ва чипталар савдосидан 3 миллиард доллардан ортиқ даромад олишни кўзламоқда. Якунда мусобақадан тушадиган умумий даромаднинг бор-йўғи 1,8 миллиард долларини ҳомийлар қоплайди. Улар орасида яқиндагина ФИФАдан 2034 йилги чемпионатни ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган Саудия Арабистони шайхлари ҳам бор. Бошқача айтганда, тарихдаги энг қиммат Жаҳон чемпионати харажатларининг қарийб 80 фоизи бевосита мухлисларнинг чўнтагидан қопланади.

Чемпионатни қабул қилиш фойдалими?

Даромадларнинг асосий қисмини ФИФА ўзлаштиради. Бу фақат чипталар ва эсдалик совғалари савдоси эмас, ҳатто стадионлар олдидаги автотураргоҳлардан тушадиган пулларни ҳам ўз ичига олади. Мезбон шаҳарлар эса фақат сайёҳлар оқими, аҳоли бандлигининг ошиши ва солиқ тушумларининг кўпайишидан умид қилиши мумкин. Бироқ ҳаммаси ҳам кўринганидек оддий эмас.

Финал ўйини деярли Ню-Йоркда (аслида қўшни Ню-Жерсида, лекин бу унчалик узоқ эмас) бўлиб ўтади. ФИФАнинг ҳисоб-китобларига кўра, ишбилармонлик фаоллиги ва туризмнинг ўсиши натижасида АҚШнинг молиявий пойтахти қўшимча 26 мингта иш ўрни ҳамда ярим миллиард доллар миқдорида қўшимча солиқ тушумларига эга бўлади.

Бироқ Американинг «Goldman Sachs» банки қайд этишича, истеъмолчиларнинг футболга йўналтирилган харажатлари ортиши одатда бошқа барча соҳалардаги харажатларнинг кескин пасайиши билан бирга кечади. Футбол билан боғлиқ сармояларнинг ҳар қандай кўтарилиши охир-оқибат пасайиш билан якун топади. Қолаверса, футбол мухлислари оқимининг кўпайиши бошқа оддий сайёҳларни чўчитиб юборади. Охир-оқибат, фойда ва зарар тенглашиб, ҳаммаси бир ҳисоб бўлиб чиқади.

Бундан ташқари, ўйинлардан тушадиган даромадлар тўғридан-тўғри ФИФА ғазнасига бориб тушса-да, хавфсизликни таъминлаш, транспорт ва бошқа ташкилий харажатлар маҳаллий шаҳар маъмуриятларининг елкасига юкланади. «Politico» нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, АҚШнинг мазкур 11 та шаҳридан ҳар бири чемпионатга мезбонлик қилиш учун 100 миллиондан 200 миллион долларгача маблағ сарфлайди.

Ваҳоланки, бу харажатларни қоплаш учун Конгресс маҳаллий шаҳарларга бор-йўғи 635 миллион доллар кўмак ажратган. Ҳатто энг йирик дотациялар ҳам (масалан, Майами ва Атлантага берилган 74 миллион долларлик ёрдам) кутилаётган харажатларни қоплай олмайди.

Америка иқтисодиётининг умумий ҳажми 32 триллион долларни ташкил этади. ФИФА эса унга бор-йўғи 17 миллиард доллар қўшимча даромад келтиришни ваъда қилмоқда.

«FT» нашри иқтибос келтирган Британиянинг «Barclays» банки таҳлилчиларига кўра, футбол турнири Америка иқтисодиётига ҳеч қандай сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Бунинг иккита асосий сабаби бор: биринчидан, рекорд даражада қимматлашган чипталарга бўлган талаб кутилганидан анча паст бўлиб чиқди. Иккинчидан, футбол бўйича Жаҳон чемпионатлари ва Олимпиада ўйинлари одатда фақатгина стадионларни қуриш босқичидагина иқтисодий фаоллик ва бандликни жонлантиради.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоб-китобларига кўра, Россия ўз мусобақасига 14 миллиард доллар сарфлаган бўлса, Қатар 200 миллиард доллар (балки ундан ҳам кўпроқ) маблағ эвазига бутун бошли мамлакатни янгитдан қуриб чиққан эди.

Америка эса ҳеч нарса қурмади. У минимал капитал харажатлар эвазига тарихдаги энг қиммат чемпионатга мезбонлик қилади. Барча даромадлар фақат реклама, чипталар ва ВИП-ложалардаги шампан виноси савдоси орқалигина шакллантирилади.

«Спорт ва маданий тадбирлар асосан инфратузилмага — стадионлар ва транспорт тизимига йўналтирилган сармоялар ҳисобигагина ишбилармонлик фаоллиги ва бандликни жонлантиради», — дея таъкидлайди «Barclays» таҳлилчилари.

«АҚШ бу борада ўзига хос ноёб вазиятда, чунки буларнинг бари аллақачон қуриб битказилган. Шу сабабли бандлик кўрсаткичларидаги ҳар қандай ўсиш фақатгина хизмат кўрсатиш соҳасига таъсир қилади ва у ҳам бўлса фақат маълум ҳудудларда ҳамда қисқа муддатгагина кузатилади».

«Barclays» таҳлилчиларининг таъкидлашича: «йирик спорт ва маданият тадбирлари асосан инфратузилмага — янги стадионлар ва транспорт тизимига йўналтирилган сармоялар ортидангина бизнес муҳитини жонлантиради ва аҳоли бандлигини оширади. Америкадаги вазият эса бутунлай бошқача. У ерда керакли иншоотларнинг бари қуриб битказилган. Шу сабабли янги иш ўринларининг яратилиши асосан хизмат кўрсатиш соҳаси билан чекланади. Қолаверса, бу жараён ҳамма жойда эмас, балки айрим ҳудудларда ва фақат вақтинчалик кузатилади».

 

Teglar

Mavzuga oid