Россияда кийим-кечак дўконларининг 40 фоизи ёпилиш арафасида
Иқтисодий инқироз, қиммат кредитлар ва аҳолининг тежамкорлик режимига ўтиши Россия ритейл бозорини жар ёқасига олиб келди — минглаб дўконлар фаолиятини тўхтатиши кутилмоқда.

2026 йил давомида Россияда кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи чакана савдо нуқталарининг 40 фоизи ёпилиб кетиши мумкин. «Shopper’s» нашрининг бозор иштирокчиларига таяниб хабар беришича, талабнинг пасайиши, ижара ҳақининг ошиши ва янги солиқлар соҳага ҳалокатли босим ўтказмоқда. «Slava Concept» асосчиси Александр Перемятовнинг сўзларига кўра, истеъмолнинг қисқариши туфайли зарар кўраётган дўконлар сони кескин ортган ва уларни қўллаб-қувватлаш учун ресурслар қолмаган.
Йирик тармоқлар аллақачон кескин қисқартиришларни бошлади: «O’STIN» 62 та дўконини ёпиб, ходимларининг 15 фоизини бўшатди, «Gloria Jeans» эса 150 та нуқтасини тугатишни режалаштирган. «Finn Flare» фақат Москва ва Санкт-Петербург бозорида қолишга қарор қилди, «Concept Group» эса савдо нуқталарининг ярмидан воз кечди. Туркиянинг «Les Benjamins» ва Қозоғистоннинг «Gaissina» каби хорижий брендлари Россия бозорини бутунлай тарк этди. Савдо марказларида кийим дўконлари эгаллаган майдонлар бир йил ичида 15 фоизга қисқарган.
Россияликлар гардеробини янгилашни кечиктириб, универсал ва арзон моделларга ўтишмоқда. «Платформа ОФД» маълумотларига кўра, кийим ва пойабзал харидлари 11 фоизга камайган. Иқтисодчиларнинг фикрича, истеъмолчилар ҳамёнида озиқ-овқат улуши ортиб, бошқа товарларга маблағ қолмаяпти. 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатга бирорта ҳам янги халқаро бренд кириб келмаганлиги бозорнинг «ўсиш модели»дан «омон қолиш модели»га ўтганини тасдиқламоқда.
Савдо марказлари инқирози
Россиядаги мингга яқин савдо марказларининг 80 фоизи айланма маблағлар тушиб кетганига дуч келди, ҳар бештадан бирида эса тушум 20 фоиздан кўпроққа камайган. Харидорларнинг дискаунтерларга ўтиши ва ижара харажатларининг ортиши марказларни оғир аҳволга солмоқда.
Бу ҳолат нафақат кийим сотувчиларига, балки бутун тижорат кўчмас мулк бозорига салбий таъсир кўрсатмоқда. Таҳлилчи Лаура Кузнецованинг таъкидлашича, юқори асосий ставка ва харажатларнинг ўсиши тармоқни йил охиригача кучли босим остида ушлаб туради.
Истеъмолчиларда тежамкорлик режими
Россияда чакана савдо айланмасининг ўсиши деярли тўхтаган: 2024 йилдаги 7,7 фоизлик кўрсаткич 2026 йил бошида 0,7 фоизгача тушиб кетди. Аҳолининг иш ҳақи ўсмаётгани ва кредитлар қимматлиги одамларни фақат энг зарур нарсаларни сотиб олишга мажбур қилмоқда.
«Data Insight» ҳамкори Фёдор Вириннинг фикрича, бу тўлақонли инқироз бўлиб, у йил давомида давом этади. Кийим-кечак энди «ихтиёрий харид» тоифасига ўтиб қолган, бу эса бозордаги ўрта ва кичик ўйинчиларнинг оммавий равишда синишига олиб келади.





