Logo

Сатҳи пасаяётган Амударё, май ойида сотилмаган олтин ва 56 млрд сўмга тушган аҳолини рўйхатга олиш — 1 июль дайжести

Kecha 22:323 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Сатҳи пасаяётган Амударё, май ойида сотилмаган олтин ва 56 млрд сўмга тушган аҳолини рўйхатга олиш — 1 июль дайжести

Амударёдаги сув сатҳи сезиларли даражада пасайди

«Science Direct»да эълон қилинган тадқиқотга кўра, Амударёнинг ўрта ва қуйи оқимида сув миқдори 54–77 фоизга камайган. Олимлар бунинг асосий сабаби иқлим ўзгариши эмас, балки инсон фаолияти эканини таъкидламоқда. Хусусан, суғориш учун сув олиш, каналлар, сув омборлари ва насос станциялари қурилиши дарё оқимини кескин камайтирган. Энг катта пасайиш Қизилжар қисмида қайд этилиб, сув оқими 77 фоизга қисқарган.

Тадқиқотга кўра, ҳавзада ёғингарчилик 6–13 фоизга ошган бўлса-да, инсон таъсири бу ижобий омилни бартараф этган. Ҳозирда Амударё ҳавзасидаги сувнинг тахминан 92 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сарфланмоқда. Олимлар сув ресурсларини сақлаш учун суғориш тизимларини модернизация қилиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва трансчегаравий ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилмоқда.

Алишер Қодиров миллий жамоани аввал танқид қилиб, кейин мақтагани сабабини изоҳлади

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров миллий терма жамоани аввал танқид қилгани уларга ёмонлик эмас, балки жамоа келажаги учун қайғуришдан келиб чиққанини билдирди. Унинг айтишича, футболчиларни кутиб олишга чиққан ва танқидлар жамоага руҳий таъсир қилган бўлиши мумкинлигини тан олган. Шу билан бирга, Қодиров терма жамоа ўзбек футболининг келажак ривожи учун муҳим тажриба орттирганини таъкидлади.

Шунингдек, у дарвозабон ҳақидаги танқидлари футболчиларнинг ўзига эмас, балки уларни ўйинга тайёрлайдиган мутахассисларга қаратилганини билдирди. Аввалроқ Қодиров миллий жамоада ёш футболчиларга кўпроқ имконият бериш, айрим позицияларда таркибни янгилаш ва бош мураббий атрофида рақобатбардош жамоа шакллантириш зарурлигини айтган эди.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш учун қанча маблағ сарфлангани маълум қилинди

Статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш жараёнига жами 56,4 млрд сўм (4,7 млн доллар) сарфланган. Бу бир нафар фуқаро ҳисобига ўртача 0,12 доллар тўғри келади. Харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланган бўлиб, уларнинг асосий қисми «маҳалла еттилиги» ходимларининг меҳнат ҳақига сарфланган.

Қўмита маълумотига кўра, аҳолининг 82 фоизи онлайн рўйхатдан ўтгани туфайли харажатлар сезиларли даражада қисқарган. Расмийларга кўра, агар жараён тўлиқ анъанавий усулда ўтказилганида, харажатлар камида ўн баробар кўп бўларди. Рўйхатга олиш натижалари эса босқичма-босқич Миллий статистика қўмитаси сайтида умумлаштирилган ва шахсга доир маълумотлар ошкор этилмаган ҳолда эълон қилинади.

Ўзбекистон МОда ҳаво юк ташиш ҳажми бўйича энг катта ўсишга эришди. Қозоғистон етакчи

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) ҳисоботига кўра, Ўзбекистон сўнгги беш йилда ҳаво юк ташиш ҳажмини 182 фоизга ошириб, ўсиш суръати бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди. Шу билан бирга, мутлақ ҳажм бўйича Қозоғистон етакчиликни сақлаб қолган бўлиб, унинг ҳаво юк ташиш кўрсаткичи 2019 йилга нисбатан 149 фоизга ўсган.

IATA маълумотига кўра, минтақадаги ўсишнинг асосий омили аэропортлар орқали божхона расмийлаштирувисиз ўтадиган тўғридан-тўғри транзит юклар ҳисобланади. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, чиқувчи юк ҳажмининг ўсиши Марказий Осиёни Европа ва Хитой ўртасидаги муҳим логистика ва консолидация марказига айлантираётганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон май ойида олтин сотмади

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, май ойида Ўзбекистон олтин экспорт қилмаган. Натижада 2026 йилнинг дастлабки беш ойида экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,5 фоизга камайиб, 12,6 млрд долларни ташкил этди. Импорт эса 20,8 фоизга ошиб, 20,1 млрд долларга етди ва ташқи савдодаги салбий сальдо 7,5 млрд долларгача кўпайди.

Сўнгги саккиз ой ичида Ўзбекистон фақат 2026 йил апрель ойида 1,5 млрд долларлик олтин экспорт қилган. Таҳлилларга кўра, олтин экспортининг тўхташига жаҳон бозорида нархларнинг кескин ўзгариши сабаб бўлган. Июн ойида ҳам олтин нархлари пасайгани учун ҳукумат бу даврда ҳам сотувни амалга оширмаган бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid