Logo

Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелонига мактуб йўллади

Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелонига мактуб йўллаб, уни мамлакат тарихида энг узоқ муддат фаолият юритган ҳукумат раҳбарига айлангани билан табриклади.

Шавкат Мирзиёев Италия бош вазири Жоржа Мелонига мактуб йўллади © governo.it

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Жоржа Мелонига мактуб йўллади. Давлат раҳбари уни Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимида шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган ҳукумат раҳбари сифатида тарих саҳифаларидан муносиб жой олгани билан самимий муборакбод этди.

Мирзиёев бу натижа Жоржа Мелонининг сиёсий иродаси ва қатъияти, давлатчилик масъулиятини чуқур ҳис этишига Италия халқи томонидан билдирилган юксак ишончнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.

Ҳозирги ўта мураккаб ва тез ўзгараётган шароитда Италиянинг миллий манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва халқаро майдондаги обрў-эътибори ҳамда нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида Жоржа Мелони олиб бораётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилди.

Мирзиёев Жоржа Мелонининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона муносабати ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни изчил кенгайтиришга қаратаётган доимий эътибори учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши таъкидланди.

Бугунги кунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар тобора сермазмун тус олиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мактуб якунида Шавкат Мирзиёев Жоржа Мелонига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Италия халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тилади.

Teglar

Mavzuga oid