СИ учун маркетплейслар: «Amazon» ва «Microsoft» моделлар тайёрлаш қоидаларини қандай ўзгартиряпти?
Икки техногигант – «Amazon» ва «Microsoft» – сунъий интеллект моделларини ўқитиш учун контент маркетплейсларини яратиш устида ишламоқда. Улар нашриётлар алгоритмларни ўқитиш ва қўллаш учун маълумотларни қонуний равишда сотиши мумкин бўлган бозорда воситачига айланиши мумкин.

Яна маркетплейслар
«The Information» маълумотига кўра, «Amazon» нашриёт саноати раҳбарларини СИ маҳсулотлари ишлаб чиқувчиларига материалларни сотиш мумкин бўлган ихтисослашган маркетплейсни ишга тушириш режалари ҳақида хабардор қилган. Компаниянинг булутли бўлинмаси «Amazon Web Services» (AWS) Ню Йоркдаги ёпиқ конференция арафасида нашриётларга тақдимот слайдларини юборган. Унда контент маркетплейси (content marketplace) булут платформасининг бошқа воситалари, жумладан «Bedrock» моделлар генератори ва «Quick Suite» аналитик платформаси билан бир қаторда қайд этилган. «Amazon»нинг расмий вакили «TechCrunch»га берган изоҳида маркетплейс яратиш режаларини рад этмаган, аммо тафсилотларни очиқламаган.
«Amazon»нинг энг йирик рақобатчиларидан бири «Microsoft» ҳам нашриёт контенти учун ўз маркетплейси (publisher content marketplace – PCM) устида ишламоқда. Компания платформани ўтган йилиёқ синовдан ўтказишни бошлаган ва «The Associated Press», «Condé Nast», «Vox Media» ҳамда «Yahoo» билан ҳамкорлик қилмоқда.
Тарқоқ ва кўпинча ноаниқ «бирга-бир» келишувлар ўрнига «Microsoft» стандартлаштирилган ёндашувни таклиф этмоқда: нашриётлар архивлар ва янгиликлар ленталаридан фойдаланиш шартларини олдиндан белгилайди, СИ ишлаб чиқувчилари эса мос сценарий ва тарифларни танлайди.
Даъво ўрнига клик
Бундай маркетплейсларни ишлаб чиқишга қизиқиш индустриянинг очиқ интернетдаги аввалги «ижтимоий шартнома» ишламай қўйганига жавоби сифатида кўрилмоқда. Илгари у оддий алмашув мантиғига таянар эди: нашриётлар материалларни очиқ жойлаштирар, қидирув тизимлари ва агрегаторлар уларни индексация қилиб, ҳаволалар ва парчаларни кўрсатар, эвазига эса аудиторияни реклама кўрсатувлари ва обуналар билан бирга сайтларга олиб келарди.
Бироқ СИ кенг тарқалиши билан фойдаланувчи тайёр жавобни тўғридан тўғри чатда олади ва биринчи манбага ўтмайди. Шу тариқа «трафик орқали компенсация» кўплаб ОАВ учун етарли бўлмай қолди.
Бундан ташқари, узоқ вақт давомида йирик технология компаниялари «ҳозир маълумотни йиғамиз, ҳуқуқий масалани кейин ҳал қиламиз» тамойили бўйича ҳаракат қилди. Бу эса қатор суд тортишувларига олиб келди.
2024 йил апрелида саккизта йирик америкалик газета, жумладан «New York Daily News» ва «Chicago Tribune» «OpenAI» ва «Microsoft»га қарши даъво аризаси киритиб, миллионлаб мақолалар СИни ўқитиш учун ноқонуний ишлатилганини билдирган. Ўша йил октябрига келиб, «Dow Jones» («The Wall Street Journal»нинг бош компанияси) ва «New York Post» «Perplexity AI»га ўхшаш даъволар қўйди – уларнинг фикрича, сервис «оммавий ноқонуний нусха кўчириш» билан шуғулланган. 2026 йил январда мусиқа индустриясидаги йирик ҳуқуқ эгалари – «Universal Music Group», «Concord» ва ABKCO — «Anthropic»га қарши даъво қўзғатди ва зарарни қоплашни талаб қилди. Даъвогарлар баҳосича, товон пули 3 млрд доллардан ошиши мумкин.
Шу шароитда йирик ўйинчилар маълумотларга киришни расмийлаштириш ва ҳуқуқий хавфларни камайтириш йўлларини излай бошлади. Бироқ дастлабки қадамлар барқарор бизнес-моделдан кўра кўпроқ алоҳида келишувлар шаклида бўлди. Масалан, «Amazon» «The New York Times» билан келишув тузган: «The Wall Street Journal» маълумотига кўра, нашр архивлар ва «Athletic» контентига кириш учун йилига 20–25 млн доллар олади. «OpenAI» эса «News Corp» билан 250 млн долларга баҳоланган беш йиллик келишув имзолаган, шунингдек, «Axel Springer» ва «Financial Times» билан ҳам шартномалар тузган.
Аммо эксклюзив келишувлар формати ниш нашриётларни бозордан четда қолдиради ва кўпинча белгиланган тўловларга асосланади – контент қандай ишлатилгани ва модел жавобларига қанчалик ҳисса қўшгани билан боғлиқ эмас.
Шу боис ҳозир СИ ишлаб чиқувчилари янги «шартнома» – контент маркетплейси ғоясини муҳокама қилмоқда. Унга кўра, ҳуқуқ эгалари шартларни белгилайди ва мослашувчан тарифларни ўрнатади – алоҳида ўқитиш, генерация, иқтибос келтириш ёки янгиланиб турувчи ленталарга кириш учун. Платформалар фойдаланишни қайд этади, шаффоф ҳисоботни таъминлайди ва тўловлар ҳақиқий истеъмолга боғланади.
«Шу билан бирга, йирик ўйинчилар одатда воситачиларсиз тўғридан тўғри муносабат ўрнатишга интилади. Агар бевосита келишиш мумкин бўлса, комиссия тўлашнинг маъноси йўқ.
Катта бозор қатламини кичик ва ўрта нашрлар ташкил этади. Улар учун йирик СИ-провайдерлар алоҳида инфратузилма яратиши эҳтимолдан йироқ, бу вазифани маркетплейс-агрегаторларга топшириш осонроқ. Натижада модел стандарт кўринишга эга бўлади: топ-нашрлар тўғридан тўғри келишувларда, «узун дум» эса воситачи орқали ишлайди», – дейди «Skyeng» ва «uForce» маркетинг агентлиги ҳаммуассиси Денис Сметнев.
Бундай маркетплейсларни яратиш технокомпанияларга нейротармоқлар «галлюцинациялари» муаммосини ҳал қилишда ҳам ёрдам бериши мумкин. «Amazon»нинг булутли бўлинмаси таянаётган корпоратив секторда хатонинг баҳоси жуда юқори, шунинг учун бизнес текширилган маълумотларга асосланган жавоблар учун тўлашга тайёр. «Perplexity AI» аллақачон ўхшаш схемани синовдан ўтказмоқда: агар нашриёт контенти фойдаланувчи жавобида ишлатилса, улар обуна ёки реклама даромадининг бир қисмини олади.
СИ учун сифатли маълумотларга юқори эҳтиёж борлигини «Youkeeps» компанияси операцион директори Осип Бурлов ҳам тасдиқлайди. «Youkeeps» «Microsoft Copilot» ва «Microsoft 365»га интеграция қилинган персоналлаштирилган СИ-ассистент ишлаб чиқувчи компания. Унинг таъкидлашича, аксарият ишлаб чиқувчилар тайёр «LLM»лар ва «low-code» конструкторлари асосида агентлар яратади.
«Ишлаб чиқувчи учун мантиқ оддий: сен агент яратасан – сотиш учун ёки ўзинг учун – ва текширилган контентдан фойдаланишни хоҳлайсан. Нормал фактчекинг, белгилаш (разметка), хавфсизлик ва энг муҳими, қонуний ҳуқуқлар керак. Агар стандартлар ва кафолатларга эга маркетплейс бўлса, эҳтимолий даъволардан хавотирланиб, «қидириб юриш» шарт эмас», – дейди Осип Бурлов.
«Мижозни қўлдан чиқармаслик»
«Funders.VC» венчур компанияси ҳамкори Павел Мясниковнинг фикрича, бундай маркетплейсларни яратиш СИ атрофида қиймат занжирини назорат қилиш учун курашнинг давоми ҳисобланади.
«Amazon» ва «Microsoft» аллақачон булутли ҳисоблашлар дистрибуциясини назорат қилади. Маълумотларни сотиш эса навбатдаги мантиқий қадам: микрочиплар ва дата-марказлардан булут технологияларига, ундан кейин моделларни ўқитиш ва эксплуатация қилишга, ҳамда СИ асосидаги якуний маҳсулотларгача», – дейди Мясников.
Унинг таъкидлашича, маркетплейс экотизим ичида мижозни ушлаб қолиш воситасига айланади.
Осип Бурловнинг фикрича, «Microsoft» учун бу йўналиш «аниқ сезиларли» бўлади. Бу компаниянинг ўз СИ-моделларини яхшилаш имконини беради: «Microsoft Copilot» янада пухта ўқитилган агентларга эга бўлади, маълумотлар сифати эса ошади.
Бу айниқса муҳим, чунки шу ой бошида инвесторлар чораклик ҳисоботдан сўнг «Microsoft» акцияларини пасайтирди. Сабаблардан бири унинг булутли бўлинмаси «Microsoft» «Azure» даромад ўсиши бозор кутган натижаларни оқламагани. Бундан ташқари, «Microsoft» «Copilot»ни илгари суришда қийинчиликларга дуч келмоқда – ишга туширилганидан уч йил ўтиб, унда атиги 15 млн фойдаланувчи бор. Ҳуқуқ эгалари томонидан судга берилган компания учун бу, шунингдек, репутацион хавфларни бошқариш воситаси ҳамдир.
«Amazon» учун ҳам ушбу лойиҳа кам аҳамиятга эга эмас. Феврал ойида бозор қулаши пайтида унинг акциялари қарийб 15 фоизга тушиб кетди ва тўққиз савдо сессияси давомида пасайиш кузатилди. Сабаблардан бири – компания 2026 йилда дата-марказлар, чиплар ва СИ ривожига боғлиқ барча йўналишларга мисли кўрилмаган 200 млрд доллар сарфлаш режасини эълон қилгани бўлди. Бозор «темир» ва дата-марказларга катта тикиш узоқ муддатда ўзини оқламаслигидан хавотирга тушди.
Маркетплейс айнан шу бўғинга айланади, у «темир»га киритилган инвестицияларни булут хизматлари ва реклама орқали олинадиган реал даромадлар билан боғлайди.
Бу ташаббусдан асосий манфаатдорлардан бири «Amazon Web Services» (AWS) бўлиши кутилмоқда. 2025 йилда ушбу бўлинма 128 млрд доллардан ортиқ даромад келтириб, «Amazon» умумий тушумининг 18 фоизини таъминлаган.
Лицензияланган маълумотлар брокерига айланар экан, «Amazon» бизнес учун «ягона дарча» тизимини яратади: сиз серверларни ижарага оласиз, шу ернинг ўзида моделларни ўқитиш учун контентни қонуний сотиб оласиз ва шу ернинг ўзида СИ-агентларни ишга туширасиз. AWS раҳбари Мэт Герман бу йўналишни аввалроқ кўп миллиардли бизнесга айланиши мумкин бўлган соҳалардан бири деб атаган эди.
Ташаббус «Amazon»нинг реклама бизнесига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. 2025 йилда у 68 млрд доллар даромад келтирган (йиллик ўсиш – 21 фоиз). Компанияда СИ-ассистент «Amazon Alexa», шунингдек, харидлар учун СИ-бот «Rufus» мавжуд. Маркетплейс орқали сифатли контентга кириш уларни ўқитиш учун муҳим, шунда компаниянинг СИ-ассистентлари берган тавсиялар тасодифий эмас, балки эксперт даражасида бўлади.
СИ реклама учун янги форматга йўл очмоқда: қидирув саҳифасида жой учун курашиш ўрнига, брендлар СИ мулоқот контекстида ўз маҳсулотини энг яхши танлов сифатида тилга олиш учун рақобатлашади.
«Тоза» маълумотлар ва ёввойи бозор
Бундай платформалар муваффақияти учун асосий тўсиқ талаб масаласи: техник жиҳатдан бепул олиш мумкин бўлган маълумот учун ким ва қандай ҳажмда тўлашга тайёр? Ҳуқуқ эгалари даъволари бўйича судлар якуний қарор чиқармагунча, моделларни ўқитиш учун маълумот тўплашнинг ҳуқуқий мақоми «кулранг зона»да қолмоқда.
Шу шароитда маркетплейс «комплаенс витринаси»га айланиш хавфи бор, яъни лицензия келишувлари аудит учун жуда муҳим бўлган йирик корпоратив мижозларгина мурожаат қиладиган жойга. Стартапларнинг асосий қисми эса моделларни «ёввойи» маълумотлар асосида ўқитишда давом этиши мумкин.
«The Information» манбалари нашриётлар орасида скептицизм борлигини қайд этади: улар «тоза» контент учун ҳақиқий харидорлар сони жуда кам бўлишидан ва бундай савдолардан тушадиган даромад қидирув тизимларидан келадиган трафик қисқаришини қопламаслигидан хавотирда.
«Funders.VC» ҳамкори Павел Мясников яна бир чекловни кўрсатади: маълумотларга бўлган ҳуқуқ бозори кўп жиҳатдан техник етишмаслик эмас, балки ҳуқуқий тартибга солиш билан белгиланади.
«Фотостоклар мисолида бўлгани каби, қоидалар нимани ва қандай қонуний ишлатиш мумкинлигини белгилайди. Узоқ муддатда кўпчилик маркетплейсларни ва умуман маълумот сотиб олиш заруратини четлаб ўтиш йўлларини излайди», – дейди Павел Мясников.
Бундан ташқари, контент маркетплейсларининг муваффақияти, эҳтимол, улар «тоза» маълумотларнинг қийматини исботлай оладими-йўқми, шунга боғлиқ бўлади. Масалан, лицензияланган контентда ўқитилган моделлар «пират» аналогларига нисбатан анча кам галлюцинация қилишини кафолатлай олса.
Шу билан бирга, ҳозир контенти ҳеч қандай мукофотсиз фойдаланилаётган кичик ўйинчилар учун бу СИ-бумдан даромад олиш имкониятидир. Агар маркетплейслар фойдаланиш факти бўйича шаффоф тўлов моделини таклиф қила олса, маълумотлар пассив активдан савдо қилинадиган товарга айланади.
Павел Мясниковнинг таъкидлашича, бундай маркетплейслар фаолияти маълумотлар айланмаси атрофида янги бозор нишаларини ҳам шакллантириши мумкин.
«Бундай платформалар муқаррар равишда воситачи-агентлар бозорини очади – улар маълумотларни тўплаб, маркетплейслар орқали қайта сотади», – дейди у.
Осип Бурловнинг фикрича, контент маркетплейслари сайтлардан СИ-интерфейсларга «кўришлар оқими» кўчишини қисман қоплаши мумкин, айниқса эксперт ва аналитик ОАВ учун.
«Соҳавий, илмий, юридик, молиявий, таҳлилий нашрлар ютуши мумкин, агар уларнинг контенти жавобларда фойдаланилгани учун ҳақ тўланса», – дейди Бурлов.





