Logo

Сирожиддин Одилов суди: жабрланувчи тадбиркор даъвосидан воз кечди

Bugun 20:162 daqiqa

Тадбиркор адвокатлар келтирган маълумотларни тасдиқлади ҳамда бугунги кунда судланувчига нисбатан ҳеч қандай моддий ёки маънавий даъвоси йўқлигини билдириб, буни судга ёзма равишда тақдим этди.

Сирожиддин Одилов суди: жабрланувчи тадбиркор даъвосидан воз кечди

18-сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида блогер Сирожиддин Одилов устидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатмалари эшитилиб, ишга доир материаллар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Vaqt.uz мухбири хабар берди.

Тадбиркор даъвосидан воз кечди

Судда дастлаб Самарқанддаги қурилиш фирмаси таъсисчиси бўлган тадбиркорнинг кўрсатмаси тингланди. У 2023-йилда «Sirojiddin Media» каналида унинг тадбиркорлик фаолияти бўйича чиққан танқидий кўрсатуви сабабли моддий ва маънавий зарар кўргани, кейинчалик моддий қиймат эвазига унинг муносабати олинган иккинчи материали ҳам эълон қилинганини билдирди. У тадбиркор устидан воқеалардан 3 йил ўтиб — 2026-йилда шикоят қилганини эса «Одилов медиа кишиси экани ва бунгача унга қарши боришга қўрққани» билан изоҳлади.

sirojiddin media 2


Бироқ судланувчининг адвокатлари берган саволлар давомида муҳим ҳолат юзага чиқди: блогер чоп этган дастлабки кўрсатувда ёлғон маълумотлар бўлмаган. Қолаверса, айнан ушбу танқидий материалдан сўнг тадбиркорнинг ўзи Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айбдор деб топилиб, жавобгарликка тортилган ва жабрланган бошқа тадбиркорларга моддий зарарлар тўлаб берилган.

Тадбиркор адвокатлар келтирган бу маълумотларни тасдиқлади ҳамда бугунги кунда Сирожиддин Одиловга нисбатан ҳеч қандай моддий ёки маънавий даъвоси йўқлигини билдириб, буни судга ёзма равишда тақдим этди.

sirojiddin media 3

Сирожиддин Одилов: «Айбловлар ортида ўқитувчи Гулираъно Қосимова иши турибди»

Шундан сўнг судя судланувчи Сирожиддин Одиловнинг ўзига сўз берди. Блогер ўз кўрсатмасида фаолиятини ҳар доим қонун доирасида олиб боргани, ҳеч қачон фирибгарлик қилмаганини таъкидлади. Одиловнинг билдиришича, унга нисбатан қўзғатилган ушбу жиноят иши фарғоналик ўқитувчи Гулираъно Қосимова иштирокидаги суд жараёнларини фаол ва холис ёритгани билан боғлиқ.

«Шу иш сабаб мен билан қасдлашганлар қиляпти буларни. Масалан, қамалишим ҳақида терговга чақирилишимдан 3 ой аввал менга хабар беришганди», — деди судланувчи.

У судя, давлат қораловчиси ва адвокатларнинг барча саволларига батафсил жавоб берди. Сўнгра судя йиғилганлар гувоҳлигида ишга оид бошқа видео, аудио ва ҳужжатли далилларни ҳам атрофлича кўриб чиқди.

Музокара босқичи яна ортга сурилди

Иш бўйича барча кўрсатма ва материаллар ўрганиб бўлингач, судя музокара учун сўз навбатини давлат қораловчисига берди. Бироқ прокурор ишга яқинда киришгани сабабли музокарага тайёр эмаслигини билдириб, мажлисни қолдиришни сўради.

sirojiddin media 4


Судя эса прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантириб, музокара босқичини 24-сентябр кунига белгилади.

Teglar

Mavzuga oid