Сув учун кураш: Ўзбекистон глобал ташаббусга қўшилди

Kecha 21:192 daqiqa

Ўзбекистон «Water Forward» ташаббусига қўшилиб, 2030 йилгача сув таъминоти ва инфратузилмани тубдан яхшилашни мақсад қилмоқда.

Сув учун кураш: Ўзбекистон глобал ташаббусга қўшилди © Foto: t.me/wbuzbekistan

Ўзбекистон Жаҳон банки гуруҳи томонидан илгари сурилган «Water Forward» ташаббусига қўшилган илк давлатлар қаторидан жой олди.

Мазкур ташаббус Жаҳон банки томонидан 15 апрел куни Вашингтонда ўтказилган баҳорги учрашувлар доирасида эълон қилинди.

Тадбирда Жаҳон банки президенти Ажай Банга, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва қатор халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон номидан бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қатнашди.

Сув соҳасидаги ислоҳотлар

Қайд этилишича, «Water Forward» ташаббуси сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш, озиқ-овқат ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда қурғоқчилик ва сув тошқинларига чидамли инфратузилма яратишга қаратилган. Лойиҳа доирасида иштирокчи давлатлар халқаро молия институтлари ва хусусий сектор ресурсларини жалб қилиш имконига эга бўлади.

Жаҳон банки 2030 йилгача 400 миллион кишини сув хавфсизлиги билан таъминлашни режалаштирмоқда. Ҳамкор ташкилотлар иштирокида ушбу кўрсаткични 1 миллиард аҳолига етказиш кўзда тутилган.

Халқаро ҳамкорлик

Ташаббусда Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки каби йирик молиявий институтлар иштирок этмоқда.

Лойиҳанинг илк иштирокчилари қаторида Ўзбекистондан ташқари Албания, Ангола, Боливия, Виетнам, Конго ДР, Иордания, Камбоджа, Камерун, Кения, Кот-д’Ивуар, Сенегал, Серра-Леоне ва Ямайка каби давлатлар бор.

Миллий мақсадлар

Жамшид Қўчқоров ўз нутқида ҳукумат Жаҳон банки билан биргаликда Ўзбекистон учун сув пактини ишлаб чиққанини таъкидлади.

«Пакт Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган Тараққиёт стратегияси мақсадларига тўлиқ мос келади. Хусусан, ҳужжатда суғориладиган ерларнинг 100 фоизида (4,1 миллион гектар) сув тежовчи технологияларни жорий этиш, суғоришдаги сув йўқотишларини 25 фоизга камайтириш, аҳолининг тоза ичимлик суви ва санитария хизматларидан умумий фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш жараёнларини рақамлаштириш кўзда тутилган», – деди Жамшид Қўчқоров.

Минтақавий хавфлар

Мутахассислар прогнозига кўра, 2040 йилга бориб Марказий Осиё аҳолиси 96 миллион кишига етади. Бу эса сув ресурсларига босимни янада оширади.

Шу сабабли, янги ташаббус нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid