Танкерлар Ҳўрмуз бўғозидан қочмоқда

01.03.2026 | 10:553 daqiqa

Дунёдаги энг муҳим нефт экспорт йўналиши бўлган Ҳўрмуз бўғози ҳозирда деярли ёпилган. Бу нефт нархининг кескин ошишига олиб келиши айтилмоқда.

Танкерлар Ҳўрмуз бўғозидан қочмоқда

АҚШ ва Исроилнинг Эронни бомбардимон қилиши ортидан нефт ва газ танкерлари Ҳўрмуз бўғози орқали юришдан тобора кўпроқ воз кечмоқда, деб ёзади «Bloomberg».

Кеча, 28 феврал куни мазкур йўналиш бўйича ҳаракатланиши керак бўлган айрим кемалар бу сув йўлидан ташқарида қолмоқда, аллақачон ўтишни бошлаганлари эса ортга қайтган.

Ҳўрмуз бўғози атрофида нима юз бермоқда?

Ҳўрмуз бўғозига яқинлашаётган кемалар Эрон Ислом инқилоби посбонлари вакилларидан «бўғоз орқали ўтиш тақиқланади» деган сигнал олмоқда, деб маълум қилди «Reuters»га ЕИнинг «Аспидес» денгиз миссияси ходими (ушбу миссия Қизил денгизда хусийлар ҳужумларидан кема қатновини ҳимоя қилиш учун тузилган). «Bloomberg» эса кемалар тегишли радиосигнални эшитгани, у тахминан Эрон Ҳарбий-денгиз кучларидан узатилгани ҳақида ёзди.

Кейинчалик Эроннинг «Tasnim» агентлиги ўтиш йўли ҳозир «деярли» ёпилганини хабар қилди, Ислом инқилоби посбонлари корпуси эса Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракат хавфсиз эмаслиги ҳақида кемаларни огоҳлантирмоқда.

«Bloomberg» манбасига кўра, Эрон расман бўғозда кема қатновини ёпиш ҳақида фармойиш борлигини тасдиқламаган. Аввалроқ АҚШ томони кема эгалари ва капитанларни Яқин Шарқдаги ҳарбий объектлардан 30 денгиз мили (тақрибан 55 км) масофада юриш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. Шу фонда Япониянинг йирик компанияси «Nippon Yusen KK» ўз флотларига Ҳўрмуз бўғози орқали ўтмаслик бўйича кўрсатма берган, Греция эса ўз савдо кемаларини йўналишларни қайта кўриб чиқишга чақирган. Кема эгаларидан бири «Bloomberg»га АҚШ тавсиясини амалда сув йўлини ёпиш деб талқин қилганини билдирган.

Кузатув маълумотларига кўра, айрим танкерлар Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш олдидан орқага бурилган. Агентликнинг вазиятдан хабардор яна бир манбаси камида битта кема эгаси танкерни ушбу ўтиш йўли орқали юбормасликка қарор қилганини айтган.

Бироқ баъзи кемалар ҳали ҳам бўғоз орқали ҳаракатланмоқда, деб ёзади «Bloomberg». Кузатув маълумотларига кўра, огоҳлантиришлар эълон қилинганидан сўнг камида еттита кема бўғоздан чиққан, олтитаси эса унга кирган.

Ҳўрмуз бўғози бўйича чеклов нимани англатади?

Теҳрон кўп йиллар давомида ҳар қандай ҳужумга жавоб сифатида Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилиб келган, бироқ ҳеч қачон таҳдидларини тўлиқ амалга оширмаган ва сув йўлини бутунлай ёпмаган. Мазкур бўғоз — дунёдаги энг муҳим нефт экспорт йўналиши бўлиб, Форс кўрфазидаги йирик ишлаб чиқарувчилар — Саудия Арабистони, Эрон, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликларини Умон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайди. Ҳар куни жаҳондаги денгиз орқали етказиб бериладиган нефт ва суюлтирилган табиий газ ҳажмининг бешдан бир қисми — 25 фоизи — айнан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади.

«The Wall Street Journal» билан суҳбатда «Oxford Economics»нинг энергетика прогнози бўлими раҳбари Бриджит Пейн таъкидлашича, ҳатто кичик чеклов ҳам танкерлар трафигининг 50 фоизгача қисқаришига олиб келиши мумкин. Унинг қайд этишича, бундай вазият нефт нархини баррели учун 84 долларгача кўтариши мумкин. Агар ўтиш йўли орқали транзит бир ҳафтага тўлиқ тўхтатилса, нефт нархи баррели учун 140 долларгача сакраши эҳтимолдан холи эмас.

Кемаларнинг бўғозни айланиб ўтиши нималарга таъсир қилади?

«Bloomberg» таъкидлашича, Ҳўрмуз бўғози орқали юк оқимининг қисқариши АҚШнинг Эронга ҳужум қилиш қарори ортидан товар бозорларида юзага келган узилишларнинг илк белгисидир. Бироқ можаро эскалацияси қанча давом этиши ҳозирча ноаниқ.

«2 март куни бозорлар очилгандан сўнг трейдерлар эҳтимол нефт сотиб олишни кучайтиради, бу эса нархларнинг ошишига олиб келади», – деб ёзган «Bloomberg».

Бироқ бу тренд қанча давом этиши кейинги 24 соатдаги воқеаларга боғлиқ бўлади. 27 феврал куни савдолар ёпилишида «Brent» маркали нефт нархи баррели учун 73 доллардан ошган.

Teglar

Mavzuga oid