Logo

Тошкентликлар Президентга нимадан энг кўп шикоят қилмоқда?

Президент қабулхоналарига Тошкентдан келган такрорий мурожаатлар сони кескин ошган. Таҳлил аҳолини энг кўп қийнаётган муаммолар ва идоралардаги камчиликларни очиқлади.

Тошкентликлар Президентга нимадан энг кўп шикоят қилмоқда? © Foto: prezident.uz

2026 йилнинг январ–май ойларида Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Тошкент шаҳри аҳолисидан жами 48,3 мингта мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,7 фоизга кўп. Бу ҳақда қабулхона матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур даврда энг кўп мурожаатлар қуйидаги йўналишларга тўғри келган:

• алимент, қарз ундириш ва ижро иши юритишга оид масалалар — 5,4 мингта;

• ҳуқуқбузарлик, фирибгарлик ҳамда суриштирув-тергов ҳаракатлари бўйича — 5,2 мингта;

• хизматчилар фаолияти ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ масалалар — 3,2 мингта;

• нафақа тайинлаш, моддий ёрдам ажратиш ва пенсияга оид масалалар — 2,7 мингта;

• бошқарув сервис компаниялари фаолиятига оид масалалар — 2 мингта;

• кредитлар, банк пластик карталари, банкоматлар ва тўлов тизимлари бўйича — 1,9 мингта;

• йўл ҳаракати қоидалари бузилганини расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид масалалар — 1,3 мингта.

Такрорий мурожаатлар ошган

Таҳлиллар шаҳар ташкилотлари томонидан мурожаатлар билан ишлашда айрим камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатган.

Хусусан, январ–май ойларида Тошкент шаҳри аҳолисидан 5282 та такрорий мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 142 фоизга кўп.

Маълум қилинишича, 2779 нафар фуқаро бир масала юзасидан 3 мартадан 10 мартагача мурожаат қилишга мажбур бўлган. Яна 265 нафар фуқаро 10 мартадан 25 мартагача, 65 нафар фуқаро эса 25 мартадан ортиқ мурожаат йўллаган.

Жумладан:

• Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси — 13 та;

• Тошкент шаҳар ҳокимлиги — 12 та;

• Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси — 4 та;

• Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси — 4 та;

• Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси — 3 та;

• Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси — 2 та;

• Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси — 2 та;

• Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси — 1 та;

• Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси — 1 та.

«Аниқланган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўриш топшириғи берилди» — дейилади хабарда.

Teglar

Mavzuga oid