Logo

Хакерлар дунёдаги энг йирик парол сақлаш хизматларидан бирини бузиб кирди

Хакерлар дунёдаги энг йирик парол сақлаш хизматларидан бири — 1Password’нинг ички тизимларига кириб, бир гуруҳ мижозларнинг исми ва электрон почта манзилларини нусхалаб олди.

Хакерлар дунёдаги энг йирик парол сақлаш хизматларидан бирини бузиб кирди © Sun'iy intelekt

Хакерлар 1Password компаниясининг айрим бэкенд тизимларига рухсатсиз кириб, бир гуруҳ фойдаланувчиларнинг исми, электрон почта манзили ва ҳисоб қайдномасига оид чекланган маълумотларини нусхалаб олди. Шу билан бирга, мижозларнинг маълумотлар омбори (vaults), уларда сақланаётган ёзувлар ва ҳимоя калитларига зарар етмаган. Бу ҳақда 25 ноябрь куни компаниянинг расмий блогида маълум қилинди.

Компания баёнотида таъкидланишича, 1Password фойдаланувчиларнинг асосий пароли ёки махфий калитларига (Secret Key) кириш имкониятига эга эмас, шу боис ҳужумчилар ҳеч бир вақтда мижозларнинг махфий омборларидаги маълумотларни қўлга кирита олмаган. Ҳозирда 1Password иловалари ва хизматлари одатдаги тартибда ишламоқда.

Ҳужум қандай содир бўлди?

1Password 19 ноябрь куни ҳужумчи компания ходимларидан бирининг корпоратив GitHub ҳисобига кириш имкониятини қўлга киритгани ҳақидаги белгиларни текширишни бошлаган. Маълум бўлишича, хакер ушбу ҳисоб орқали манба кодига кириб, бэкенд хизматларига зарарли код жойлаштирган. Натижада тизим мижозларга оид маъмурий маълумотларни юклаб олган.

Бундан ташқари, ҳужумчи ёпиқ репозиторийлардан манба кодини нусхалаб олган ва компаниянинг CI/CD тизимига кириш имкониятига эга бўлган. Компания манба кодида мижозлар маълумотлари ёки фойдаланувчилар сирлари йўқлигини билдирди. CI/CD тизимида маҳсулот ишлаши учун зарур бўлган инфратузилма калитлари сақлангани сабабли ошкор бўлган бўлиши мумкин бўлган барча ички кириш маълумотлари алмаштирилган.

Қайси маълумотлар сизиб чиқди ва нималар хавфсиз қолди?

Ҳужумчи фойдаланувчиларнинг маълум бир қисмига тегишли қуйидаги ҳисоб ёзувларини юклаб олган:

— тизимга киришда ишлатиладиган исмлар ва электрон почта манзиллари;
— ҳисоб ва фойдаланувчи идентификаторлари, ҳисоб яратилган ва охирги марта кирилган вақтлар;
— очиқ калитлар (улар тузилишига кўра очиқ бўлиб, фойдаланувчи хавфсизлигига таъсир қилмайди);
— Secure Remote Password протоколи параметрлари (улар орқали ҳисобга кириб бўлмайди);
— таклифномалар, ҳисобни созлаш (provisioning) ва тиклаш учун электрон почтага юборилган айрим ҳаволалардаги токенлар;
— ички архитектурага оид бошқа махфий бўлмаган метамаълумотлар (масалан, версия ва файлларнинг рақамли идентификаторлари).

Компаниянинг тушунтиришича, SCIM Bridge ёки Hosted Provisioning доирасида юбориладиган таклифнома ва тиклаш токенлари ҳужум пайтида оз сонли фойдаланувчиларда фаол бўлган ва уларнинг барчаси бу ҳақда алоҳида хабардор қилинган. Мазкур токеннинг ўзи билан ҳисобга кириб бўлмайди — бунинг учун SSO орқали кириш ёки рўйхатдан ўтган электрон почтага юборилган олти хонали код талаб этилади.

Қуйидаги маълумотлар ва тизимларга эса ҳужум таъсир қилмаган:

— фойдаланувчиларнинг маълумотлар омборлари ва улардаги барча ёзувлар;
— омборларни ҳимоя қилувчи калитлар (асосий парол ва Secret Key);
— ҳисобни тиклаш калитлари;
— 1Password иловалари ва браузер кенгайтмалари.

Компания қандай чоралар кўрди?

Ҳодиса аниқлангач, 1Password хавфсизликни таъминлаш бўйича қатор чораларни амалга оширган:

— бузилган GitHub ҳисоби ўчириб қўйилган, ўғирланган токен бекор қилинган ва ҳужумчи яратган кириш йўллари бартараф этилган;
— зарарланган хизматларнинг тоза версиялари тикланиб, ошкор бўлиши мумкин бўлган барча ички кириш маълумотлари янгиланган ёки бекор қилинган;
— эҳтиёт чораси сифатида таклифнома ва ҳисобни тиклаш хатларидаги олти рақамли кодлар ўнта ҳарф ва рақамдан иборат кодларга узайтирилган (бу кодни тахмин қилиб топишни амалда имконсиз қилади);
— ички GitHub, CI/CD ва қурилмалар назорати кучайтирилган ҳамда бу турдаги ҳужумларни аниқлаш тизимлари қўшилган;
— ошкор бўлган токенлар орқали бирорта ҳам фойдаланувчи ҳисоби эгаллаб олинмагани тасдиқланган;
— кўрилган чораларни текшириш учун мустақил киберхавфсизлик мутахассислари жалб қилинган.

Фойдаланувчиларга тавсиялар

1Password мижозларга ўз ҳисобларида ҳеч нарсани ўзгартиришга ҳожат йўқлигини билдирди. Шу билан бирга, компания фойдаланувчиларни 1Password номидан келиши мумкин бўлган кутилмаган электрон хатлар, SMS ёки қўнғироқлар — жумладан, ўзлари сўрамаган таклифнома ва ҳисобни тиклаш сўровлари шаклидаги фишинг уринишларидан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Таъкидланишича, 1Password ҳеч қачон мижозлардан ҳисоб пароли ёки махфий калитни (Secret Key) сўраб мурожаат қилмайди. Уларни фақат фойдаланувчи ўзи очган расмий илова ёки расмий веб-сайтда киритиш лозим. Шубҳали ҳолатлар кузатилганда, support@1password.com манзилига хабар бериш тавсия этилди.

«1Password тизимларимиз бузилган тақдирда ҳам омборингиз мазмуни ошкор бўлмайдиган қилиб яратилган. Омборингиздаги сирлар фақат сизда сақланадиган калитлар билан шифрланган, шунинг учун уларга на биз, на серверларимизга кирган ҳужумчи кира олади», — дейилади компания баёнотида.

Teglar

Mavzuga oid