Хитойликлар Қорақалпоғистондаги «Урусой» конида 4 тонна олтин захирасини аниқлади
Президент йиғилишида таъкидланишича, Қорақалпоғистон ҳудудининг атиги 20 фоизида геология ишлари ўтказилган.

Хитойлик инвестор Қораўзакдаги «Урусой» конига 33 миллион доллар сармоя ва технология олиб кириб, 200 гектарда 4 тонна олтин захирасини аниқлади. Бу ҳақда Нукус шаҳрида президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон ҳудудининг атиги 20 фоизида геология ишлари ўтказилган. Шу сабабли йирик инвесторлар келаётган бир пайтда хомашё захиралари бўйича маълумотлар етарли эмас.
Йиғилишда инвесторлар кўтарган масалаларни бир ойда ҳал қилиш, 1 минг иш ўрнига эга олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш кластери ташкил этиш топширилди. Комплекс геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиш ва конлар захираларини қайта баҳолаш вазифаси ҳам қўйилди.
Янги захиралар
Қўнғиротдаги «Борса келмас» конидан ҳар йили 1 миллион тонна техник туз қайта ишланмасдан сотилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, Бўзатовдаги «Кусканатау» конида мирабилитни қайта ишлаб, йилига 45 минг тонна натрий сульфат, астраханитдан эса магний сульфат олиш мумкинлиги айтилди.
Берунийдаги кварцит конига Германия компанияси 30 миллион доллар киритиб, кристалл кремний ишлаб чиқариш ва йилига 25 миллион долларлик экспортни йўлга қўйишни режалаштирган.
Таъкидланишича, жаҳон бозорида бир тонна кристалл кремний 5,5 минг доллар туради.
Йиғилишда кимё саноати мутасаддиларига дастлабки 400 миллион долларлик режага қўшимча 200 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 5 минг иш ўрни яратиш вазифаси топширилди.





