Ходимларининг солиқдан қарздорлиги энг кўп бўлган 3 та ташкилот номи маълум бўлди
Республика бўйича барча корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимлар 282,8 миллиард сўм ер солиғи ва 215,9 миллиард сўм мол-мулк солиғини ҳалигача тўламаган.
© ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимлар томонидан 2026-йилда тўланмасдан қолаётган мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлик миқдори 498,7 миллиард сўмдан ошди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси статистикасида келтирилган.
Қайд этилишича, 2026-йил 22-июль ҳолатига кўра, 183 минг 668 та ташкилотнинг 885 минг 336 ходимида 1 миллион 69 минг 710 солиқ объекти бўйича 282,8 миллиард сўм ер солиғи ва 215,9 миллиард сўм мол-мулк солиғи, умумий ҳисобда 498,7 миллиард сўм тўланмаган солиқ қарздорлиги мавжуд.

Бу қарзнинг катта қисми тижорат ташкилотлари ходимлариники бўлиб, уларда 387,9 миллиард сўм солиқ қарзи бор. Бюджет ташкилотлари ходимларининг қарздорлиги 90,8 млрд сўмга, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлариники эса 20 млрд сўмга тенг.
Ходимлари энг кўп солиқ тўлаши лозим бўлган ташкилотлар топ 3 талиги қуйидагилар:
«Темирйўлларинфратузилма» АЖ — 5,6 млрд сўм;
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ — 4,2 млрд сўм;
«Олмалиқ конь-металлургия комбинати» АЖ — 4,1 млрд сўм.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти директорининг ўринбосари Дилшод Султонов 1 фоизлик солиқ кешбеки тизимини тезроқ бекор қилишни таклиф қилганди.




