Logo

Яккасаройда йирик авария: канализация қувури ёрилиб кетди

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида йирик авария ҳолати юзага келди. Пойтахтнинг 3 та туманидан оқиб ўтувчи марказий канализация қувури ёрилиб кетган. Қурилиш ҳудудида котловон ишлари нотўғри амалга оширилгани бунга сабаб қилиб айтилмоқда.

3-июл куни Яккасарой тумани Дилбулоқ маҳалласида жойлашган “Better Best” МЧЖ қурилиш объекти ҳудудида оқова сув тармоғида техник носозлик юзага келиб, диаметри 1800 мм бўлган темир-бетон канализация тармоғи шикастланди. Натижада ер қопламасининг қисман чўкиши ва ўпирилиши кузатилган.

 Дастлабки ўрганишларга кўра, қурилиш ташкилоти томонидан олиб борилган қазиш ишлари жараёнида хавфсизлик меъёрларига тўлиқ риоя этилмаганлиги ҳамда канализация тармоғи қувурига яқин масофада ер қазиш ишлари амалга оширилгани оқибатида мазкур ҳодиса юзага келган.

 Айни вақтда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ мутахассислари томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда авария ҳолатини бартараф этиш ҳамда оқова сув тармоғини тиклаш ишлари олиб бориляпти.

 Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясига кўра, қурилиш ишлари жараёнида масъул шахсларнинг эътиборсизлиги оқибатида оқова сув тармоғи қувурига шикаст етказилган ва натижада авариявий ҳолат юзага келган. “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ ва қурилиш инспекциячи томонидан қурилиш фирмаси қурилишдаги қоидабузарлик ҳолатлари бўйича бир неча маротаба огоҳлантирилган. Аниқланишича, пойтахтнинг 3 та туманидан оқиб ўтувчи мазкур марказий канализация қувури Сергели туманида жойлашган Салор сув тозалаш иншоотига йўналтирилган.

 Ҳолат бўйича дастлабки ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган. Туман ҳокимлиги қоидабузарликлар тасдиқланган тақдирда, айбдор шахслар ва ташкилотлар жавобгарликка тортилишини билдирди.

 

Бахтиёр Тўхтаев, журналист

Оператор ва монтажчи: Мироқил Хайруллаев

Teglar

Baxtiyor To‘xtayev

Baxtiyor To‘xtayevMaqolalar soni: 28

Barchasi

Mavzuga oid