
91 ёшли куёв, ёдга тушган Ўш воқеалари ва 700 минг кишига кўпайган аҳоли — 27 январ дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда энг кекса куёв 91, келин эса 85 ёшда экани маълум бўлди
2025 йил давомида Ўзбекистонда жами 267 131 та никоҳ қайд этилиб, улар орасида рекорд ёшдаги кўрсаткичлар кузатилди: энг кекса куёв 91 ёшни, энг кекса келин эса 85 ёшни ташкил этди. Никоҳ тузишнинг ўртача ёши эркаклар учун 25, аёллар учун эса 22 ёш бўлиб қолмоқда. Умумий никоҳлар сони ўтган йилга нисбатан 1,7 фоизга камайган бўлса-да, 30 ёшдан кейин оила қураётганлар сони сезиларли даражада ошган (қарийб 40 мингта).
Мутахассислар кеч оила қуриш тенденциясини таълим ва касбий барқарорликка интилиш билан изоҳламоқдалар. Шунингдек, йил давомида чет эл фуқаролари билан 3 394 та халқаро никоҳ қайд этилган бўлиб, уларнинг аксариятини (2 068 та) аёллар ташкил этган. 30 ёшгача бўлган фуқаролар эса ҳануз энг фаол қатлам бўлиб, улар иштирокида 227 мингдан ортиқ янги оилалар барпо этилган.
Ҳаж ва Умра зиёрати учун ягона электрон портал жорий этилди
Ҳукуматнинг янги қарорига (27-сон, 24.01.2026 й.) мувофиқ, Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш тизими тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Эндиликда зиёратга борувчилар махсус ягона электрон портал орқали рўйхатдан ўтишлари шарт. Янги тартиб Ҳаж зиёрати учун 2026 йил 1 февралдан, Умра зиёрати учун эса 1 майдан бошлаб мажбурий этиб белгиланди. Портал орқали рўйхатдан ўтмаган фуқароларнинг сафарларини ташкил этишга йўл қўйилмайди.
Ушбу тизимни жорий этишдан асосий мақсад — зиёрат навбатлари ва квоталарни ҳисобга олишда шаффофликни таъминлаш, ноқонуний сафарларнинг олдини олиш ҳамда зиёратчилар хавфсизлигини оширишдир. Ягона база орқали давлат органлари зиёрат жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш имконига эга бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, порталнинг ишга туширилиши рўйхатга олиш жараёнини соддалаштиради ва тартибсизликларга чек қўяди.
«Ўзбекнефтгаз»даги тафтиш, ҳайфсан олган мансабдорлар ва қамоқдаги собиқ амалдорлар
Бугун, 27 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев бир ойдан бери қамоқда экани айтилаётган ИИВ вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Рустам Турсуновнинг ҳибсга олинганини расман тасдиқлади. Улар давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Умуман олганда, коррупциявий схемалар орқали давлатга 4,2 триллион сўм зарар етказилгани аниқланиб, 55 нафар шахс қамоққа олинган. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида ҳам йирик талон-торожликлар фош этилиб, агентлик директори А. Ортиқов лавозимидан озод этилди.
Йиғилишда Тошкент шаҳридаги жамоат хавфсизлиги ва солиқ маъмурчилиги қониқарсиз экани кескин танқид қилинди. Натижада Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи ва пойтахтнинг барча туман солиқ инспекциялари бошлиқлари ишдан олинди. Пойтахтда яширин иқтисодиёт ҳажми 60 триллион сўмга етгани, ИИББ ва прокуратура тизимида жиноятларни яшириш ҳамда суст ишлаш ҳолатлари кўплиги айтилди. Шаҳар ИИББ бошлиғи Р. Султонхўжаев ва шаҳар прокурори в.б. А. Ўрмоновга ҳайфсан берилиб, 6 ойлик синов муддати тайинланди.
Ислом Каримов ва Чингиз Айтматов: Марказий Осиёни катта урушдан асраб қолган тарихий мулоқот
Машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг синглиси Роза Айтматова 1990 йилги Ўш фожиалари пайтида акаси ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Ислом Каримов ўртасида кечган қалтис музокаралар тафсилотини очиқлади. Ўша воқеалар фонида Москвада бўлиб турган Чингиз Айтматов тўсатдан Бишкекка эмас, балки биринчи бўлиб Тошкентга, Ислом Каримов ҳузурига борган.
«Нима учун бизга келмай, Ўш фожиасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга учиб бординг?» деб мен ўзидан сўраганман. У менга: «Вақт тиғиз эди. Ўша пайтда Москвада эдим. Икки халқ ўртасида қуролли тўқнашув чиқиб кетмасин деган ўй билан Ислом Каримов билан учрашиш учун ёрдамчиси орқали гаплашдим. У «Майли, Ислом Абдуғаниевич сизни қабул қилади» деди. Кечикиш мумкин эмасди. Тўғри Тошкентга учиб боришга тўғри келди. Шунинг учун Қирғизистонга дарров келолмадим», деганди. «Каримовга нима дединг кейин?» деб сўрадим. «Ислом Абдуғаниевич мени кутиб турган экан. Мен икки нафар ўзбек ёзувчисини ҳам ёнимга олдим. Биз узоқ гаплашдик. Хулоса қилиб Ўзбекистон Президентига шундай дедим: «Ислом Абдуғаниевич, биз қардош халқмиз. Қирғиз, ўзбек, қозоқ — илдизимиз бир. Агар ўртамизда катта низо чиқса, бу Ўрта Осиё учун офат бўлади», деган. Ўшанда Каримов: «Чингиз Тўрақулович, сизни тушундим. Менинг бирорта аскарим қирғиз чегарасидан ўтмайди», деб ваъда берган. Айтганидек қилди ҳам. Шундай қилиб, акам Ўрта Осиёни катта урушдан сақлаб қолган. Агар икки давлат ўртасида уруш чиққанида, бугунгача унинг азобини тортган бўлардик», - дея ёдга олди Роза Айтматова.
Ўзбекистон аҳолиси бир йилда қарийб 700 минг кишига кўпайди
2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 млн 236,7 минг кишига етди. Ўтган 2025 йил давомида аҳоли сони 693,5 минг нафарга (1,8 фоиз) кўпайган. Ўсишнинг асосий омили табиий омил бўлиб, йил давомида 879,6 минг чақалоқ дунёга келган ва 177,1 минг ўлим ҳолати қайд этилган. Гендер таркибига кўра эркаклар (50,4 фоиз) аёллардан (49,6 фоиз) бироз кўпчиликни ташкил этмоқда.
Мамлакат аҳолисининг 50,9 фоизи шаҳарларда, 49,1 фоизи эса қишлоқ жойларда истиқомат қилиб, урбанизация даражаси барқарор сақланиб қолмоқда. Аҳоли зичлиги ҳар квадрат километрга 85,2 кишини ташкил этмоқда. Миграция соҳасида эса манфий сальдо кузатилган: хорижга 10 мингдан ортиқ киши кўчиб кетган бўлса, юртимизга 1 159 нафар киши яшаш учун келган. Шунингдек, йил давомида 267,1 мингта никоҳ ва 46,9 мингта ажралиш ҳолатлари расмийлаштирилган.





