Air India компанияси 260 киши ҳалок бўлган Boeing 787 ҳалокати бўйича дастлабки ҳисоботни эълон қилди
Дастлабки ҳисоботга кўра, Аҳмадобод аэропортида парвоздан сўнг самолёт двигателларига ёнилғи етказиб бериш дарҳол кимдир томонидан ўчириб қўйилган.

Ҳиндистон фуқаро авиацияси бошқармаси 12 июн куни Аҳмадободда юз берган Boeing 787 самолёти ҳалокати сабабларига оид дастлабки ҳисоботни эълон қилди. Ҳужжат — бу тергов босқичи учун жуда батафсил ва ахборотга бой ҳисобланади — самолёт ҳалокатининг бевосита сабаби сифатида, учоқ учиш-қўниш йўлагидан кўтарилгандан уч сония ўтгач, двигателларга ёнилғи етказиб беришнинг ўчирилишига ишора қилади. Бу воқеадан ўн сония ўтиб, учувчилардан бири биринчи двигателни қайта ёққан, яна тўрт сониядан кейин — иккинчисини ҳам. Бироқ двигателлар тўлиқ ишлашга улгурмаган ва парвоздан 41 сония ўтиб, лайнер қулаган. Meduza нашри ҳалокат ва уни келтириб чиқарган сабабларни таҳил қилди.
Air India авиакомпаниясининг Аҳмадободдан Лондонга йўл олган AI-171 рейси ҳалокати 12 июн куни тонгда содир бўлди. Бу — Boeing 787 модели фойдаланишнинг 24 йиллик тарихи мобайнида ҳалокат билан тугаган илк воқеа бўлиб, унда самолёт корпуси тўлиқ текширувдан чиқарилди. Ҳалокат натижасида 241 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси, шунингдек, ердаги 19 киши ҳалок бўлди. Самолёт учганидан бироз вақт ўтиб, тиббиёт институтига тегишли ётоқхона биносига қулади.
Ҳалокат ва унга оид расмий маълумотларнинг бир ой давомида эълон қилинмагани турли тахминларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Мутахассислар форумларида (уларда амалдаги ва собиқ учувчилар ҳамда авиация муҳандислари иштирок этади) қуйидаги версиялар муҳокама қилинди:
- Учувчилар тасодифан (балки шассини йиғаман деб) самолёт қанотидаги ортқанотча (закрилка) ва олдқанотча (передкрилка)ларни учишдаги 5 позициядан 0 позицияга — яъни, круиз парвози учун мўлжалланган ҳолатга — ўтказиб юборган бўлиши мумкин. Ортқанотчалар паст тезликда (учиш ва қўниш пайтида) қанот кўтарувчи кучни ошириш учун ишлатилади. Қанот юзасининг қисқариши паст тезликда кўтарувчи кучни камайтириб, самолётнинг қулашига олиб келган бўлиши мумкин, деб ҳисоблашди ушбу версия муаллифлари.
- Номаълум сабабларга кўра ҳар икки двигател ишдан чиққан. Бу жуда кам учрайдиган ҳолат бўлиб, муҳокамаларда бундай носозликнинг эҳтимолий сабаблари келтирилди — двигателга катта қушлар галаси урилиши (энг кенг тарқалган сабаб), ёнилғининг сув, буғ ёки бошқа модда билан ифлосланиши каби омиллар назарда тутилди.
- Двигателларни бошқарувчи мустақил рақамли тизим (FADEC — Full Authority Digital Engine Control) нотўғри ишлаган, натижада двигателлар ўчирилган бўлиши мумкин.
- Пилотлар томонидан ёнилғи етказиб беришнинг қасддан ёки ҳатто ёвуз мақсадда ўчирилиши.
Ҳисоботда нима ёзилган?
Ҳисобот Ҳиндистон вақти билан 12 июл куни тун яримига яқин — ҳалокат рўй берган пайтдан бошлаб халқаро қоидалар билан белгиланган бир ойлик муддат тугашидан бир неча дақиқа олдин эълон қилинди. The Wall Street Journal маълумотига кўра, тергов жараёнида Ҳиндистон амалдорлари ва АҚШ вакиллари — жумладан, АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB), АҚШ фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (FAA), Boeing ва GE Aerospace компаниялари ўртасида зиддиятлар кузатилган (америкаликлар терговда иштирок этган, чунки лайнер АҚШда ишлаб чиқарилган). АҚШ вакиллари Ҳиндистон терговчилари жамоатчиликка жуда кам маълумот бергани, «қора қути»дан олинган маълумотларни секин расшифровка қилиб, таҳлил этганидан норози бўлишди — ҳатто, ушбу қутиларни махфий жойга олиб кетишни хоҳлашган. Шунга қарамай, ҳисобот ўз вақтида якунланди ва терговнинг бу босқичи учун жуда ахборотли чиқди (гарчи кўплаб саволларга жавоб берилмаган бўлса-да — бу бундай босқичда табиий ҳолатдир). Ҳисоботдаги асосий маълумотлар қуйидагилар:- Учувчилар — жуда тажрибали командир ва ундан камроқ тажрибага эга иккинчи учувчи — учиш арафасида Мумбайдан Аҳмадободга келган, дам олиши учун етарли вақт бўлган. Аэропортда улар тиббий кўрикдан ўтган, жумладан, организмда алкогол мавжудлигини аниқлаш учун экспресс-тест ҳам қилинган.
- Илгариги рейс экипажи махсус журналда горизонтал стабилизатор ҳолатини кўрсатувчи датчигида носозлик борлиги ҳақида ёзиб қолдирган. Ердаги техниклар ушбу муаммони бартараф этиш ишларини амалга оширган (бу носозлик камида тўғридан тўғри кейинги парвоз натижасига таъсир қилмаган).
- Самолётни иккинчи учувчи бошқарган, командир эса назоратчи учувчи (pilot monitoring) вазифасини бажарган. Самолётда юк ва юклама мувозанати меъёрда бўлган.
- Ортқанотчалар ва олдқанотчалар 5-позицияга ўрнатилган ва парвоз охиригача шу ҳолатда қолган. Шассилар йиғилмаган — учувчилар уларни йиғишга ҳам уринишмаган: бу кабинадаги куйган синиқлардан топилган шасси бошқарув тутқичи ҳолатидан аниқ кўринади.
- Самолётнинг учиш-қўниш йўлагидан қалқиб чиқиши меъёрда ўтган (ҳисоботда берилган параметрларга кўра).
- Самолёт учиш-қўниш йўлагидан кўтарилганидан уч сония ўтиб, икки двигател учун мўлжалланган ёнилғи берувчи тугмалар (ҳар бир двигател учун алоҳида) «RUN» ҳолатидан «CUTOFF» — «ўчирилган» ҳолатига ўтган. Аввал бир тугма томон «ҳаракат қилган», бир сониядан кейин иккинчиси. Бу ёнилғи етказиб беришнинг тўхташи ва двигателлар ўчишига олиб келган. Лайнер бир неча сония ичида 400 фут (тахминан 120 метр) баландлик ва 30 узел (тахминан 55 km/h) тезликка эришган. Шундан кейин у тез суръатда тезлигини йўқота бошлаган ва пасайишга ўта бошлаган.
- Бир неча сония ўтиб (аниқ вақт ҳисоботда кўрсатилмаган) учувчилардан бири иккинчисига шундай деб мурожаат қилган: «Нега двигателларни ўчирдинг?» Иккинчиси жавоб берган: «Мен бундай қилмадим». Ҳисоботда бу мулоқотнинг мазмуни келтирилган, учувчиларнинг аниқ сўзлари ва уларнинг оҳанги кўрсатилмаган.
- Двигателлар самолётнинг барча тизимларига электр энергияси ва гидравлик босим етказиб беради. Бироқ захира тизимлар ҳам бор ва улар муваффақиятли ишга тушган: лайнернинг компютер тизимлари алгоритм бўйича аввал фавқулодда турбина (RAT — ҳаво оқимида айланиб, шошилинч энергия ишлаб чиқарадиган «винт»)ни, кейин эса ёрдамчи куч қурилмасини ёққан. Бу тизим электр билан тўлиқ таъминлайди, аммо парвозни давом эттириш учун тортувчи куч бермайди.
- Двигателлар ўчирилганидан 10 сония ўтиб, улардан бирига ёнилғи бериш тугмаси яна «RUN» ҳолатига ўтган. Яна тўрт сониядан сўнг иккинчиси ҳам «ёқилган».
- Кейинги бир неча сонияда автоматик бошқарув тизими (FADEC) двигателларни кетма-кет қайта ишга туширишга уринган. Биринчиси айланишни бошлаган, иккинчиси эса улгурмаган. Паст айланишда ишлаётган ягона двигателнинг интилувчи кучи пасайишни тўхтатиш учун етарли бўлмаган.
- Иккинчи двигателни қайта ёқишга уринишдан тўққиз сония ўтиб, учувчилардан бири диспетчерларга ҳалокат сигнали юборишга улгурган.
- Яна олти сониядан сўнг «қора қути»даги параметрлар ёзуви тўхтаган — яъни, самолёт ётоқхона биносига урилган. Бу вақтда самолёт ердан кўтарилганидан буён 32 сония ўтган бўлган.





