
АҚШ Эрон томон «армада» юборди, форс армияси эса шай. Уруш яқинми?
Расмий Теҳрон АҚШ билан музокараларни эмас, балки «200 фоизли мудофаа»ни танлаганини эълон қилди.

АҚШ томонидан ҳарбий ҳужум таҳдидлари давом этаётган ҳамда минтақада янги можаронинг олдини олиш бўйича дипломатик уринишлар олиб борилаётган бир пайтда, Эрон ҳукумати ўз мамлакатини ҳимоя қилишга шай эканини эълон қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий 30 январ куни Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий Туркияда юқори даражадаги музокаралар ўтказишини билдирди. Бақоий Теҳрон «умумий манфаатларга асосланган ҳолда қўшни давлатлар билан алоқаларни доимий равишда мустаҳкамлаш» тарафдори эканини қўшимча қилди.
Ушбу ташриф минтақа етакчилари АҚШни ҳужумдан қайтариш ва ҳар икки томонни қандайдир муросага келтириш илинжида олиб бораётган қизғин дипломатик ҳаракатлар фонида амалга ошмоқда. Бироқ, 28 январ куни президент Доналд Трамп таъбири билан айтганда, АҚШнинг «армада»си — USS Abraham Lincoln авиаташувчиси бошчилигидаги ҳарбий кемалар гуруҳи Эрон сувлари яқинига жойлашишда давом этмоқда.
Эронда эса олий сиёсий, ҳарбий ва суд органи вакиллари Теҳроннинг асосий эътибори музокараларга эмас, балки мудофаага қаратилганини билдириб, қатъий оҳангда баёнотлар бермоқда.
«Ҳозирда Теҳроннинг устувор вазифаси АҚШ билан музокара ўтказиш эмас, балки мамлакат мудофаасини 200 фоизли шайликка келтиришдир», — деди Эрон музокаралар гуруҳи аъзоси Козим Ғарибободий.
Ғарибободийнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда воситачилар орқали АҚШ билан хабарлар алмашилган. Аммо у ҳатто музокаралар учун қулай шароит бўлган тақдирда ҳам, Эрон ўзини ҳимоя қилишга тўлиқ тайёр туришини таъкидлади. Мулозим ўтган йилнинг июн ойида, айнан музокаралар бошланиш арафасида Эрон аввал Исроил, сўнгра АҚШ томонидан ҳужумга учраганини эслатиб ўтди.
Армия шай ҳолатда
Эрон сўнгги кунларда ўз ҳарбий қудратини намойиш этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Июн ойидаги 12 кунлик урушдан сўнг — ўшанда бир қатор юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ҳалок бўлган ва ядровий объектларга зарба берилган эди — мамлакатда кўплаб ҳарбий машғулотлар ўтказилди.
29 январ куни Эрон армияси ўз сафларига 1000 та янги «стратегик» дронлар қўшилганини эълон қилди. Армия маълумотига кўра, булар қаторига бир марталик «камикадзе» дронлар, шунингдек, қуруқликдаги, ҳаводаги ва денгиздаги стационар ёки ҳаракатланувчи нишонларни йўқ қилишга қодир жанговар, разведка ва кибер-уруш қурилмалари киради.
«Олдимизда турган таҳдидларга мувофиқ, армия кун тартибидан тезкор жанговар ҳаракатлар ва ҳар қандай тажовузга қатъий жавоб бериш учун стратегик устунликни сақлаб қолиш ҳамда уни ошириш ўрин олган», — деди армия қўмондони Амир Ҳаматий ўз баёнотида.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ҳам ҳужумларга бардош бериш ва зарур бўлганда Исроилга ҳамда минтақадаги АҚШ объектларига баллистик ва қанотли ракеталар билан зарба бериш қобилиятига эга эканини бир неча бор таъкидлади.
«Халқимиз қурбон бўлади»
Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида эронликлар Трампнинг гоҳ таҳдидли, гоҳ музокарага тайёрлигини билдирувчи бир-бирига зид баёнотларини диққат билан кузатиб бормоқда.
Вашингтон шу ойда содир бўлган ва минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган норозилик намойишларидан сўнг, Эрон давлатини сўнгги ярим асрлик бошқаруви давридаги энг заиф ҳолатда деб ҳисоблаётган бўлса-да, Ислом Республикасининг ашаддий тарафдорлари ҳукуматни қўллаб-қувватлашда қатъийдек кўринмоқда.
«Америка ҳеч нарса қила олмайди. Мабодо улар бизга қарата ракета учирадиган бўлса, Ислом Республикаси муносиб жавоб қайтаради ва уларнинг базаларини ер билан яксон қилади», — деди теҳронлик ёш аёл «Al Jazeera» нашрига берган интервюсида.
Бироқ, ҳукумат ва унинг тарафдорлари ҳужум бўлган тақдирда Исроил ва АҚШга қанчалик зарар етказиш мумкинлиги ҳақида ўйлаётган бир пайтда, кўплаб оддий эронликлар бир йил ичида иккинчи марта уруш чиқиши улар учун нима билан якунланишидан хавотирда.
Тайёргарлик чоралари
Ҳукумат уруш эҳтимоли бўлганда фуқароларнинг тайёргарлигини ошириш чораларини кўрмоқда. Эрон президенти Масъуд Пизишкиён чегара вилоятлари ҳокимларига айрим ваколатларни топширди, бу уларга уруш ҳолатида зарурий товарлар, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини мустақил равишда импорт қилиш имконини беради.
Шунингдек, ҳаво ҳужумлари пайтида аҳолини ҳимоя қилиш учун жамоат бошпаналарига бўлган кескин эҳтиёж масаласи ҳам кун тартибига чиқди. Теҳрон шаҳар ҳокими Алиризо Законий 29 январ кунги баёнотида шаҳар муниципалитати «устувор лойиҳа» сифатида «ер ости бошпаналарини» қуришини маълум қилди.
Аммо Законий бу лойиҳа фақат «яқин йиллар ичида» якунланишини қўшимча қилди. Бу эса, агар уруш яқин кунларда бошланиб қолса, эронликларнинг бомбардимонлардан яшириниш учун жойлари яна жуда кам бўлишини англатади.
Янги можаро, шунингдек, алоқа ва интернетнинг бутунлай узиб қўйилишини ҳам англатиши мумкин — бундай ҳолат июн уруши ва яқинда бўлиб ўтган норозилик намойишлари пайтида кузатилган эди.
8 январ кечаси мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари авж олган паллада, 1979 йилги инқилобдан бери Ислом Республикаси тарихидаги энг қонли даврлардан бири кузатилар экан, давлат томонидан Эроннинг барча ҳудудларида интернет ва мобил алоқа тўлиқ ўчириб қўйилди.
Деярли уч ҳафта давом этган ва 90 миллиондан ортиқ одамга таъсир қилган ушбу блокададан сўнг, Эрон ҳукумати сўнгги кунларда интернет тезлигини қисман тиклади, бироқ кўпчилик учун алоқа ҳамон узилган ёки жиддий узилишлар билан ишламоқда.
Интернетга киришга муваффақ бўлганлар эса ўтган ҳафталардаги қонли воқеалар тасвирларини кўриб, агар уруш бошланса, бундай ҳолатлар янада кўпайишидан қўрқмоқда.





