АҚШ Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий куч юборди

05.03.2026 | 09:182 daqiqa

АҚШ мудофаа вазири минтақадаги операциялар кучайтирилаётгани ва қўшимча авиация кучлари жўнатилганини маълум қилди.

АҚШ Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий куч юборди

АҚШ Яқин Шарққа қўшимча ҳарбий кучлар юборишни бошлади. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Пентагонда 4 март куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг айтишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий компанияси ҳали бошланиш босқичида ва операциялар янада кенгайиши мумкин.

«Биз секинлашмаяпмиз, аксинча, тезлашяпмиз... Бугуннинг ўзида яна бомбардимончи ва қирувчи самолётлар етиб келмоқда», деган мудофаа вазири журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ армияси 226 kg, 453 kg ва 900 kg оғирликдаги авиация бомбаларининг катта захираларидан фойдаланиши мумкин. Хегсет Исроил ва АҚШ ҳарбийлари ҳаводан узлуксиз зарбалар бериши мумкинлигини ҳам айтди.

Эронда вафот этганлар сони

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганига беш кун бўлган бир пайтда вазирнинг бу баёнотлари халқаро миқёсда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Эроннинг «Tasnim» агентлиги маълумотига кўра, 28-февралдан бери мамлакат бўйлаб камида 1045 киши ҳалок бўлган.

Халқаро ҳуқуқ мутахассислари мазкур ҳужумларни БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши сифатида баҳолаб, уни кескин танқид қилмоқда. Гуманитар ташкилотлар эса урушнинг тинч аҳолига таъсири ортиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

Аҳолининг тўртдан уч қисми Теҳронни тарк этган

«Al Jazeera» телеканали мухбирининг маълум қилишича, Теҳрондаги ҳаво зарбалари асосан тинч аҳолига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Унинг айтишича, шаҳар аҳолисининг қарийб тўртдан уч қисми хавфсизлик сабабли Теҳронни тарк этган.

Шу билан бирга, Теҳрон ҳам ҳужумларга жавоб қайтармоқда. Эрон минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари ва унга алоқадор объектларга ракета ҳамда дронлар учирмоқда. Айрим зарбалар Форс кўрфази ҳудудидаги нефт ва газ инфратузилмасига қаратилгани хабар қилинди.

Мутахассислар бу ҳолат жаҳон энергетика бозорида узилишлар юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирганини таъкидламоқда.

Teglar

Mavzuga oid