
Дунё бойликлари кимнинг қўлида?
Жаҳон иқтисодиётидаги энг катта саволлардан бири — дунё бойликлари кимнинг қўлида экани. World Inequality Report 2026 ҳисоботига кўра, дунё аҳолисининг энг бой 10 фоизи глобал шахсий бойликнинг 75 фоизини назорат қилмоқда. Қолган 90 фоиз аҳоли эса бойликнинг атиги тўртдан бир қисмига эгалик қилади.

Дунё аҳолисининг энг бой 10 фоизи глобал бойликнинг 75 фоизини назорат қилмоқда. World Inequality Report 2026 ҳисоботида қайд этилишича, жаҳон иқтисодиёти ўсиш кўрсаткичларига қарамай, бойлик ва даромад тақсимотидаги номутаносиблик йил сайин ошиб бормоқда. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, кўплаб мамлакатларда аҳолининг катта қисми учун турмуш даражаси турғунлашиб бораётган бир пайтда, бойлик ва иқтисодий ҳокимият юқори қатлам қўлида янада мустаҳкамланиб қолиши ижтимоий барқарорликка жиддий таҳдид сифатида кўрилади.
Даромад ва бойлик: фарқ қаерда?
Даромад ва бойлик кўп ҳолларда бир хил тақсимланмайди. Энг бой инсонлар доимо энг кўп иш ҳақи олувчилар эмас. Бойлик, одатда, активлар — жамғармалар, инвестициялар ва кўчмас мулк орқали шаклланади. Шу сабабли, капиталга эгалик қилиш имконияти даромаддан кўра муҳимроқ омилга айланиб бормоқда.
2025 йилда глобал бойлик тақсимотига назар ташласак, энг бой 10 фоиз аҳоли 75 фоиз бойликка эга бўлган. Ўрта қатлам ҳисобланган 40 фоиз аҳоли улуши 23 фоизни, энг камбағал 50 фоиз аҳоли эса дунё бойликларининг атиги 2 фоизини назорат қилади.
Даромад олиш бўйича ҳам манзара ўхшаш. 2025 йилда жаҳон бўйича энг бой 10 фоиз аҳоли умумий даромаднинг 53 фоизини олган. Ўрта қатлам ҳиссасига 38 фоиз тўғри келган бўлса, аҳолининг қуйи қатламдаги 50 фоизи жами даромаднинг бор-йўғи 8 фоизини қўлга киритган.
Агар дунё аҳолиси 10 кишидан иборат деб тасаввур қилинса ва умумий даромад 100 доллар бўлса, энг бой бир киши 53 доллар олади, кейинги тўрт киши жами 38 долларга эга бўлади, қолган беш киши эса 8 долларни ўзаро бўлишиб олади.
1990 йиллардан буён миллиардерлар ва юз миллион доллардан ортиқ бойликка эга шахсларнинг бойлиги ҳар йили ўртача 8 фоизга ўсиб келяпти. Бу суръат дунё аҳолисининг энг камбағал ярми бойлигининг ўсишидан деярли икки баравар юқори.
Айниқса, энг бой 0,001 фоиз аҳоли — 60 минг нафардан кам мультимиллионер — инсониятнинг ярмига нисбатан уч баравар кўп бойликни назорат қилади.
Глобал миқёсда энг бой 10 фоиз аҳоли деганда аниқ бир давлат ёки ягона касб эгалари эмас, балки дунё иқтисодиётида ҳал қилувчи ўрин тутаётган турли соҳалар вакиллари назарда тутилади. Бу қатламга, аввало, технология ва инновация соҳасида улкан капитал жамлаган шахслар киради. Масалан, Илон Маск Tesla ва SpaceX компаниялари орқали глобал саноат ва космик технологияларга таъсир кўрсатаётган бўлса, Жефф Безос Amazon орқали жаҳон савдо ва логистика тизимининг ажралмас қисмига айланган. Билл Гейтс, Марк Цукерберг ва Ларри Пейж каби технологик гигантлар асосчилари ҳам глобал бойликнинг катта қисмини назорат қилаётган қатлам вакиллари ҳисобланади.
Молия ва инвестиция соҳасида эса дунёдаги энг йирик капитал оқимларини бошқараётган шахслар глобал энг бой 10 фоиз таркибида алоҳида ўрин тутади. Уоррен Баффет инвестиция стратегияси орқали ўнлаб йиллар давомида улкан бойлик тўплаган бўлса, Ларри Финк раҳбарлик қилаётган BlackRock жаҳондаги энг йирик актив бошқарув компанияларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Майкл Блумберг молиявий ахборот бозорида таъсирли ўйинчи сифатида эътироф этилади.
Анъанавий саноат, энергетика ва люкс товарлар сегментида ҳам энг бой қатламнинг таъсири кучли. Франциялик миллиардер Бернар Арно LVMH концерни орқали люкс брендлар бозорида етакчилик қилса, Ҳиндистонда Мукеш Амбани Reliance Industries орқали энергетика, телеком ва саноат соҳаларида улкан капиталга эга. Лотин Америкасида эса Карлос Слим телекоммуникация ва саноат активлари билан энг бой инсонлардан бири саналади.
Осиё ва Яқин Шарқ минтақаларида ҳам глобал бойликнинг катта қисми тор доирада жамланган. Хитойда ичимлик суви бозори орқали бойлик тўплаган Чжун Шаньшань, электрон тижорат соҳасида танилган Жек Ма каби тадбиркорлар глобал 10 фоиз ичидаги энг таниқли шахслардан ҳисобланади. Яқин Шарқда эса қироллик оилалари вакиллари, жумладан Мансур бин Зайед, нефть-газ, инвестиция ва молия орқали улкан капитални назорат қилади.
Шу билан бирга, муҳим жиҳат шундаки, оммавий ахборот воситаларида тилга олинаётган бу исмлар глобал энг бой 10 фоизнинг фақат энг юқори қисми, яъни миллиардерлар ва йирик корпорация эгалари ҳисобланади. Амалда эса бу қатлам анча кенг бўлиб, унга АҚШ ва Европа давлатларидаги юқори маошли шифокорлар, катта инвестиция портфелига эга ўрта синф оилалари, шунингдек бир нечта уй-жой ёки бизнес активларига эгалик қилувчи шахслар ҳам киради. Уларнинг исмлари жамоатчиликка таниш бўлмаслиги мумкин, бироқ статистик жиҳатдан улар ҳам глобал бойликнинг юқори қатламига мансуб ҳисобланади.
Ҳудудлар бўйича тенгсизлик
Глобал бойлик ва даромад тенгсизлиги дунёнинг турли ҳудудларида турлича кўринишга эга. Мутахассислар фикрича, инсоннинг қаерда туғилгани унинг иқтисодий имкониятлари, даромад топиш даражаси ва бойлик тўплаш салоҳиятини белгилаб берувчи энг муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир минтақада ҳам камбағал, ҳам бой давлатлар мавжуд бўлиб, ҳисоботда келтирилган кўрсаткичлар ўртача қийматларни акс эттиради.
Ҳисоботга кўра, Шимолий Америка ва Океания минтақаси аҳолисининг ўртача бойлиги жаҳон ўртача кўрсаткичидан 338 фоиз юқори бўлган. Бу ҳудуд дунёдаги энг бой минтақа сифатида қайд этилган. Даромадлар бўйича ҳам ушбу минтақадаги аҳоли жаҳон ўртача даражасидан 290 фоиз юқори кўрсаткичга эга. Европа ва Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам ўртача бойлик ва даромад даражаси глобал ўртачадан анча юқори бўлиб қолмоқда.
Аксинча, Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка, Жанубий Осиё, Лотин Америкаси ва Яқин Шарқнинг катта қисмида даромадлар жаҳон миқёсидаги ўртача кўрсаткичдан анча паст даражада сақланиб қоляпти. Бу минтақаларда аҳолининг катта қисми учун иқтисодий ўсиш меваси сезиларли даражада етмай қолаётгани қайд этилган.
Ҳисоботда таъкидланишича, глобал тенгсизлик умумий манзарани яққол кўрсатиб берса-да, бойлик ва даромад тақсимотидаги фарқлар мамлакатлар ўртасида ҳам кескин тафовут қилади. Айрим давлатларда тақсимот нисбатан мувозанатли бўлса, бошқаларида молиявий ресурслар жуда озчилик қўлида жамланган.
Даромад тенгсизлиги бўйича энг юқори кўрсаткич Жанубий Африкага тўғри келади. Бу мамлакатда энг бой 10 фоиз аҳоли жами даромаднинг 66 фоизини олади, аҳолининг қуйи қатламдаги 50 фоизи эса атиги 6 фоиз даромадга эгалик қилади. Лотин Америкасидаги Бразилия, Мексика, Чили ва Колумбияда ҳам ўхшаш ҳолат кузатилади — бу ерда энг бой 10 фоиз аҳолининг улуши қарийб 60 фоизни ташкил этади.
Европа мамлакатларида эса манзара нисбатан мувозанатлироқ. Масалан, Швеция ва Норвегияда аҳолининг қуйи 50 фоизи жами даромаднинг тахминан 25 фоизини олади, энг бой 10 фоиз улуши эса 30 фоиздан кам. Австралия, Канада, Германия, Япония ва Буюк Британия каби ривожланган иқтисодиётларда даромад тақсимоти ўртача даражада шаклланган бўлиб, энг бой 10 фоиз аҳоли 33–47 фоиз даромадни, қуйи 50 фоиз эса 16–21 фоиз даромадни қўлга киритади.
Осиёда эса даромад тақсимоти турлича. Бангладеш ва Хитойда нисбатан мувозанатли тизим сақланиб қолган бўлса, Ҳиндистон, Таиланд ва Туркияда даромадлар юқори қатлам қўлида жамланиши яққол намоён бўлади.
Рақамлар шуни кўрсатяптики, дунё бойликлари асосан кам сонли элита қўлида жамланган. Агар солиқ сиёсати, ижтимоий ҳимоя ва капиталга кириш имкониятлари қайта кўриб чиқилмаса, глобал тенгсизлик янада чуқурлашиши мумкин.





