Эронда бўлиб турган ўзбекистонликлар сони эълон қилинди

Ўзбекистон элчихонасининг маълум қилишича, ҳозирда Эронга қилинган ҳужумдан жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ.

Эронда бўлиб турган ўзбекистонликлар сони эълон қилинди

Ҳозирги вақтда Эрон ҳудудида 81 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Эрон Ислом Республикасидаги элчихонаси маълум қилди.

Шулардан:

8 нафари – дипломатик ваколатхоналар ходимлари

9 нафари – Қум шаҳрида таҳсил олаётган талабалар

55 нафари – Эрон ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар

9 нафари – хусусий сафар билан борганлар

«Эронда жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ», – дейилади хабарда.

Элчихона ватандошлар билан доимий алоқада бўлиб тургани ва улар билан мунтазам мулоқотни таъминлаётганини билдирган.


Яқин Шарқдаги воқеаларга Ўзбекистоннинг муносабати

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирдалигини билдирди.

«Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз», – дейилади ТИВ баёнотида.

Ўзбекистон вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаган. Ўзбекистон Республикаси минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори экани ва вазиятнинг энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор бўлиб қолиши билдирилган.

Яқин Шарқда нималар бўляпти?

Кеча, 28 феврал куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлади. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўради. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Шу орада АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берди ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлади. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлади. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлади.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади. Теҳроннинг қарши ҳужуми исроил билан чекланмади. Эрон АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базаларига ҳам зарбалар йўллади. БАА, Баҳрайн, Қатар каби давлатларда ҳам портлашлар содир бўлди.

Олдинроқ Исроил ва АҚШнинг ҳужумида Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлгани маълум бўлди. Мамлакатда мотам эълон қилинди. Армия қасос олишга ваъда берди.

Teglar

Mavzuga oid