Ислом сивилизацияси маркази: у қандай жой?
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорига асосан ташкил қилинган. Бино 9 йилга яқин вақт мобайнида тўлиқ қуриб битказилди. Vaqt.uz ҳали расман очилмаган мажмуадан эксклюзив репортаж тайёрлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017-йил 23-июлдаги қарорига асосан ташкил қилинган.
10 гектарлик ҳудуд. 161 метр узунлик. 118 метр кенглик. 65 метр баландликка кўтарилган гумбаз. Бу шунчаки меъморий иншоот эмас. Бу — 42 минг квадрат метрга жойлашган тарих, илм ва маърифат макони.
Бу ерда Ислом сивилизациясининг илмий мероси ва Марказий Осиё алломалари фаолияти замонавий экспозициялар орқали намойиш этилади.
Марказ биноси Ўзбекистон Республикаси Президентининг меъморий ғояси асосида лойиҳалаштирилган. Бино 9 йилга яқин вақт мобайнида тўлиқ қуриб битказилди.
Марказ ўзининг маҳобати, майдони ва қамровига кўра дунёда Ислом тарихи, маданияти ва сивилизацияларини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган энг катта мажмуа саналади.
Бу ерда Ислом сивилизациясининг илмий мероси ва Марказий Осиё алломалари фаолияти замонавий экспозициялар орқали намойиш этилади.
«Шон шараф» зали
Фойенинг периметри бўйлаб 14 та ярим овал равоқ жойлашган. Ушбу равоқларда мамлакатимизнинг бой тарихи, буюк алломаларимиз ва тарихий шахслар фаолияти рангтасвир услубида микромозаика тошлари ёрдамида акс эттирилган. Бу ерда биринчи ва иккинчи Ренессанс даври, Хоразмий, Фарғоний, Имом Бухорий ва Имом Термизий, Ибн Сино, Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, маърифатпарвар жадидлар сиймоларини кўриш мумкин.
Компазицияларнинг ғояларини пухталаштириш жараёнида юртимизнинг 1000 дан ортиқ, чет эллик 600 дан кўпроқ ҳам мусулмон дунёси ҳам ғарб дунёси олимлар иштирок этган.
«Исломдан аввалги давр цивилизациялари» экспозицияси
Вақт девори: ҳаммаси бўлиб 250 метрни ташкил қилади. Бу деворда халқимизнинг энг камида 3000 йиллик давлатчилиги тарихи барельеф, миниатюралар ва маҳобатли рангтасвир асарлари кўринишида акс эттирилади. Шунингдек ушбу девор бўйлаб турли давларга оид экспонатлар, нумизматика намуналари, хариталар, вилеороликлар, интерактив ўйинлар жойлаштирилган.
Исломдан олдинги давр Вақт деворида Қадимги маданият илдизлари, Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Чоч ва Фарғона, қадимги савдо йўллари акс этган барельеф суратларни кўришимиз мумкин.
Экспозиция юртимиздаги илк маданий ёдгорликлари Навоий вилоятидаги Сармишсой қоятош суратлари билан очилади. Бу петроглифлар 8-10 минг йиллик тарихга эга бўлиб, бу ерда 12 мингтагача петроглифларни кўрамиз.
Исломдан олдинги мерос галереяси ташрифчиларни минглаб йиллар орқага етаклайди. Унда археологик ашёлар, петроглифлар, бронза даври буюмлари ва қадимий ёзув намуналари намойиш этилади.
«Биринчи Ренессанс» зали
Биринчи Ренессанс зали VIII–XIII асрларни қамраб олиб, Ислом Олтин асрида юз берган илмий инқилобни ёритади. Бу ерда «Ҳикмат уйи»нинг интерактив реконструкциялари, алгебра ва астрономияга оид кашфиётларнинг голографик намойишлари ҳамда Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк алломаларнинг сунъий интеллектга асосланган аватарлари орқали математика, тиббиёт, астрономия ва фалсафанинг ривожи намоён этилади.
Зал тўрида муқаддас Каъбанинг эшиги нусхаси ва 1988 йилда ишлатилган каъбапўшнинг асл нусхаси жойланган. Шуннгдек, бу ердва 13-14 асрларда Мисрда мамлуклар даврида ясалган каъба калитларини, Кисванинг 2023-йилда Саудия Арабистон Подшоҳи Салмон ибн Абдуулазиз Ўзбекистон раҳбарига туҳфа қилган парчасини кўриш мумкин.
Залнинг ўнг томонидан еттита капсула бўлиб, уларнинг ҳар бири Биринчи ренессансга алоқадор мавзуларга қаратилган. Масалан, 1-капсулада исломнинг тарқалиши билан боғлиқ маълумотлар, видеомаълумотлар ва интерактив матнлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с а в) жаҳон ҳукмдорларига юборган мактуб нусхалари, Каъба сурати ва илоҳий дуоалар битилган кашталар, Қуръони каримнинг 9-11 асрларга асрларга оид саҳифалари ва қўлёзмалари ўрин олган.
Иккинчи Ренессанс экспозицияси
Кейинги саёҳатимиз иккинчи ренесанс залига бўлади. Иккинчи Ренессанс зали Темурийлар даврига бағишланган бўлиб, Самарқанд ва Ҳиротда шаклланган юксак санъат ва илмий тараққиёт муҳитини акс эттиради.
Экспозицияда Амир Темур даврига оид кашфиётлар ва илмий ютуқлар харитаси илк бор намойиш қилинади. Бунда Амир Темур даври ирригация-муҳандислик кашфиётлари, меъморчилик, китобат, илм-фан, ислом илмларига оид кашфиётлар алоҳида намойиш этилади.
«Вақт деворида» Амир Темур ва темурийлар яратилган қўлёзмалардан олинган миниатюралар, уларда акс этган тарихий шахслар сиймосини кўриш мумкин. Шунингдек ушбу девор бўйлаб турли давларга оид экспонатлар, нумизматика намуналари, хариталар, вилеороликлар, интерактив ўйинлар жойлаштирилган.
«Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс» зали
Бу зал тарихни бугунги кун билан боғлайди. Унда «Янги Ўзбекистон» сифатида эътироф этилаётган замонавий Ўзбекистоннинг ислоҳотлари, инновациялари ва стратегик қарашлари намойиш этилади.
Сўнгги тўққиз йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида юзага келган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий жараёнлар, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, давлатимизнинг ташқи ва ички сиёсати устувор йўналишлари, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ёритиб берилади.
Залга кириш жойида Янги Ўзбекистонда Президент бошчилигида аамалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги ролик намойиш қилинади.
Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази — ўтмиш, бугун ва келажакни бирлаштирган ноёб макон. Чунки бу ерда шунчаки тарих эмас — минг йиллик илмий тафаккур ва маънавий мерос мужассам.
Бу ерга бир марта келиш — тарихни кўриш эмас, уни ҳис қилиш демак.
Teglar






