Logo

Ўзбекистонликлар ҳамон энг кўп коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда

Бугун 18:103 дақиқа

Май ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этган бўлса-да, коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи-энергия нархларининг қимматлашишига оид хавотирлар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонликлар ҳамон энг кўп коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда

2026 йил май ойида аҳолининг йиллик инфляцион кутилмалари 10,1 фоизни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 0,2 фоиз бандга пасайди. Тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари эса аҳолиникидан кўпроқ, 0,3 фоиз бандга камайиб, 10 фоиз даражасида шаклланди. Бу ҳақда Марказий банкнинг аҳоли ва тадбиркорлар орасида ўтказган анъанавий сўровномаси натижаларида келтириб ўтилган.

Сўнгги ойларда инфляцион кутилмаларнинг пасайиш суръатлари сезиларли даражада тезлашгани қайд этилмоқда.

Асосий омиллар сақланмоқда


Марказий банк шарҳига кўра, аҳоли фикрича, нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар орасида коммунал хизматлар ҳамда ёқилғи-энергия ресурслари нархларининг ошишига оид хавотирлар етакчилик қилмоқда. Бу омилларни қайд этган респондентлар улуши ўтган ойларга нисбатан сезиларли даражада ошган.

Шунингдек, транспорт харажатлари ва монополия ва нархларнинг сунъий оширилиши билан боғлиқ хавотир билдирганлар сони ҳам кўпайган. Асосий озиқ-овқатларнинг қимматлашишидан хавотир билдирган респондентлар сони ўтган ойга нисбатан сезиларли камайган.

1

Markaziy Bank

Тадбиркорлар орасида ҳам ушбу омиллар инфляцион кутилмаларга асосий таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида сақланиб қолмоқда, бунда транспорт харажатларининг ошиши ҳам қўшимча таъсир қилувчи фактор сифатида қайд этилган.

Шунингдек, хомашё нархларининг қимматлашиши, валюта курсидаги ўзгаришлар, иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши ва солиқ юкининг юқорилигига оид хавотир билдирган тадбиркорлар улуши эса қисқарган.

2

Markaziy Bank

Соҳалар ва ҳудудлар кесимида фарқлар

Аҳоли гуруҳлари орасида энг юқори инфляцион кутилмалар пенсионерлар томонидан билдирилган бўлса, энг паст кўрсаткич талабалар ҳиссасига тўғри келган.

3

Markaziy Bank

Тадбиркорлар кесимида эса энг юқори кутилмалар қурилиш, ишлаб чиқариш ҳамда ташиш хизматлари соҳаларида қайд этилган. Кафе-ресторан хизмати ва ташиш хизматларида энг паст даражалар кузатилган.

4

Markaziy Bank

Ҳудудий жиҳатдан қаралганда, инфляцион кутилмаларнинг энг юқори кўрсаткичлари аҳоли орасида Тошкент шаҳрида, тадбиркорлар орасида эса Жиззах вилоятида қайд этилган. Энг паст кўрсаткичлар аҳоли орасида Наманган, тадбиркорлар орасида эса Андижон вилоятларида кузатилган.

5

Markaziy Bank

Даромад ва инфлация боғлиқлиги

Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг даромад даражаси инфляцион кутилмаларга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Май ойида ўтказилган сўров натижалари юқори даромадли аҳоли қатлами орасида инфлация бўйича хавотирлар нисбатан юқорироқ эканини кўрсатди.

Хусусан, ойлик даромади 30 млн сўмдан юқори бўлган респондентларда инфляцион кутилмалар 13,9 фоизни ташкил этган бўлиб, бу умумий ўртача кўрсаткичдан юқори ҳисобланади. Шунингдек, 20–30 млн сўм даромадга эга аҳоли гуруҳида мазкур кўрсаткич 12,3 фоизга етган.

Пастроқ даромадли аҳоли қатламларида эса инфляцион кутилмалар нисбатан барқарор шаклланган. Масалан, ойлик даромади 2–4 млн сўм бўлган аҳоли орасида бу кўрсаткич 9,4 фоизни, 2 млн сўмгача даромадга эга аҳолида эса 8,2 фоизни, даромадга эга эмаслар орасида 8,9 фоизни ташкил этган. Умуман олганда, сўровда қатнашган 3 475 нафар респондент бўйича ўртача инфляцион кутилмалар 10,1 фоиз даражасида қайд этилган.

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 1160

Барчаси

Мавзуга оид