
Коррупция бошида ҳоким ўринбосари, фермер ва мутахассис — бир кунда уч ҳибс
07.07.2025 | 22:2044263
Қорақалпоғистон, Наманган ва Андижонда мансабдор шахслар ер ажратиш ва расмийлаштириш эвазига катта миқдорда пора олган пайтда ушланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари Тахиатош туманида фаолият олиб бораётган қизилмия илдизларини қайта ишлашга ихтисослашган МЧЖ раҳбарига қизилмия илдизини етиштириши учун Беруний тумани ҳудудидан 150 гектар ер майдони ажратиб бериш эвазига 12 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Наманган вилоятида қайд этилган ҳолатда эса, Косонсой туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжаликнинг 24 гектар ер майдонини мансабдор таниши орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 240 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 50 минг доллар олган вақтида ушланди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг мансабдор таниши ҳисобланган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни ривожлантириш агентлиги” давлат муассасасининг Косонсой туман лойиҳа офиси бош мутахассиси юқоридаги ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти бошқармасида бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритувчи мансабдор шахс Андижон туманидаги пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари томонидан 6 сотих ер майдонига ноқонуний қурилган бино ва иншоотлар бўйича ҳисобланиши керак бўлган зарарни камайтириб хулоса бериш эвазига 1000 доллар олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





