Logo

Кремл учун «қизил чироқ»: Россия жамиятида ташвиш ва ишончсизлик кучаймоқда

Bugun 08:304 daqiqa

Социологлар президентга нисбатан ишонч ва унинг фаолиятини маъқуллаш даражаси тушиб кетганини қайд этишмоқда. ВЦИОМ сўровномасига кўра, респондентларнинг Владимир Путин ишига берган баҳоси сўнгги икки йил ичида энг кескин даражада ёмонлашган. Рейтинглар апрел ойидан буён пасаймоқда. Айни пайтда, жамиятда ташвишли кайфият кучайган. Ва буларнинг барчаси сентябр ойида бўлиб ўтадиган Давлат думаси сайловлари арафасида юз бермоқда.

Кремл учун «қизил чироқ»: Россия жамиятида ташвиш ва ишончсизлик кучаймоқда

ВЦИОМ сўрови натижалари шуни кўрсатмоқдаки, президент Путин фаолиятини маъқуллаш кўрсаткичи бор-йўғи бир ҳафта ичида 3,5 фоизга (70,4 фоиздан 66,9 фоизга) пастлаган. Бунга қадар худди шундай кескин пасайиш — яъни бир ҳафта ичида 3,5 фоизга тушиш ҳолати 2024 йилнинг август ойида кузатилган эди. Ўшанда Украина ҳарбийларининг Курск вилоятига бостириб кириши ортидан кўрсаткич 77,1 фоиздан 73,6 фоизгача тушиб кетганди.

«BBC» нашрининг ёзишича, президент рейтингининг бу галги пасайиши баҳордан бери давом этмоқда. Буни Россиянинг учта асосий социологик хизмати: ВЦИОМ, президент маъмуриятига яқин бўлган «Жамоатчилик фикри» фонди (ФОМ) ва «Левада» маркази ҳам тасдиқлаган. Ушбу учта марказ сўров ўтказишда турли усуллардан фойдаланади ва саволларни турлича тузади. Шу сабабли ҳам уларнинг маълумотларида ўзаро тафовутлар мавжуд.

Баҳорда, аниқроғи, апрел охирига қадар етти ҳафта давомида Россия президентининг рейтинги пасайганини қайд этган ВЦИОМ май ойига келиб тадқиқот усулини ўзгартирди. Илгари сўровлар фақат телефон орқали ўтказилган бўлса, энди социологлар респондентларнинг тенг ярми билан юзма-юз кўришиб сўров ўтказмоқда. Марказ буни алоқадаги муаммолар билан изоҳлади. Натижада Путинни қўллаб-қувватлаш рейтинги бироз кўтарилди — апрел ўрталаридаги 65,6 фоизлик кўрсаткич май ойида 69,4 фоизга, июнда эса 70,4 фоизга етди.

Сўровларни аҳолининг яшаш жойида ўтказадиган ФОМ эса ўз усулини ўзгартиргани йўқ. Уларнинг маълумотига кўра, Путиннинг фаолиятини респондентларнинг 70 фоизи ижобий баҳоламоқда (июн ўрталаридан бери 5 фоизга пасайган). Бу Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан буён президент учун энг ёмон кўрсаткичдир. Маълумот ўрнида, урушдан олдин, 2022 йилнинг феврал ойида давлат раҳбарининг фаолиятини аҳолининг 64 фоизи маъқуллаган эди.

Уйма-уй юриб сўров ўтказадиган «Левада» маркази ҳам июн ойида Путинни 74 фоиз аҳоли маъқуллашини қайд этди ва бу уруш бошланганидан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Сиёсатшунос Александр Киневнинг таъкидлашича, ҳозирги вазиятда сўров ўтказиш усули жуда муҳим.

«Уйма-уй юриб ўтказиладиган сўровлар асосан уй бекалари ва пенсионерлар, яъни анча консерватив ва кундалик воқеаларга камроқ эътибор қаратадиган қатламнинг фикрини акс эттиради», — дейди у.

Экспертнинг сўзларига кўра, телефон орқали ўтказиладиган сўровлар эса кўпроқ билимли, ёш ва фаол аҳолини қамраб олади. Улар воқеаларга ва ахборот маконидаги ўзгаришларга тезроқ муносабат билдиради ҳамда ижтимоий жараёнлардан кўпроқ хабардор бўлади.

Ҳокимиятнинг рейтинги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви, нарх-наво ошиши, Украинанинг Москва ва фронт чизиғидан узоқдаги бошқа ҳудудларга ҳаво ҳужумларини кучайтиргани, шунингдек, интернетдаги блоклашлар фонида пасая бошлади. Кремлга яқин Би-би-си манбасининг таъкидлашича, айнан интернетдаги чекловлар Путининг рейтинги тушишига асосий туртки бўлган.

Киневнинг қайд этишича, социологларнинг саволларига «92 фоиз одам жавоб беришдан бош тортмоқда». Ҳозирги рақамлар ҳатто ўз фикрини очиқ айтишдан қўрқмайдиганлар орасида ҳам ҳокимиятни қўллаб-қувватлаш даражаси камайганини кўрсатмоқда.

ФОМ маълумотига кўра, ҳозирда россияликларнинг тенг ярмидан кўпи ўз яқинлари, дўстлари, ҳамкасблари ва танишлари орасида ташвишли кайфият ҳукмрон деб ҳисоблайди. Бу кўрсаткич фақат 2022 йил кузида, Путин қисман сафарбарлик эълон қилган пайтдагина бундан юқори бўлган (ўшанда октябр ойида хавотир даражаси 70 фоизгача кўтарилган эди).

Сайловларга оз қолди

Би-би-си суҳбатдошлари ҳозирги вазиятда ҳокимият рейтингининг пасайиши 18–20 сентябр кунлари ўтадиган Давлат думаси сайловлари натижасига жиддий таъсир қилишига шубҳа билан қарамоқда. Кинев амалдаги вазиятнинг 2018 йилдаги ҳолатдан бир нечта фарқли жиҳатларини санаб ўтган. Ўшанда пенсия ислоҳоти ва Путинни қўллаб-қувватлаш даражаси пасайиши фонида учта ҳудудда Кремл номзодлари губернаторлик сайловларида мағлубиятга учраган эди.

Биринчидан, дейди сиёсатшунос, ҳокимият чеклов ва тақиқлар орқали сайловлар устидан жамоатчилик назоратини бутунлай йўққа чиқарган — кузатувчиларнинг имконияти кескин чекланган. Россиядаги энг машҳур сайлов кузатувчилари ташкилоти — «Голос» ҳаракати суд қароридан сўнг 25 йиллик фаолиятини тўхтатганини эълон қилганига ҳам бир йил бўлди. Ўшанда суд ташкилот раҳбарларидан бири Григорий Мелконянцни беш йилга озодликдан маҳрум қилган.

Киневнинг қўшимча қилишича, сайлов участкаларида «Голос» кузатувчилари сони доим партия ёки номзодлар вакилларига қараганда кам бўлган. Қолаверса, муқобил томоннинг имкониятлари ҳам сезиларли даражада чекланган — улар учун бир участкадан бошқасига ўтиш ва ўзаро ўрин алмашиш қийинлашган.

Иккинчидан, Кремл учун вазият 2018 йилдагига қараганда анча хавфсизроқ. Чунки ҳокимият исталган одамни сайловдан четлатиш бўйича кенг имкониятларга эга.

«Сизни исталган куни «хорижий агент» деб эълон қилишлари мумкин — уларнинг эса ўз номзодини илгари суриши тақиқланган. Экстремистик рамзларни тарқатганлик учун жаримага тортилиш орқали ҳам сайланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш мумкин — ҳокимият эса исталган нарсани экстремистик деб топиши ҳеч гап эмас», — дейди Кинев.

Teglar

Mavzuga oid

Кремл учун «қизил чироқ»: Россия жамиятида ташвиш ва ишончсизлик кучаймоқда | Vaqt.uz