
Машҳурларнинг чиркин ишлари, хавф остидаги 15 млн ўзбекистонлик, Мирзиёевнинг Покистонга расмий ташрифи — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда ва хорижда рўй берган энг муҳим, жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz яна бир бор ёдга солади.
Тугаётган ҳафта фоижали воқеа билан ёдда қолди: Яшнобод туманидаги « Авиатор » савдо мажмуасида содир бўлган йирик ёнғинда 3 ёшли қизалоқ ҳаётдан кўз юмди. Жамоачиликни ларзага солган фожиадан кейин савдо марказларидаги хавфсизлик ва назорат масалалари жамиятда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ўзбекистон ва дунёда сўнгги 7 кун ичида рўй берган энг аҳамиятли воқеа-ҳодисаларни эсга оламиз. Бугунги ҳафталик дайжестимизда:
• Жинояти учун судланган судялар
• 15 млн кишининг хавф остида қолган маълумотлари
• Жеффри Эпштейн архиви очилиши
• Президентнинг Покистонга расмий ташрифи ҳақида ҳикоя қиламиз.
«Авиатор»даги даҳшатли ёнғин
31 январ куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган «Авиатор» савдо марказида йирик ёнғин содир бўлди. Ушбу ҳодиса оқибатида 3 ёшли қизалоқ вафот этди.
Савдо марказида болаларни ёнғиндан қутқарган инсонлар бино фавқулодда вазиятларга тайёр эмаслигини билдиришган. Ёнғин чиққанда сигнализация ҳам, автоматик ўт ўчириш тизими ҳам ишламаган. Бино бир неча сонияларда қоп-қора тутунга бурканган.
Бинонинг 800 метр квадрат майдони ёнган. Бош прокуратурага кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Машъум қоқеадан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги савдо марказлари ҳамда умумий овқатланиш жойларида республика миқёсида кенг кўламли текширувлар бошланганини маълум қилди. Ёнғин хавфсизлиги талаблари жиддий бузилган тақдирда, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар объектлар фаолияти вақтинча тўхтатилиши таъкидланди.
Вазирликка кўра, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масъулияти объект раҳбарларига юклатилган. Жумладан, эвакуация чиқиш йўллари доимий равишда очиқ ва шай ҳолатда бўлиши, ёнғин сигнализацияси ҳамда ёнғинга қарши техник воситалар соз ҳолда ишлаши зарур. Шунингдек, бинолар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан етарли даражада таъминланиши шарт.
Ушбу талабларнинг бузилиши амалдаги қонунчиликка мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатилди.
15 млн ўзбекистонлик маълумотлари хавф остида
Миллионлаб Ўзбекистон фуқароларига тегишли шахсий маълумотлар интернетда тарқалиб кетгани ҳақидаги хабарлар ҳам жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Маълумотлар қандай ҳолатда ва қайси манбалар орқали тарқалгани борасида аниқ маълумот берилмаётгани эса саволларни янада кўпайтирди.
Ўрганишларга кўра, ҳакерлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги серверларини бузиб киришган, у ердан туриб бошқа ресурслардаги шахсий маълумотларга уланиб, уларни қўлга киритишган. Жумладан, ИИВ тизимида ишловчи ходимларнинг шахсий маълумотлари ҳам қўлга киритилгани иддао қилинган.
Ҳозирча масъул идоралар бу борада фақат ўрганиш олиб борилаётганини айтиш билан чекланиб, ортиқ батафсил ахборот тақдим этишмаган.
Миллий статистика қўмитаси серверларига уланиб, аҳолини онлайн рўйхатга олиш маълумотлари қўлга киритилгани ҳақидаги хабарларни қўмита матбуот котиби Усмон Абдурасулов тасдиқламади.
«Бизнинг базада аҳолининг расмлари сақланмайди, сўровномада ҳам фуқаролардан расм талаб қилинмаган. Дастлабки ўрганишларга кўра, маълумотлар қўмита платформасидан олиб чиқилмаган», — деди у.
Марказий банк эса тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизими операторларининг ахборот тизимларига нисбатан киберҳужум содир этилмаганини маълум қилди.
Фуқароларга соҳа мутахассислари томонидан OneID ва My.Gov.Uz тизимида паролларни янгилаш тавсия қилинди. Шунингдек, онлайн кредит олиш учун вақтинчалик чеклов қўйиш маслаҳат берилмоқда.
«Права» олишда янги тартиб
Ҳафта ичида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартибига киритилган муҳим ўзгариш ҳам жамоатчилик эътиборида бўлди.
2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда «А» ва «B» тоифалари бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий дарсларда мажбурий қатнашиш талаби бекор қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, энди талабгорлар йўл ҳаракати қоидаларини автомактабларда (онлайн ёки офлайн шаклда) ўрганиши ёки мустақил равишда ўзлаштириши мумкин. Ушбу янгилик фуқароларнинг вақти ва харажатларини тежаш, шунингдек, таълим жараёнини замонавийлаштиришга қаратилган.
Бироқ, бўлажак ҳайдовчилар учун машғулотларнинг амалий қисми — автомобил бошқаришни ўрганиш мажбурий бўлиб қолаверди ва улар фақат автомактабларда ўтилиши шарт.
Амалий машғулотлар якунлангандан сўнг, маълумотнома электрон шаклда расмийлаштирилади ва талабгорлар белгиланган тартибда назарий ҳамда амалий имтиҳонларни топширадилар. Ушбу тизим ҳайдовчилик кўникмаларининг сифатини сақлаб қолган ҳолда, бюрократик тўсиқларни камайтиришга хизмат қилади.
Жеффри Эпштейннинг қилмишлари
Ҳафта анчадан бери ошкор қилиниши кутиб келинган Жеффри Эпштейн файллари дунёни ларзага солгани билан ҳам ёдда қолди.
Бутун дунёдаги информацион ресурслар ва ижтимоий тармоқлар 2019 йилда ўлиб кетган америкалик молиячи Жеффри Эпштейннинг қилмишлари ва унинг атрофида бўлган сиёсий элитага оид мақолалар, суриштирувлар ва тахминларга тўлди.
30 январь куни АҚШ Адлия вазирлиги одам савдосида айбланган жиноят иши бўйича навбатдаги, расмийларга кўра сўнгги ҳужжатлар тўпламни эълон қилди. Ушбу ҳужжатлар барча саволларга нуқта қўйиши керак эди. Бироқ аксинча, бу ҳужжатлар жамоатчиликни жунбишга келтирди.
Билл Гейтснинг «рус қизлари» билан боғлиқ сирлари, Илон Маскнинг Жеффри Эпштейн оролига бўлган интилишлари ва шаҳзода Эндрюнинг Букингҳэм саройига таклифи ошкор бўлди. Бу ҳужжатлар кўплаб машҳурлар ва сиёсатчиларнинг чиркин ишларини фош қилди, бироқ бу ҳозирча жамоатчиликнинг «чанқоғи»ни боса олгани йўқ.
Уч миллион саҳифа. Минглаб исмлар. Сон-саноқсиз фотосуратлар. Аммо асосий саволга ҳамон жавоб йўқ: Жеффри Эпштейннинг жиноий империяси ортида аслида ким ёки кимлар турган?
Жеффри Эпштейн иши аллақачон оддий жиноий тергов доирасидаги ҳолатдан чиқиб кетган. Ҳужжатлар жавоблардан кўра кўпроқ саволлар туғдирмоқда, таҳрирлаш ишлари шубҳали. Оқ уй тергов якунланганини таъкидласа-да, жамоатчилик уни давом эттиришни талаб қилмоқда.
Мирзиёев Покистонга борди
5 феврал куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Исламободга борди. Покистон ҳаво ҳудудида унинг самолётига Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳамроҳлик қилди.
«Нурхон» аэропортида Ўзбекистон Президентини Покистон Президенти Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва бошқа расмийлар кутиб олишди.
Шу куни олий даражадаги музокаралар ва Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Томонлар ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро ва идоралараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги 230 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, фармацевтика, кимё, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ташриф доирасида қарийб 3,5 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилди.
Покистон пойтахти Исломободда Тошкент кўчаси ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги янги боғ барпо этиладиган бўлди.
Шавкат Мирзиёев Шаҳбоз Шарифни жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилган.
Жиноятчи судялар
Ўзбекистон суд тизими фаолияти ва судялар жавобгарлиги масаласи жамоатчилик эътиборида бўлди.
4 феврал куни Олий судда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Vaqt.uz журналистининг саволига жавобан 2025 йилда 3 нафар судья коррупцион ҳолатлар бўйича жиноий жавобгарликка торилгани маълум қилинди.
«Улар шу коррупцион ҳолатлар бўйича. Буни айтайлик, суд қарорини чиқаришда адолатни бузганлиги, бошқа учун эмас, пора олганлиги ва бошқа коррупцион ҳолатлар бўйича уч нафар судямиз суд ҳукмига кўра жиноий жавобгарликка тортилди. Улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва тегишли ўша тайинланган жазоларни ўтаб келишмоқда» — деди Олий суд раиси биринчи ўринбосари, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Алишер Усмонов.
Шунингдек, 2025 йилда Ўзбекистонда 422 нафар судланувчига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлиб, уларнинг 47,5 фоизи эски ҳукмларга алоқадор бўлган.
Vaqt.uz журналисти бу маълумотни келтириб, судялар жавобгарлиги масаласини кўтарди. Алишер Усмоновнинг сўзларига кўра, судя ва терговчиларнинг жавобгарлиги албатта кўриб чиқилади. Агар судья ёки терговчи ишни кўриб чиқишда адолатсиз қарор қабул қилган бўлса, улар алоҳида жавобгарликка торилади.
Нақд тўловлар чекланади
Ўтган ҳафта Ўзбекистонда автомобил эгалари ва ҳайдовчиларига бевосита таъсир қилувчи муҳим янгилик эълон қилинди. Гап ёнилғи қўйиш шохобчаларида тўлов қилиш тартибидаги ўзгаришлар ҳақида кетмоқда.
2026 йил 1 апрелдан Ўзбекистонда автомобилларга ёнилғи қўйиш шохобчаларида нақд пул орқали тўлов қилиш тўлиқ бекор қилинади. Бу Президентнинг 2025 йил 10 декабрда имзолаган фармони билан белгиланди. Эндиликда автойўллар ва шаҳар ҳудудларидаги ёнилғи қўйиш шохобчалари, шунингдек, электромобиллар учун зарядлаш пунктлари фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимларини қабул қилади — нақд пулда тўлов имконияти берилмайди.
Шунингдек, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларни ҳам нақд пулга сотиш тақиқланади. Улар ҳам фақат карта орқали сотиб олинади.
Мақсад — яширин иқтисодиётни қисқартириш ва тўлов тизимларининг шаффофлигини ошириш. Шу орқали солиқ тушумларини тўлиқ ҳисобга олиш ва молиявий интизомни кучайтириш кўзланган.
Янги тартиб билан шохобчалар ўз ҳисоб-китоб тизимларини тўлиқ рақамлаштириши, терминаллар ва электрон платформаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши шарт бўлади.





