add

Ўш фожиалари: Ислом Каримов ва Чингиз Айтматовнинг урушни олдини олган мулоқоти тафсилотлари айтилди

Kecha 20:202 daqiqa

1990 йил: Марказий Осиё «иккинчи Қорабоғ» бўлиш остонасида турган, қирғиз-ўзбек чегарасида ўн минглаб қуролли одамлар тўпланган ўта қалтис палла. Роза Айтматова ўшанда акаси Чингиз Айтматовнинг нега Тошкентга — Ислом Каримов ҳузурига шошилгани ва Каримовдан олган ваъдаси ҳақида гаприб берди.

Ўш фожиалари: Ислом Каримов ва Чингиз Айтматовнинг урушни олдини олган мулоқоти тафсилотлари айтилди

Машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов 1990 йили қирғизлар ва ўзбеклар орасида бўлиб ўтган ва Ўш воқеаси сифатида тарихда қолган миллий низо пайтида Ислом Каримов билан учрашиб, катта урушнинг олдини олган. Бу ҳақда ёзувчининг синглиси Роза Айтматова «Кабар» агентлигига берган интервюсида сўзлаб берди.

12

Chingiz Aytmatovning singlisi Roza Aytmatova

Роза Айтматова Ўш воқеалари пайтида Москвада бўлиб турган Чингиз Айтматов тўсатдан Бишкекка эмас, балки биринчи бўлиб Тошкентга, Ислом Каримов ҳузурига боргани сабаб айримлар уни «хиёнат»да айблашаётганини айтиб, воқеа тафсилотини батафсил гапириб берди.

«Нима учун бизга келмай, Ўш фожиасида биринчи бўлиб Ўзбекистонга учиб бординг?» деб мен ўзидан сўраганман. У менга: «Вақт тиғиз эди. Ўша пайтда Москвада эдим. Икки халқ ўртасида қуролли тўқнашув чиқиб кетмасин деган ўй билан Ислом Каримов билан учрашиш учун ёрдамчиси орқали гаплашдим. У «Майли, Ислом Абдуғаниевич сизни қабул қилади» деди. Кечикиш мумкин эмасди. Тўғри Тошкентга учиб боришга тўғри келди. Шунинг учун Қирғизистонга дарров келолмадим», деганди», - деди Айтматова.

Ёзувчининг синглисига кўра, Айтматов ўшанда икки ўзбекистонлик ёзувчи билан бирга Ислом Каримов билан кўришган.

«Каримовга нима дединг кейин?» деб сўрадим. «Ислом Абдуғаниевич мени кутиб турган экан. Мен икки нафар ўзбек ёзувчисини ҳам ёнимга олдим. Биз узоқ гаплашдик. Хулоса қилиб Ўзбекистон Президентига шундай дедим: «Ислом Абдуғаниевич, биз қардош халқмиз. Қирғиз, ўзбек, қозоқ — илдизимиз бир. Агар ўртамизда катта низо чиқса, бу Ўрта Осиё учун офат бўлади», деган. Ўшанда Каримов: «Чингиз Тўрақулович, сизни тушундим. Менинг бирорта аскарим қирғиз чегарасидан ўтмайди», деб ваъда берган. Айтганидек қилди ҳам. Шундай қилиб, акам Ўрта Осиёни катта урушдан сақлаб қолган. Агар икки давлат ўртасида уруш чиққанида, бугунгача унинг азобини тортган бўлардик», - дея ёдга олди Роза Айтматова.

1990 йилги Ўш фожиалари

1990 йилнинг июн ойида Қирғизистоннинг Ўш вилоятида содир бўлган миллатлараро тўқнашувлар Марказий Осиёнинг замонавий тарихидаги энг оғир ва фожиали саҳифалардан биридир. Ушбу воқеалар нафақат маҳаллий низо, балки икки қўшни республика ўртасидаги кенг кўламли уруш хавфини юзага келтирган.

Леонид Левитиннинг «Ўзбекистон тарихий бурилиш палласида» китобида келтирилишича, ўша пайтда вазият ўта мураккаб бўлган: тўқнашувлар оқибатида қисқа вақт ичида юзлаб ўзбек ва қирғизлар ҳалок бўлган. Қирғизистон жанубида яшовчи 600 мингдан зиёд ўзбекларнинг ҳаёти хавф остида қолгач, Ўзбекистон томондан ўн минглаб қуролланган ва қуролсиз инсонлар ўз яқинларини ҳимоя қилиш учун чегарага тўпланган. Москвадан юборилган армия бўлинмалариоломонни аранг тўхтатиб турган. Минтақа «иккинчи Қорабоғ»га айланишига оз қолган.

Teglar

Mavzuga oid