Қирғизистонда Жапаров-Ташиев тандеми тугади. Депутатлари эса Ўзбекистонга турли эътирозларни билдиришди —ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.
Қирғизистонда Жапаров-Ташиев тандеми тугади. Депутатлари эса Ўзбекистонга турли эътирозларни билдиришди.
Марказий Осиё иқтисодий ўсиш суръатида АҚШ ва Европани ортда қолдирди.
Ўзбек сўмининг мустаҳкамланиши ташқи қарз харажатини тежашга хизмат қилди.
Ўзбекистонда янги «метан заправка» қуришга рухсат берилмаяпти.
Жорий ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан Vaqt.uz дайжестида батафсил танишинг.
Қирғизистонда Жапаров–Ташиев тандеми тугади
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 10 феврал куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни лавозимидан озод қилди. Бу вақтда Ташиев Германияда юрак жарроҳлиги операциясини ўтаётган бўлган.
Ташиев 2020 йил октябрда Садир Жапаровнинг президентликка сайланишидан сўнг қўмита раиси бўлиб, президент жамоасининг энг яқин ишончли кишиси ҳисобланган ва куч идоралари блокининг асосий таянчига айланган эди.
Жапаров–Ташиев тандеми 2010 йиллардан бошлаб узоқ йиллик ҳамкорлик асосида шаклланган, лекин сўнгги қарор билан уларнинг сиёсий иттифоқи тугади. Қамчибек Ташиев атрофидаги кадр ўзгаришлари кўпинча ҳокимиятдаги муҳим сигнал сифатида қаралади. Сўнгги пайтларда Ташиевнинг келгуси президентлик сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида овозлар тарқалган, лекин у бир неча маротаба номзодини қўймаслиги ва Жапаровни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Қайт этиб ўтиш жоиз, Ташиев билан бирга унинг уч ўринбосари ҳам лавозимидан олинди. Қолаверса, Чегара хизмати Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тасарруфидан чиқарилди.
«Ўзбекистон сувга пул тўласин»
Якунланаётган ҳафтада Қирғизистон Жоқорғу Кенгешида қўшни Ўзбекистон билан боғлиқ икки муҳим масала кўтарилди. Депутат Умбетали Қидиралиев суғориш суви учун қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Қозоғистон тўлов амалга оширмаётганидан норозилик билдирди. Қирғизистон гидроиншоотларида жамланган сувнинг қарийб 80 фоизи қўшни мамлакатларга оқиб кетади, шу боис ҳисоб-китоб механизмлари қайта кўриб чиқилиши зарур, деди у.
Шу ҳафтада депутат Бурун Аманова ҳам парламентда Ўзбекистондан арзон ва контрабанда йўли билан гуруч олиб кирилиши маҳаллий фермерларга зарар етказаётганини маълум қилди.
Шу тариқа, Қирғизистонда қисқа вақт ичида Ўзбекистон билан боғлиқ сув ва савдо масалаларида икки марта танқидий баёнотлар янгради.
«Метан заправка» қуришга рухсат йўқ
Ўзбекистон ҳукумати вакиллари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотда Амударё туманида тадбиркор автомобиллар учун электр, газ ва бензин «заправка»лар қуриш учун 40 сотих ер олгани, қурилишга барча жиҳозлар тайёрлигини билдирди. Фақатгина «метан заправка» қуриши учун Энергетика вазирлигидан рухсат олишда муаммо бўлаётганини айтиб, масалани ҳал қилишда ёрдам сўради.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бунга жавобан, масъуллар ишлаб турган «заправка»ларга ҳам газ етказиб бера олмаётганини билдирди.
«Ҳозир метан газ «заправка» қуришга рухсат йўқ. Тўғрисини айтинглар-да, газ етказиб беролмаяпсизлар-ку. Бор «метан заправка»ларга булар газ етказиб бера олмаяпти. Фарҳод Ўразбоевич (Эрмонов) буни тадбиркорларга айтмаганмисизлар», – деб савол қўйди Хўжаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раисига.
Фарҳод Эрмоновнинг айтишича, метанга тақиқ масаласида барча тадбиркорлар огоҳлантирилган.
«Ҳокимларнинг ҳам, муовинларининг ҳам хабарлари бор. Тадбиркорларга ҳам бу масала бўйича айтганмиз. Ўтган йилдан бошлаб «метан заправка» қурилишига тақиқ қўйилган. Ҳеч қандай рухсат йўқ», – деди у.
Ҳафтада метан газ билан боғлиқ яна бир янгилик эълон қилинди. Энергетика вазирлиги 11 феврал соат 9:00 дан бошлаб Республикамизнинг барча ҳудудларида, жумладан водий вилоятларида ҳам «метан заправка»лар босқичма-босқич одатдаги режимда фаолият юрита бошлаши ҳақида хабар берди. Бироқ Фарғона водийсида ҳамон метан шохобчалар узилишлар билан ишлаётгани хабар қилинмоқда.
Коррупция индекси: Ўзбекистон тушди
«Transparency International»нинг 2025 йил учун эълон қилинган Коррупцияни ҳис қилиш индекси дунё бўйлаб ушбу соҳада вазият ёмонлашаётганини кўрсатди. Ўзбекистонда бир поғона пастлаган.
Ўтган бир йил ичида коррупцияни қабул қилиш кўрсаткичини яхшилашга постсовет ҳудудида жами бешта давлат эриша олди: Булар — Қирғизистон, Озарбойжон, Украина, Латвия ва Литва. Айни пайтда Беларус, Ўзбекистон, Қозоғистон, Молдова, Арманистон ва Гуржистон рейтингда пасайиш қайд этди. Россиядан ташқари, Туркманистон, Тожикистон ва Эстонияда кўрсаткичлар ўзгаришсиз қолди.
«Transparency International» ҳисоботида Ўзбекистон ва Украина бошланғич кўрсаткичлари нисбатан паст бўлгани сабабли рейтингни яхшилашга муваффақ бўлган давлатлар қаторида тилга олинади.
Уларнинг ривожланиши сиёсий етакчилар ва регуляторлар томонидан узоқ муддатли саъй-ҳаракатлар орқали амалга оширилган, бу ерда кенг қамровли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар очиқ муҳитда ёки тор давлат назорати остидаги кам ёпиқ муҳитларда олиб борилган», дейилади изоҳда.
Истанбулда яна бир ўзбекистонлик аёл ўлдирилгани аён бўлди
Ҳафта давомида Туркияда юз берган даҳшатли жиноят тафсилотлари янада кенгайди. Истанбулда қамоққа олинган ўзбекистонлик гумондор Ғофуржон Камолхўжаев яна бир аёлни ўлдирганини тан олди.
Истанбулнинг Шишли туманида 24 январ куни чиқиндихона контейнеридан Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳокимованинг жасади топилганди. Ушбу иш бўйича ҳибсга олинган асосий гумондор қамоқхонада берган қўшимча кўрсатмасида яна бир ўзбекистонлик аёлни ўлдирганини билдирган.
Унинг сўзларидан, Дурдона Ҳокимованинг дугонаси, Наманган вилоятида туғилган 32 ёшли Сайёра Эргашалиева ҳам шунга ўхшаш усулда бир кун аввал ўлдирилган. Тергов маълумотларига кўра, аёлнинг жасади Умрания туманидаги уйда бўлакланиб, Фотиҳ туманидаги чиқинди контейнерларга ташланган.
Дастлаб якка қотиллик сифатида кўрилган иш энди эҳтимолий серияли жиноят сифатида тергов қилинмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар гумондор кўрсатмалари асосида қўшимча далилларни текширмоқда, видеокузатув ёзувлари қайта таҳлил қилинмоқда.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги мазкур ҳолатни доимий назоратга олгани ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бораётганини билдирди.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилгани, улар айбини тан олгани ва ҳужжатлар судга тақдим этилгани қайд этилди.
Консуллик марҳумаларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда қўшимча маълумотлар аниқлаштирилиши билан жамоатчилик хабардор қилиниши маълум қилинди.
Тошкент кўчаларига қайтган панжаралар
Ҳафта давомида пойтахтда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган масалалардан бири — йўл бўйларига темир панжараларнинг қайта ўрнатилиши бўлди.
Тошкент кўчаларида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида аввал олиб ташланган тўсиқлар орадан 8 йил ўтиб яна шу важ билан қайта жойлаштирилмоқда. Маълумотларга кўра, ушбу ишлар учун давлат бюджети ҳисобидан қарийб 7 млрд сўм маблағ сарфланмоқда.
Энг қизиғи, айрим кўчаларда ўрнатиб бўлинган панжаралар белгиланган стандартларга жавоб бермайди, деб яна йиғиштириб олингани бўлди.
Қарор жамоатчиликда қатор саволларни туғдирди: илгари самарасиз деб баҳоланган ечим нега яна кун тартибига чиқди.
Мавзуга оид батафсил маълумотни VAQT.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилиш мумкин.
Андижонда кўп қаватли уйда газ портлади
Якунланаётган ҳафтада Андижонда кўп қаватли уйда содир бўлган газ чақнаши жамоатчилик эътиборида бўлди.
Ҳодиса Нодирабегим маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида 11 февраль куни соат 23:55 да газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши натижасида содир бўлди.
Вилоят ФВБ раҳбарияти ва қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига етиб борган. Чақнаш оқибатида ёнғин келиб чиқмаган ва қўшни хоналарга зарар етмаган. Бироқ уй ҳовлисида турган бир нечта автомашинага зиён етган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида икки нафар фуқаро тан жароҳати олган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Юқори қаватда яшовчи ва уйларига зарар етган аҳоли хавфсизлик мақсадида эвакуация қилинди. Мутахассислар дастлабки хулосага кўра, чақнашга газ-ҳаво аралашмасининг тўпланиши сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Аниқ сабаблар экспертиза натижаларига кўра маълум қилинади.
Марказий Осиё иқтисодиёти АҚШ ва Европани ортда қолдирди
2025 йил натижалари Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти барқарор ўсишни сақлаб қолганини кўрсатди. Таҳлилчиларга кўра, минтақанинг ўртача ўсиш суръати 6 фоиздан ошган. Бу кўрсаткич ривожланган йирик иқтисодиётлар фонида сезиларли устунликни намоён этди. Хусусан, АҚШ иқтисодиёти тахминан 1,6 фоиз, Еврозона мамлакатларида эса 1,1 фоиз атрофида ўсиш қайд этилган.
Жами ўсишга энг катта ҳисса Қозоғистон ва Ўзбекистон томонидан қўшилди. Қозоғистонда энергетика, транспорт ва қайта ишлаш саноатига, Ўзбекистонда эса саноат модернизацияси, қурилиш ва хизматлар соҳасига сармоя фаол бўлди. Икки давлат ҳам минтақавий савдо занжирларида иштирок этмоқда.
АҚШ ва Еврозона иқтисодиётлари юқори фоиз ставкалари ва инфляция сабаб сустлашди. Таҳлилчилар Марказий Осиё мамлакатлари диверсификация ва ички бозорни қўллаб-қувватлаш орқали ўсишни давом эттиришини таъкидлашмоқда.
Метрода хавфсизлик талабларини бузганларга жарима
Темирйўл транспорти ва метрода ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Бунинг учун маъмурий тартибда Базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари — яъни 4 млн 120 минг сўм миқдорида жарима солиниши назарда тутилмоқда. Шунингдек, ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини бузиш ёки бунга доир маълумотни қасддан яшириш ҳам худди шу миқдорда жазога сабаб бўлади.
Автомобил транспортида эса йўловчи ташишдаги қоидабузарликлар, йўл ҳақи тарифларини ошириш, тасдиқланган йўналиш схемасидан чиқиш ҳолатлари учун БҲМнинг 3 баробарида — яъни 1 млн 236 минг сўм жарима белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради ва транспорт соҳасида хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар қатъий амал қилиши лозимлиги яна бир бор эслатилди.
Сўмнинг мустаҳкамланиши ташқи қарз харажатини тежади
2025 йилда миллий валюта 6,9 фоизга мустаҳкамланиб, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари 6–7 фоизга қисқарди.
Ҳисоботга кўра, йил бошидан миллий валюта алмашув курси 6,9 фоизга мустаҳкамланган. Валюта таклифи экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва халқаро пул ўтказмалари ҳисобидан сезиларли ошган. Хусусан, 2025 йилда мамлакатга 18,9 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари кириб келган.
Қайд этилишича, сўмнинг мустаҳкамланиши миллий валютага ишончни кучайтирди. Миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил бошидан 44 фоизга ўсиб, 240 трлн сўмга етди. Шунингдек, кредит ва депозитлар долларлашуви пасайди, инфляцион кутилмалар секинлашди.
Гендер тенглиги сабаб ўзбекистонликлар даромади ошади
Ўзбекистонда аёллар ва эркаклар ўртасида тенгликни таъминлаш аҳоли даромадини қарийб учдан бирига ошириши мумкин. Марказий банк 2025 йил якунлари учун We Finance Code ҳисобитини тақдим қилди.
2023 йилдан бошлаб аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида We Finance Code ташаббуси йўлга қўйилди. 2025 йилги ҳисоботга кўра, мамлакат аҳолиси 38 миллиондан ортиқ, уларнинг 49 фоизи аёллар ҳисобланади. Меҳнатга лаёқатли аёллар сони 10 миллиондан ошади, бу умумий меҳнатга лаёқатли аҳолининг 47 фоизини ташкил этади.
Жаҳон банкининг сўнгги ҳисоботига кўра, аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки 45 фоиздан ошмайди. Иқтисодий тенгликни таъминлаш Ўзбекистон миллий даромадини 29 фоизга ошириши мумкин. Тадқиқотлар аёлларнинг оилавий мажбуриятлари меҳнат бозоридаги иштирокка асосий тўсиқ эканини кўрсатади.
2025 йилга келиб 15 та банк Марказий банкнинг гендер тенглик сиёсатини қабул қилган ва аёллар фаолиятини иқтисодиётда ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Teglar






