add

Қиш келиши билан музлайдиган тизим: Ўзбекистонда газ инқирози нега тугамайди?

Kecha 20:224 daqiqa

Ўзбекистонликлар мамлакатга қиш кириб келганини тақвим орқали эмас, газ қуйишшохобчалари олдида пайдо бўладиган километрлабнавбатлар орқали билади.

Ўзбекистонликлар мамлакатга қиш кириб келганини тақвим орқали эмас, газ қуйиш шохобчалари олдида пайдо бўладиган километрлаб навбатлар орқали билади. Ҳа, ҳаво ҳарорати сал пасая бошладими — тамом, метан шохобчалари ишига чеклов киритилади, ёпилади ва минглаб одамлар яна кундалик ҳаётини режалаштира олмай қолади. Бу – табиатнинг қандайдир қатъий, ҳар йили такрорланадиган, табиий ҳодисасига ўхшаш жараёнга айланди.

Энг ёмони нима, биласизми?!

Ҳукумат учун бу одатий, жуда табиий жараёнга айланиб қолгани. Ҳамма билиб қолган: қиш келса, газ танқислиги юз беради, тақа-тақ чекловлар бошланади. 

Ҳукумат ҳам сўнгги йилларда бу борада ҳеч бир хижолатчилик ҳис қилмаяпти — ҳаммасини табиийдек амалга оширмоқда. 

Хўш, нега шундай бўлмоқда? Нега ҳар йили бир хил сценарий, бир хил муаммо такрорланмоқда ва бир хил, ўта қўпол техник ечим таклиф қилинмоқда?  

Муаммо табиатда эмас, тизимда 

Биласиз, Энергетика вазирлиги тақдим этадиган расмий изоҳларда вазиятга кўпинча «ҳавонинг кескин совуши», «аҳоли истеъмолининг ошиши», «фавқулодда юклама», «энг аввло ижтимоий объектлар» каби тушунтиришлар келтирилади. 

Гўёки қиш кутилмаганда бостириб келгандек, энергетикларимизга мутлақо тўсатдан ташвиш туғдиргандек, буни одамлар тўғри тушуниш билан қабул қилиши керакдек. 

Лекин Ўзбекистонда қишнинг совуқ келиши — фавқулодда ҳолат эмас. Бу география, иқлим ва кўп йиллик статистика билан олдиндан маълум. Демак, муаммо об-ҳавода эмас, режалаштиришдаги нўноқлик ва уқувсизликда. 

Ахир бу уқувсизлик бўлмаса, нима? Газга талаб қишда ошиши кундек аён, нега таъминот тизими бу сценарийга тайёр бўлмайди?  

Қоғозда «тайёр», амалда — йўқ 

Ҳар йили кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ҳақида гап борганда, энергетикларимиз энди муаммо бўлмаслиги ҳақида баландпарвоз баёнотлар ва қоп-қоп ваъдалар беришади. 

Шу йил ҳам энерговазир Жўрабек Мирзамаҳмудов тизим қишга тўлиқ тайёр экани ҳақида ахборот берган эди. У захиралар шакллантирилгани, тармоқлар таъмирлангани, аҳолига узлуксиз таъминот кафолатланиши таъкидлади. 

Ноябр ойининг 15-санасида Водий вилоятларидаги «метан заправка»ларга кўчма контейнерлар орқали табиий газ етказиб бериш тизими ишга туширилиши эълон қилинди. 

Яъни, қиш мавсумида «метан заправка»ларни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида махсус кўчма автосистерналар орқали газ шохобчаларига табиий газ етказиб берилиши, бу билан «заправка»лар фаолиятининг барқарорлиги таъминланиши ваъда қилинган эди. 

Мана, орадан икки ойдан зиёдроқ вақт ўтиб бу борада ҳеч қандай силжиш кузатилмади. 

Бу ерда ҳаммаси оддий: ё вазир реал ҳолатни акс эттирмайдиган ҳисоботлар билан доим ҳаммани чув туширмоқчи бўлади ёки тайёргарликнинг ўзи «иккичи» ўқувчининг ҳисоби каби уқувсиз тайёрланган бўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам жавобгарлик масаласи очиқ қолаверади. 

Имкон бор, лекин хоҳиш йўқдек 

Қишда газ тақсимотида аҳоли ва ижтимоий объектларга устуворлик берилиши тушунарли. Бироқ автогаздан фойдаланувчилар ҳам шу аҳоли вакилларининг ўзи-ку? Ўз ўзини меҳнат билан банд қилаётган таксичилар, юк ташувчилар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари — аҳоли вакиллари бўлмай ким? 

Таксичи учун бир кун газсиз қолиш — бир кун ишсиз қолиш. Юк ташувчи учун — шартнома бажарилмаслиги. Оила учун — қўшимча харажат ва асабийлик. Ғайрат Дўстовни эсланг. 

Қолаверса, метан шохобчаларининг ёпилиши нафақат ҳайдовчини, бутун иқтисодий занжирни секинлаштиради.

Метан тақчиллаши ортидан йўлкира нархларининг қимматлашуви ўз-ўзидан товар ва хизматлар нархларининг ҳам ошишига олиб келади. Чунки метандек арзон ёқилғидан автомашиналар қимматроқ пропан ва бензинга ўта бошлайди. Бу ёнилғиларнинг ҳам таъминотида узилиш, нархида эса кўтарилиш кузатила бошлайди. 

Юқорида таъкидлаганимдек, ҳукумат алақачон бу ҳолатни доимий сценарий сифатида қабул қилган, аммо уни юмшатиш учун тизимли ечим беролмаяпти, вазият ўнгланмаяпти. Муқобил ёқилғи захираларини шакллантириш, импортни диверсификациялаш, таъминотни компенсация механизмлари ёки бозорни барқарор ушлаб турадиган стратегия мавжуд эмас. 

Энг алам қилгани — Ўзбекистон етиб бориш узоқ бўлган океандаги бир оролда жойлашган давлат эмас. Ён-атрофимизни Қозоғистон, Туркманистон, Эрон ва Озарбойжон каби нефт ва газ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда илғор давлатлар ўраб олган. 

Энергетика соҳамиз нефт ва газ маҳсулотлари импортида фақат бир давлатга — Россияга қарам бўлиб қолгани оқибатида келиб чиқмаяптими бу муаммолар? 

Маъмурий чеклов — энг осон йўл 

Ҳа, муаммони ҳал қилиш ўрнига, уни яшириш осонроқ. Шохобчаларни ёпиш, лимит жорий этиш, фаолиятни чеклаш — булар қисқа муддатли чоралар. Лекин бу чоралар муаммони ҳал қилмайди, фақат уни аҳоли елкасига юклайди. 

Навбатда соатлаб турган инсон учун «тизимда муваққат қийинчилик» деган изоҳ тасалли бермайди. Унинг вақти кетяпти, даромади камайяпти, асаби ейиляпти. 

Давлат сиёсати айнан шу инсонларни кўриши, эшитиши ва ҳис қилиши керак. Акс ҳолда, ҳар қандай «ислоҳот» қоғозда қолади. 

Ўзбекистонда газ билан боғлиқ қишки инқироз — ресурс етишмаслигидан эмас, бошқарув маданияти етишмаслигидан ҳам дарак. Муаммо олдиндан маълум, сценарий такрорланади, аммо тизим хулоса чиқармайди. Сабаби оддий: шахсий ва институционал жавобгарлик ишламайди.

Жамият эса жавоб кутавериб чарчади. Навбатларда турган одамлар навбатдаги ваъдаларни эмас, натижани кутяпти. Токи тизим ўзгармас экан, қиш келиши билан қувурлардаги газга қўшилиб, қалблардаги ишонч ҳам музлайверади.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 32

Barchasi

Mavzuga oid