Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум санаси белгиланди
Янги таҳрирдаги Асосий қонун ҳокимият тизими ва сиёсий институтлар фаолиятини тубдан ўзгартиришни назарда тутади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2026 йил 15 март куни мамлакатда янги Конституция бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати — «Акорда» маълум қилди. Ҳужжат лойиҳаси 12 феврал куни расман эълон қилинади.
Референдум бюллетенида фуқароларга қуйидаги савол тақдим этилади: «2026 йил 12 феврал куни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Қозоғистон Республикасининг янги Конституциясини қабул қиласизми?».
Мазкур овоз бериш жараёни орқали мамлакатнинг асосий қонуни янгиланиши масаласи ҳал этилади.
Қозоғистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?
Лойиҳага кўра, Конституциядаги моддалар сони 98 тадан 95 тага қисқартирилади. Парламент тизими қайта кўриб чиқилиб, 145 нафар депутатдан иборат бир палатали Қурултой жорий этилади. Шунингдек, янги маслаҳат органи — Халқ кенгаши ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, судялар ва ҳокимият органлари раҳбарларини тайинлаш тартиби ўзгаради, норозилик намойишларига чекловлар жорий этилади, Конституция устуворлиги мустаҳкамланади.
Шу билан бирга, омбудсман ва адвокатура институтига конституциявий мақом берилиши режалаштирилмоқда. Ташаббускорлар фикрича, янгиланган Асосий қонун ҳокимият тармоқлари ўртасида ваколатлар мувозанатини кучайтиради, ўзаро тийиб туриш механизмларини такомиллаштиради ва сиёсий барқарорликни оширади.





