Россия уруш бошланганидан бери 177 мингдан ортиқ ҳарбий йўқотган

14.02.2026 | 17:453 daqiqa

Маълумотларга кўра, фронтда ҳалок бўлганлар асосан Россиянинг камбағал ва чекка ҳудудлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Россия уруш бошланганидан бери 177 мингдан ортиқ ҳарбий йўқотган

Россияда уруш бошланганидан (2022 йил 24 февралдан 2026 йил 11 февралга қадар) бери камида 177 433 нафар ҳарбийнинг ҳалок бўлгани расман тасдиқланди. Бу маълумотлар «Медиазона», «Би-би-си» рус хизмати ва кўнгиллилар жамоаси томонидан давлат реестрлари ҳамда расмий манбалар асосида шакллантирилган. Рўйхатга киритилган ҳар бир исм фақат Россия томонидан тасдиқланганидан сўнг қўшилган.

rasm



Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, уруш йўқотишлари Россия ҳудудлари бўйича мутаносиб тақсимланмаган. Аксинча, йўқотишлар асосан иқтисодий жиҳатдан заиф ва чекка ҳудудлар ҳиссасига тўғри келмоқда. «Тhе Bell» нашри «Медиазона», «Би-би-си» рус хизмати ва кўнгиллилар жамоаси маълумотларини ўрганиб, шундай хулосага келган: уруш — камбағал провинциялар аҳолиси учун оғир юк.

Россия қонунчилигига кўра, 2026 йил 1 январдан камбағаллик чегараси ойига 18 939 рубл этиб белгиланган. Даромади шу кўрсаткичдан паст бўлганлар расман камбағал ҳисобланади. Тадқиқотда кўплаб ҳудудларда ҳалок бўлганлар улуши камбағаллик даражаси билан бевосита боғлиқ экани аниқланган. Яъни, ҳудудда камбағаллар қанча кўп бўлса, у ердаги йўқотишлар шунча юқори.

Тива ва Чукотка феномени

Айрим ҳудудларда фарқ жуда кескин. Масалан, Тива ва Чукотка аҳолисининг фронтда ҳалок бўлиш эҳтимоли москваликларга нисбатан 25 баравар юқори. Расмий статистикага кўра, Чукоткада камбағаллик даражаси Тивага нисбатан пастроқ. Шунга қарамай, ҳарбий йўқотишлар юқори.

Мутахассислар буни Шимолий ҳудудларда урушга жалб этиш кампаниялари фаол олиб борилгани билан изоҳламоқда. Айниқса, Крайний Шимолда яшовчи маҳаллий халқлар орасида ҳарбий хизматга жалб қилиш кучайгани қайд этилмоқда. Иқтисодий имкониятлар чекланган шароитда ҳарбий шартномалар кўпчилик учун даромад манбаи сифатида қабул қилинган.

Шимолий Кавказда «тескари» манзара

Бироқ барча ҳудудларда ҳам бу қонуният ишламайди. Масалан, Қорачай-Черкесия ва Ингушетияда камбағаллик даражаси мамлакат ўртача кўрсаткичидан юқори. Шунга қарамай, у ердаги ҳарбий йўқотишлар Москва ва Санкт-Петербург билан таққослаганда жуда паст.

Таҳлилчилар бу ҳолатни сиёсий омиллар билан боғламоқда. Шимолий Кавказ республикаларида ижтимоий барқарорлик нозик масала ҳисобланади. Шу боис марказий ҳокимият бу ҳудудларда ҳарбий сафарбарлик бўйича юқори кўрсаткичлар талаб қилмаслиги мумкин. Бу эса йўқотишлар статистикасида акс этмоқда.

Қайси тоифа энг кўп ҳалок бўлди?

Уруш давомида ҳалок бўлганлар таркиби ҳам вақт ўтиши билан ўзгарган. 2022 йил қиш ва баҳор ойларида энг катта йўқотишлар десант қўшинлари ва мотострелк қисмлари ҳиссасига тўғри келган. Ёз ойларидан куз ўрталаригача эса кўнгиллилар асосий тоифага айланган.

2022 йил охири ва 2023 йил бошида маҳкумлар орасидаги йўқотишлар кескин ошган. Улар «ЧВК Вагнер» орқали жалб қилиниб, айниқса Бахмут атрофидаги ҳужумларда қатнашган.

2023 йил март ойида маҳкумлар урушда ҳалок бўлганлар орасида энг йирик тоифага айланган.

Кейинчалик қамоқхоналарда урушга жалб этиш камайган. Янги умумий мобилизация эълон қилинмагани ҳолда, кўнгиллилар оқими давом этган. 2024 йил сентябрига келиб, яна кўнгиллилар ҳалок бўлганлар орасида энг катта улушни ташкил этган.

Офицерлар ва генераллар йўқотишлари

13 февраль ҳолатига кўра, 6,4 мингдан ортиқ офицернинг ҳалок бўлгани тасдиқланган. Вақт ўтиши билан офицерлар улуши умумий йўқотишларда камайиб бормоқда. Уруш бошида шартнома асосида хизмат қилган армия асосий куч бўлгани сабабли офицерлар улуши 10 фоизгача етган.

2024 йил ноябрига келиб бу кўрсаткич 2–3 фоизга тушган.

Бу ўзгариш ҳарбий ҳаракатлар характери ва кўнгиллилар сонининг ошиши билан изоҳланади. Оддий аскарлар ва кўнгиллилар юқори хавфли вазифаларни бажараётгани сабабли улар орасидаги йўқотишлар кўпроқ.

Расман 13 нафар генералнинг ҳалок бўлгани тасдиқланган. Улар орасида генерал-лейтенантлар ва генерал-майорлар бор. Айрим ҳолатларда улар фронт чизиғида, бошқа ҳолатларда эса портлаш ёки ҳужумлар натижасида ҳалок бўлган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Россияда уруш юки иқтисодий жиҳатдан заиф ва чекка ҳудудлар зиммасига тушган. Камбағаллик даражаси юқори бўлган минтақаларда ҳарбий йўқотишлар ҳам кўпроқ. Айрим ҳудудларда эса сиёсий ва ижтимоий омиллар статистикага таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Рақамлар ортида минглаб инсон тақдири турибди. Расмий маълумотлар асосида шакллантирилган рўйхат ҳали ҳам тўлиқ эмас. Бироқ мавжуд маълумотлар ҳам урушнинг ҳудудлар бўйича қандай тақсимланганини ва қайси қатламлар энг катта йўқотишларга учраганини яққол кўрсатиб турибди.

Teglar

Mavzuga oid