Logo

Саида Мирзиёевага дипломатик ваколатхоналарнинг ишини таҳлил қилиш топширилди

Bugun 17:502 daqiqa

Президент Администрацияси раҳбари иқтисодий дипломатия, инвестиция ва экспорт бўйича дипломатик ваколатхоналарнинг ишини таҳлил қилиб, ўз вазифасини бажара олмаётганларни ёш, замонавий фикрлайдиган кадрлар билан алмаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди.

Саида Мирзиёевага дипломатик ваколатхоналарнинг ишини таҳлил қилиш топширилди © Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида хориждаги инвестиция лойиҳалари ижроси ҳамда дипломатик ваколатхоналар фаолияти танқидий муҳокама қилинди. Йиғилишда сўнгги йилларда амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар натижасида эришилган келишувлар ижросида сусткашликларга йўл қўйилаётгани қайд этилди.

Маълум қилинишича, 52 та олий даражадаги ташриф доирасида умумий қиймати 213 миллиард доллар бўлган 1 617 та инвестиция лойиҳаси юзасидан келишувларга эришилган.

Бироқ ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилишини тизимли назорат қилишда муаммолар сақланиб қолмоқда.

Шу муносабат билан инвестиция лойиҳалари бўйича ишлаб чиқилган "йўл хариталари"ни энди Ҳисоб палатаси ва Ташқи ишлар вазирлиги юритиши белгиланди.

Назорат кучайтирилади

Йиғилишда Бош вазирга ҳар ҳафта тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар ва элчилар иштирокида давлатлар кесимида ҳар бир инвестиция лойиҳасини алоҳида муҳокама қилиб бориш топширилди. Бу орқали ҳар бир келишув ижроси мунтазам назорат қилиниши кўзда тутилган.

Президент хориждаги айрим дипломатик ваколатхоналар фаолияти ҳам кутилган натижани бермаётганини таъкидлади. Хусусан, Беларусдаги элчи инвестиция ва ташқи савдо йўналишидаги ишларга бефарқлиги сабаб лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Франция, Австрия, Испания, Италия, Уммон, Индонезия, Малайзия ва Сингапурдаги Ўзбекистон элчиларининг фаолияти ҳам етарли даражада самарали эмаслиги қайд этилди.

Дипломатик ваколатхоналар таҳлил қилинади

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага махсус комиссия тузиш вазифаси юклатилди. Комиссия иқтисодий дипломатия, инвестиция ва экспорт йўналишида дипломатик ваколатхоналар фаолиятини комплекс таҳлил қилади.

Таҳлил якунлари бўйича ўз вазифасини самарали бажара олмаётган дипломатларни ёш ва замонавий фикрлайдиган кадрлар билан алмаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.

Teglar

Mavzuga oid