Сўм деноминацияси ва алифбо ислоҳоти: Ўзбекистон учун кутилмаган тарихий имконият
Марказий банк валюта белгиларидаги ёзувларни янги қоидаларга мослаштириш учун барибир янги пулларни муомалага чиқаришга мажбур бўлади. Шундай экан, бу техник зарурият иқтисодиётимиз учун узоқ кутилган, аммо доим ортга суриб келинган йирик бир ислоҳотни, яъни сўм деноминациясини амалга ошириш учун ажойиб ва қулай имконият пайдо қилмоқда.
© statuzОлий Мажлис Қонунчилик палатаси 7 июл кунги мажлисида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Лойиҳада лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига, 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топиши, шунингдек, айрим ҳарфларнинг қўлланилишига аниқлик киритилиши назарда тутилмоқда.
Кўзда тутилган ўзгаришлар:
Gʻ gʻ → Ğ ğ
Oʻ oʻ → Ö ö
Sh sh → Ş ş
Ch ch → Ç ç
ng ҳарфи алифбодан чиқарилади.
Ўзгаришлар кучга кириши учун қонун Сенат томонидан маъқулланиб, Президент томонидан имзоланиши керак бўлади.
Алифбо ислоҳоти жараёнлари давом этаркан, бу — бирданига бўлмаса-да, секин-аста мамлакатдаги барча расмий бланкалар, ҳужжатлар, паспортлар ва миллий валюта банкнотларининг ҳам босқичма-босқич янгиланишини англатади. Марказий банк валюта белгиларидаги ёзувларни янги қоидаларга мослаштириш учун барибир янги пулларни муомалага чиқаришга мажбур бўлади. Шундай экан, бу техник зарурият иқтисодиётимиз учун узоқ кутилган, аммо доим ортга суриб келинган йирик бир ислоҳотни, яъни сўм деноминациясини амалга ошириш учун ажойиб ва қулай имконият пайдо қилмоқда.
Деноминация — бу пул муомаласини тартибга солиш ва кундалик ҳисоб-китобларни соддалаштириш учун миллий валютанинг номинал қийматини (рақамларини) камайтириш жараёнидир. Оддий айтганда, пул ортиқча ноллардан тозаланади.
Масалан, агар деноминация 1:1000 нисбатида амалга оширилса, амалдаги 10 000 сўмлик банкнота янги тизимда 10 сўмга айланади. Энг муҳими, пулнинг миқдори қисқаргани билан унинг асл қиймати ва харид қобилияти ўзгармайди — эски пулда 10 000 сўмга нима сотиб олиш мумкин бўлса, янги пулдаги 10 сўмга ҳам айнан ўша маҳсулотни сотиб олиш мумкин бўлади.
Давлат бу қадамни одатда иқтисодиётда инфляция жиловланиб, вазият барқарорлашганидан сўнг, миллий валютанинг нуфузини ошириш ва миллион-миллиардлар ичидаги чалкаш молиявий амалиётларни енгиллаштириш мақсадида ташқи ва ички бозорга ижобий сигнал сифатида амалга оширади.
Йиллар давомида матбуот анжуманларида журналистлар ва блогерлар томонидан Марказий банк раҳбариятига ҳисоб-китобларни соддалаштириш ҳамда ортиқча ноллардан воз кечиш ҳақида кўплаб саволлар берилди. Бу саволларга эга расмийлар валюта барқарор эмаслиги, деноминация жуда катта маблағ талаб қиладиган харажат экани ва ҳали мавриди келмаганини айтиб, андозавий жавоблар билан чекланиб келади.
Масалан, шу йил 28 январ куни ўтган матбуот анжуманида регулятор раҳбари Тимур Ишметов деноминация ҳақидаги саволга шундай жавоб берган: “Янги купюралар чиқариш ёки сўм деноминацияси бўйича ҳеч қандай режа, ҳатто ғоя ҳам йўқ. Лекин, пул муомаласида аҳоли ва бизнесни қандай масалалар безовта қилаётганини сўровномалар асосида ўрганишни бошладик. Бу шунчаки аҳоли ва бизнесда биз билмаган муаммоларни [аниқлашга қаратилган]. Шундан келиб чиқиб, кейинчалик режалаштириш [ишларини] бошлаш учун [таҳлил қилинади]”.
Аммо эътибор беринг, бугунги макроиқтисодий реаллик ва алифбо ислоҳоти бирлашганда, ушбу шаблон аргументлар ўз кучини йўқотади. Ҳозир айни ўша тарихий вазият, имконият юзага келган пайт.
Деноминация учун нега ҳозир айни муддао?
Биринчидан, миллий валютамиз бўлган сўм охирги икки йилдан буён АҚШ долларига нисбатан 12 000 (минг) сўм атрофида деярли ўзгармасдан, барқарор келмоқда. Ҳатто халқаро таҳлилларда сўм мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ҳудудидаги энг барқарор валюталардан бири сифатида эътироф этилади. Бу эса деноминация ўтказишнинг энг бирламчи шартидир.
Иккинчидан, банкнотлардаги матнлар барибир ўзгариши аниқ экан, нега энди унинг номинал қийматидаги ортиқча нолларни ҳам қўшиб қисқартирмаслик кифоя? Энг мақбул ва тушунарли вариант бу пулларни 1000 га 1 форматида ўзгартириш бўлади. Бу жамият, истеъмолчилар учун ҳам бегона жараён эмас. Бугун бозорларда, дўконларда ёки кафе-ресторанларда одамлар 50 000 сўм ўрнига шунчаки 50, ёки 75 000 ўрнига 75 деб ёзиб қўйишаётганига тез-тез гувоҳ бўламиз. Яъни халқнинг тафаккури аллақочон ортиқча ноллардан воз кечиб, 100 000 сўмни шунчаки 100 деб қабул қилишга тайёр бўлиб улгурган.
Деноминация миллий валютанинг номинал алмашув курси бўйича бўлади. Сўм янги сўмга 1000 га 1 нисбатда алмаштирилади.
Учинчидан, нолларнинг қисқариши одамларда сўмнинг харид қувватига нисбатан психологик ишончни сезиларли даражада оширади. Кундалик ҳаётда, савдо-сотиқда ҳамда халқаро ҳамкорликда ҳисоб-китоблар тубдан соддалашади. Масалан, Эрон каби юқори инфляция туфайли пулларида ноллари ҳаддан ташқари кўпайиб кетган давлатларда бир доллар ўн минглаб маҳаллий валютага тенг бўлиб кетганда, бизнес мулоқотларида миллион ва миллиардлар ичида чалкашликлар, тушунмовчиликлар юзага келиши оддий ҳолга айланади. Ўзбекистонда ҳам ялпи ички маҳсулот ҳажми 150 миллиард доллардан ошаётган бир пайтда, уни миллий валютада ифодалаш квадриллионларни талаб қилади. Шу сабабли йирик рақамларимизни сўмда эмас, кўпинча долларда гапиришга мажбур бўламиз. (Масалан, 150 млрд доллар тахминан 1,9 квадриллион сўм дегани.) Ваҳоланки, қўшни давлатлар ўз иқтисодий кўрсаткичларини фахр билан ўз валюталарида эълон қила оладилар. Масалан, Қозоғистон ўзининг йиллик ЯИМ ҳажмини доллардан ташқари бемалол 100-120 триллион танга деб, Қирғизистон эса 1-1,2 триллион сўм деб ҳисоботларда кўрсата олади.
Келажакда минтақавий молиявий марказга айланишни мақсад қилган давлат учун миллий пул белгисининг бундай улкан инфляцион кўринишга эга бўлиши хорижий инвесторларда ҳам маълум маънода ишончсизлик уйғотиши мумкин.
Лекин деноминацияни муваффақиятли амалга ошириш учун 3 та шарт бажарилиши керак:
1. Муомала ортиқча пул чиқадиган барча каналлар ёпилиши керак.
2. Давлат бюджетини дефицитини қоплаш учун Марказий банкнинг кредитидан фойдаланилмаслиги керак.
3. Саноат маҳсулотларининг йиллик ўсиш суръати камида 20 фоиз бўлиши керак.
Икки ислоҳотни бирлаштиришнинг фойдалари
Агар ҳукумат ва Марказий банк алифбо ислоҳоти билан деноминация жараёнини параллел равишда, яъни битта умумий тадбир сифатида амалга оширса, давлат иқтисодиёти учун бир қатор жиддий ижобий жиҳатлар юзага елади. Жумладан, энг катта фойда бу харажатларни оптималлаштириш, яъни икки ишни бир йўла битириш имконияти бўлади.
Марказий банк бунга қадар журналистлар саволларига жавоб бераркан, тўғри фикрни айтиб келарди: шунчаки пуллардан нолларни ўчириш учун бутун бошли нақд пул массасини қайтадан босиб чиқариш давлат бюджетига жуда қимматга тушади. Бироқ ҳозир вазият бошқача. Алифбо ўзгариши сабабли қачондир барибир янги банкнотларни чоп этишга тўғри келади. Демак, агар деноминация шу ислоҳот билан бирга амалга оширилса, пуллар фақат бир марта босилади. Ҳарфларни ҳам тўғрилаб, нолларни ҳам олиб ташлаб, битта катта логистик харажат билан иккала вазифани ҳам ҳал қилиш мумкин бўлади.
Бунинг устига, бухгалтерия ва банк тизимларида ҳисобот юритиш тубдан енгиллашади. Бугунги кунда корхоналар ва молия муассасаларининг ҳужжатларидаги триллионлаб сўмлар ҳисоб-китобларда, электрон жадвалларда жуда кўп жойни эгаллайди. Учта нол олиб ташланса ва 12 000 сўм шунчаки 12 сўмга айлантирилса, калкуляторлар, банк дастурлари, дўконлардаги касса аппаратлари ва чекларда ҳисоб-китоб юкламаси енгиллашади.
Шунингдек, валютанинг халқаро нуфузи ортиши кутилади. Психологик нуқтайи назардан қараганда, 1 АҚШ долларининг 12 сўм бўлиб кўриниши, 12 000 сўм бўлиб туришидан кўра анча салмоқли ва барқарор таассурот уйғотади. Бу халқаро рейтинг агентликлари, хорижий ҳамкорлар ва оддий аҳоли учун инфляция жиловлангани ҳамда иқтисодиёт соғломлашганининг ўзига хос рамзий исботи бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, пулнинг амалдаги дизайнини мураккаблаштириш ёки тубдан ўзгартириш шарт эмас, мавжуд чиройли кўринишларни сақлаб қолган ҳолда, шунчаки янги имлода ёзиб, учта нолни ўчириб қўйиш кифоя қилади.
Валюта қийматининг номинал жиҳатдан пастлиги (масалан, 1 доллар бизда 12 000 сўм, Эрон, Индонезия ва Вйетнамда бундан ҳам паст) у ёки бу даражада жамият ва иқтисодиётда долларлашувни келтириб чиқариши мумкин. Бундай вазиятда йирик ҳисоб-китобларда жамиятнинг доллар билан муомала қилиш даражаси юқори бўлади.
Долларлашув — бу мамлакат ичида аҳоли ва бизнеснинг миллий валютага ишонмай, ўз жамғармаларини сақлаш, нарх белгилаш ва ўзаро ҳисоб-китоблар учун хорижий валютадан (кўпинча АҚШ долларидан) фойдаланишидир.
Маълумки, бу масала Марказий банк учун ўта аҳамиятли. Долларлашув шароитида Марказий банк монетар сиёсат дастагини йўқотади. Фоиз ставкаларини ўзгартиргани билан иқтисодиёт бунга деярли реакция билдирмайди, чунки асосий айланма долларда бўлади.
Шунингдек, миллий валюта қадрсизланганда, бозорда нархлар занжирсимон тарзда силлиқ ва тез кўтарилиб кетади.
Ноллар сони (номинал қиймат) долларлашувга таъсир қиладими?
Ҳа, психологик жиҳатдан таъсир қилиши мумкин. Айниқса, ривожланаётган, хусусан, МДҲ давлатлари мисолида кўрсак, курс юқори бўлмаса-да, инфляция белгилари пайдо бўлиши билан одамлар дарҳол долларга қочади. Ўзбекистондаги валюта бозорида эса бу ҳолатнинг таъсирчанлиги анчайин юқори.
Тўғри, иқтисодиётда долларлашувни кучайтирадиган бошқа сабаблар ҳам бор. Масалан, юқори ва сурункали инфляция, миллий валютадаги катта харидлар риски (автомобиль ва кўчмас мулк харидида), ўтмишдаги иқтисодий травмалар, ташқи савдога боғлиқлик ва импорт ҳажми ҳам бунга бевосита таъсир қилади.
Нолларни ўчириш долларлашувни камайтиришга психологик ёрдам беради, ҳисоб-китоблардаги мураккабликни камайтириб, миллий валютамиз жозибадорлигини оширади. Агар 12 000 сўм ўрнига курс 12 сўм бўлса, бу аҳоли орасида у ёки бу даражада "пулимиз қадрли ва кучли" деган ишончни уйғотади.
Агар деноминациядан кейин Марказий банк янги сўмнинг барқарорлигини таъминлай олса, унда миллий валютага нисбатан ишонч пайдо бўлади. Бу эса, долларлашув кўламини қисқармишига олиб келади.
Карталардаги пуллар, ойлик ва пенсиялар, омонатлар ҳамда кредитлар масаласи қандай ечилади?
Карталардаги пуллар ва омонатлар масаласи деноминация жараёнининг энг нозик, сиёсий ва иқтисодий нуқталаридан бири ҳисобланади. Бу вазиятда банклар аҳолига пуллари камаймаётгани, аксинча, уларнинг сотиб олиш қуввати тўлиқ сақланган ҳолда рақамлар математик жиҳатдан ихчамлашаётганини тўғри ва содда тушунтириши керак.
Жараён банк тизимининг ўзида мутлақо автоматик тарзда амалга оширилади. Масалан, белгиланган куни (одатда дам олиш куни ярим тунда) барча банкларнинг электрон базалари ва мобил иловалари техник ишлар учун қисқа муддатга тўхтатилади ва махсус дастур орқали ҳисоблардаги қолдиқлар 1000 га бўлинади.
Агар ватандошларнинг пластик картасида ёки банкдаги омонатида 5 000 000 сўм маблағи бўлса, у янги тизимда 5 000 сўм бўлиб кўринади. Бунда ҳеч қандай йўқотиш бўлмайди: илгари 5 миллион сўмга қандай маҳсулот сотиб олиш мумкин бўлса, янги тизимдаги 5 000 сўмга ҳам айнан ўша маҳсулотни сотиб олиш имконияти сақланиб қолади, чунки бозордаги нарх-наво ҳам худди шу нисбатда кичраяди.
Иқтисодий мувозанат бузилмаслиги учун фақат омонатлар эмас, балки аҳолининг банклардан олган кредитлари, қарздорликлари, ойлик маошлари ва нафақалари ҳам бир вақтнинг ўзида, айни шу нисбатда автомат равишда ўзгартирилади. Омонатлар бўйича шартномада белгиланган йиллик фоиз ставкалари (масалан, 22 фоиз) ўзгаришсиз қолади ва фоизлар янги пул ўлчовида ҳисобланиши давом этади. Банкларнинг асосий вазифаси аҳолига пуллари куймаганини, балки шунчаки техника ва ҳисоб-китоб қулайлиги учун уларнинг шакли ихчамлашиб, мазмуни ўз жойида қолганини тинмай уқтиришдан иборат бўлади.
Кутилаётган хавфлар ва салбий томонлар
Ҳар қандай йирик молиявий ислоҳот каби, деноминациянинг ҳам ўзига хос эҳтимолий рисклари бор ва Марказий банкнинг шу вақтгача эҳтиёткорлик қилгани ҳам бежиз эмас. Буни тўғри баҳолаш керак.
Биринчи хавф — бу нархларнинг яхлитланиши оқибатида юзага келадиган сунъий қимматлашишдир. Масалан, ҳозир 4 500 сўм турадиган маҳсулот учта нол ўчирилганидан кейин математик жиҳатдан 4.5 сўм бўлиши керак. Бироқ чакана савдода сотувчилар ва тадбиркорлар майда пуллар билан муаммо бўлмаслиги учун уни 5 сўм қилиб юқорига қараб яхлитлашга мойиллик билдирадилар. Бу эса бозорларда яширин инфляцияни келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчи хавф — аҳоли ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган асоссиз ваҳима ва тушунмовчиликлар билан боғлиқ. Алифбо алмашиши ва пуллардан нолларнинг йўқолиши, айниқса ёши катта инсонларда пуллар қадрсизланяпти ёки эски жамғармаларимиз куйиб кетади, деган хавотирларни уйғотиши ҳеч гап эмас. Бундай стресс ҳолатида одамлар орасида нақд сўм пулларини чет эл валютасига ёки кўчмас мулкка алмаштириш керак деган фикрлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Оқибатда бир муддат долларга бўлган талаб кескин ортиши мумкин.
Учинчидан, бу фақатгина пул босиш харажати билан чекланмайдиган техник юкламадир. Мамлакатдаги барча банкоматлар, терминаллар, тўлов тизимлари, касса аппаратлари ҳамда корхоналарнинг 1C каби бухгалтерия дастурларини бир вақтнинг ўзида янги ўлчов тизимига ўтказиш катта логистик ва молиявий тайёргарликни талаб этади.
Ислоҳот муваффақияти учун нималарга эътибор бериш шарт?
Бугунги қулай имкониятдан талафотларсиз ва юқори самара билан фойдаланиш учун давлат иқтисодий идоралари бир қатор қатъий қоидаларга амал қилишлари керак.
Энг асосийси, бозорда узоқ муддатли параллел муомала даври жорий этилиши керак. Эски кўп нолли банкнотлар ва янги деноминация қилинган пуллар бозорда камида 1 йил давомида тенг ҳуқуқли равишда ёнма-ён юриши шарт. Одамлар эски пулларини дарҳол алмаштириш учун банкма-банк югуришга мажбур бўлмасликлари лозим. Улар дўконда эски пулда тўлов қилиб, қайтимини янги пулда олиш имконига эга бўлишса, жамиятдаги ваҳима даражаси нолга тушади.
Шу билан бирга, иккилик нархлар тизимини жорий этиш мажбурий бўлиши лозим. Камида 6 ойдан 12 ойгача бўлган даврда барча пештахталарда нархлар ҳар иккала форматда ёзилиши шарт, яъни масалан, нон 3 000 сўм ёки 3 сўм деб кўрсатилади. Бу халқнинг кўзи ва тафаккури янги шкалага аста-секин кўникиши ҳамда сотувчилар томонидан нархларни ноқонуний равишда юқорига яхлитлаш ҳолатларининг олдини олиш учун энг ишончли тўсиқдир.
Албатта, оммавий ахборот воситалари, телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилиши шарт. Одамларга содда тилда деноминация бу пулнинг қадрсизланиши ёки девалвация эмас, балки шунчаки ҳаётни енгиллаштирадиган техник қулайлик экани мунтазам уқтириб борилиши лозим. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар банк тизимлари томонидан автоматик равишда тўғри қайта ҳисобланиши фуқароларда давлатга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, ноллар ўчирилгач, муомалага мажбуран майда тангалар ёки кичик номиналдаги пуллар қайтади. Ўзбекистон шароитида аҳоли танга пулларни унчалик хуш кўрмаслигини инобатга олиб, янги чиқариладиган майда пулларнинг сифати, шакли ва муомаладаги қулайлигини пухта ўйлаш талаб этилади. Янги пулларда энг замонавий ҳимоя элементларини қўллаш ҳам қалбаки пуллар кўпайишининг олдини олади.
Хулоса
Хулоса қилиб айтганда, алифбо ислоҳоти ҳақиқатан ҳам нақд пулларни янгилаш харажатларини қисман оптималлаштириш имконини берувчи жуда қулай тарихий вазиятни яратмоқда. Бироқ Марказий банк бу жиддий қадамни ташлаши учун фақатгина курснинг барқарорлиги ва алифбо омилининг ўзи етарли эмас. Энг асосийси барибир мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорлик, пухта техник тайёргарлик ҳамда энг муҳими инфляция даражасининг узоқ муддат давомида барқарор ва паст, яъни камида 5 фоиз атрофида сақланиб туришидир. Шундагина деноминация муваффақиятли якунланиб, иқтисодиётимизга фақат ва фақат фойда келтириши мумкин.
Нима бўлганда ҳам, деноминация синовдан ўтмаган, буткул янги амалиёт эмас: бугунга қадар МДҲ давлатларининг деярли барчаси, Яқин Шарқда Эрон ва яқиндагина Туркия ҳам ушбу тажрибадан ўтди. Марказий банк бу амалиёт учун уларнинг тажрибаси, босиб ўтган йўлини бемалол ўрганиш мумкин.
Teglar






