add

Танқидларга учраган Назарбеков, аёл ўлимига сабаб бўлган нотўғри «укол», чегарамиздаги «Байрактар» дронлари — ҳафта дайжести

Bugun 17:536 daqiqa

Ўтаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда ва хорижда рўй берган энг муҳим, жамоатчиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz яна бир бор ёдга солади.

Якунланиб бораётган ҳафта Россиялик пропагандачи Владимир Соловёвнинг Марказий Осиёда ҳам «махсус ҳарбий операция» ўтказилиши мумкинлиги ҳақидаги шов-шувли чиқиши муҳокамаси билан бошланди. Бу фикрдан норози бўлган жамоат фаоллари ўзларининг кескин муносабатлари ва норозиликларини билдиришди.

Шу каби ҳафта давомида Ўзбекистонда ва яқин хорижда рўй берган энг аҳамиятли ва муҳокамаларга сабаб бўлган воқеа-ҳодисаларни эсга оламиз.

Соловёвнинг асоссиз даъволари

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Владимир Соловёвнинг Марказий Осиёда ва Арманистонда «махсус ҳарбий операция» ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги гаплари Россиянинг расмий сиёсатига алоқадор эмаслигини билдирди. Унинг айтишича, бу фикрлар Соловёвнинг шахсий «Соловёв Лайф» каналида айтилган ва давлат позицияси сифатида талқин қилиниши нотўғри.

Захарова мазкур гаплар контекстдан узиб олингани ва айримлар томонидан провокацион тарзда тарқатилаётганини таъкидлади. У Россиянинг постсовет давлатларига нисбатан тажовузкор ниятлари борлиги ҳақидаги даъволарни асоссиз деб атади.

Ҳолбуки, Россия азалдан Молова ва Гуржистонга, шунингдек Украинага тажовуз қилиб келган. Россия пропагандачилари эса бир неча бор Қозоғистон ва Озарбойжонга нисбатан таҳдидли чиқишлар қилишган.

Захарова, Россиянинг расмий позицияси фақат ваколатли шахслар томонидан билдирилишини эслатиб, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларда Россия кўп бор дўстлик ва ҳамкорликка содиқ эканини амалий ишлар билан кўрсатганини қайд этди. Провокация ва ёлғон ахборотларга берилмасликка чақирди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Президенти аввалроқ хориждаги фуқаролар ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан фикр билдириб, аксар ҳолларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолаётганини таъкидлаган эди.

Назарбековни жавобгарликка тортилиши мумкин

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг тўйда олинган бир неча дақиқалик видео катта баҳсларга сабаб бўлди. Озодбек Назарбековнинг даврада қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни олаётгани жамоатчиликда турли саволларни ўртага чиқарди ва масала расмий идоралар эътиборигача етиб борди.

Маданият вазирлиги мазкур ҳолатни «асрлар давомида шаклланган миллий урф-одат» сифатида изоҳлади, бироқ бу таъриф ҳам жамоатчиликда кескин танқидларга сабаб бўлди.

Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумот тақдим этиб, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқ қоидаларига кўра, давлат хизматчилари педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслигини эслатди. Шунингдек, давлат хизматчилари ўз хатти-ҳаракатлари билан давлат хизмати обрўсига путур етказмаслиги шартлиги қайд этилди.

Агентлик мазкур ҳолат бўйича Вазирлар Маҳкамасига Озодбек Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан сўров юборганини маълум қилди. Шу билан бирга, бундай ҳолатлар келгусида мунтазам мониторинг қилиб борилиши таъкидланди.

Ўзбекистон чегараларини Байрактар дронлари ҳимоя қилади

Ватан ҳимоячилари куни арафасида чиқиш қилган Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон армияси халқ ҳимоясига доимо тайёр туриши керак» деди.

Шу боис Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси ўзгартириладиган бўлди.

Оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маошлари ҳам ошириладиган бўлди.

Олий Бош Қўмондон Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Ўзбекистонда туркияда ишлаб чиқарилган «Байрактар» дронлари билан бутланган янги махсус бўлинманинг жанговар навбатчилиги йўлга қўйилгани маълум қилинди.

ДХХ раиси Баҳодир Қурбоновнинг сўзларига кўра, Чегара қўшинлари 98 фоизга автозирҳли техника, 88 фоизга сузиш воситалари, 100 фоизга қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, 78 фоизга электрон-оптик воситалар билан, Бўлинмалар замонавий учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминланган.

Ўзбекистон нафақат Туркиянинг «Байрактар» дронларидан фойдаланмоқда, балки маҳаллий «Лочин» бренди остидаги дронларни ҳам ишлаб чиқармоқда ва яқин келажакда Туркиядан «АNKА» дронларини сотиб олиши кутилмоқда.

Нотўғри укол аёл ҳаётига зомин бўлди

Ҳафта давомида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолатлардан яна бири Самарқанд вилоятида тиббий муолажа билан боғлиқ фожиали воқеа бўлди. Мазкур хабар жамоатчиликда турли саволларни ўртага чиқарди ва расмий идоралар муносабатини талаб қилди.

Тармоқларда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида шифокорлар томонидан беморга нотўғри укол қилингани ва ушбу ҳолат бемор ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хабарларда 1992 йилда туғилган аёл соғлиғидаги муаммо сабаб тиббиёт муассасасига мурожаат қилгани, бироқ даволаниш жараёнида қилинган муолажа, хусусан, укол бемор аҳволини оғирлаштиргани ва оқибатда унинг ҳаётига зомин бўлгани айтилади.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, ҳолат бўйича прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳуманинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Қайд этилишича, текширув ишлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, унинг натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Рамзан Қодировнинг саломатлиги қандай?

Бу ҳафта Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳақидаги гап-сўзлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Украина разведкаси аввалроқ Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров буйрак етишмовчилигидан қийналаётгани, унинг саноқли кунлари қолгани ва шу ортидан мамлакатга янги раҳбар тайинланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Рамзан Қодиров ҳафта ичида Украина разведкаси тарқатган миш-мишларни уч марта рад этиб чиқди.

У Грозний шаҳрида автомобил бошқарган ҳолда видеотасвирга тушиб, Украина махсус хизматлари тарқатган миш-мишларга жавобан хизмат ёмон ишлаётганини ва ўзининг шифохонада эмаслигини айтган.

«Украина махсус хизматлари менда хусусий клиника борлигини аниқлабди. Мен у ерда буйрак етишмовчилигидан даволанаётган эмишман. Аслида, биз шаҳар бўйлаб сайр қилмоқдамиз», деган Қодиров.

Иккинчи бир видеода Рамзан Қодиров мажлис ўтказаётгани тасвирланган. Учинчи видеода эса унинг ўзи чечен тилида чиқиш қилиб, ҳамма аъзоси, жумладан буйраги ҳам соппа соғ эканини айтиб, Аллоҳнинг номи билан қасам ичган.

Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодировда бир қатор оғир касалликлар, жумладан даволаб бўлмас ошқозон ости бези некрози ҳамда буйраги билан боғлиқ бошқа жиддий муаммолар таъқиб қилаётгани айтилмоқда. Қодиров эса бу хабарларни мунтазам равишда рад қилиб келади.

Тайландда ўзбекистонликлар бўлган кема чўкиб кетди

Тайланднинг Пҳукет оролида ўзбекистонлик сайёҳлар иштирокида йирик денгиз ҳалокати юз берди. 11 январ куни тезюрар сайр катери балиқчи траулери билан тўқнашиб, жиддий шикастланган ва ағдарилиб, чўкиб кетган. Фожиа оқибатида 18 ёшли Россия фуқароси бўлган қиз вафот этди.

Қайиқда жами 55 киши – 52 нафар сайёҳ ва 3 нафар экипаж аъзоси бўлган. Сайёҳлардан 33 нафари Россия, 8 нафари Қозоғистон, 3 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Қирғизистон фуқаролари бўлган. 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибига кўра, Ҳодиса оқибатида икки ўзбекистонлик енгил тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган ва тўлиқ соғайиб, шифохонадан чиқарилди. Барча тиббий ва зарур харажатлар катер эгаси бўлган компания суғуртаси ҳисобидан қопланди.

Ўзбекларга АҚШ визаси олиш қийинлашадими?

Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШ визалари одатдаги тартибда кўриб чиқилмоқда ва ҳеч қандай чеклов жорий этилмаган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов маълум қилди.

Аввалроқ, The Guardian анашри АҚШ 75 давлат фуқаролари учун визаларни кўриб чиқишни тўхтатгани, улар қаторида Ўзбекистон ҳам борлиги ҳақида хабар берганди. Рўйхатда Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Эрон, Озорбайжон, Покистон, Миср, Бразилия, Нигерия каби давлатлар тилга олинган.

«Айни дамда Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШ визалари одатдаги тартибда кўриб чиқилмоқда ва ҳеч қандай чеклов жорий этилмаган», — деди хабар юзасидан ТИВ расмийси.

Авария қурбонлари

2025 йилда ЙТҲларда 2188 нафар инсон ҳалок бўлган.2024 йилга солиштирганда авариялар сонида ҳам, ўлим билан тугаган ҳолатларда ҳам пасайиш бор. 2024 йилда 9364 та авария содир этилиб, уларда 2203 киши вафот этган ҳамда 7495 нафар шахс тан жароҳати олган.

Сўнгги 5 йилда авариялар сонида ҳам, унда ҳалок бўлаётган инсонлар сонида ҳам пасайиш кузатилиб келмоқда.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 17

Barchasi

Mavzuga oid